Истеъмолчиларни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш сифатини ошириш мақсадида олиб борилаётган модернизация ва реконструкция ишлари: 10 август куни амалга оширилган ишлар — айрим ҳудудлар мисолида.
Фарғона вилояти:

Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида электр тармоқларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда.

Фарғона тумани “Дамкўл” қишлоғи ҳудудига белгиланган дастур асосида электр тармоқларини янгилаш, мавжуд ўта зўриқиш билан ишлаб келаётган трансформатор пунктига қўшимча янги трансформатор ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, шу кунгача ҳудудга мутахассислар томонидан 50 дан ортиқ темир-бетон таянчи ўрнатилди.

Шу билан биргаликда, ҳудудга 2,3 км узунликдаги 0,4-10 кВли электр узатиш тармоқларини тортиш ҳамда турли қувватдаги 2 дона янги трансформатор пункти ўрнатилди.
Жиззах вилояти:

Янгиобод туманида дастур доирасида Сармич МФЙ ҳудудида 11,8 км электр узатиш тармоқлари ҳамда 2 дона 100 кВА трансформатор пунктини ўрнатиш ишлари режалаштирилган.

Бугунги кунда 0,4 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари учун темир-бетон таянчлари ҳамда 1 дона 100 кВА трансформатор пункти ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Навоий вилояти:

“Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари давом этмоқда. Хусусан, бугун “Ҳаёт” маҳалласида жойлашган юқори босимли газ тақсимлаш қурилмасида реконструкция ишлари олиб борилди.

Ушбу қурилмадаги эски регулятор (ростлагич) янгисига алмаштирилди. Мазкур газ тақсимлаш қурилмаси орқали “Янги ҳаёт”, “Янги ариқ”, “Гулистон”, “Истиқлол” маҳаллаларидаги 6 минг нафардан ортиқ истеъмолчилар табиий газ билан таъминланади.

Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад иситиш мавсумини беталафот ўтказиш, истеъмолчиларга табиий газни бир маромда етиб боришини таъминлашдир.
Тошкент шаҳри:

Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 6 ойи давомида 10 мингдан зиёд тежамкор газ ускуналари ўрнатилди. Ҳозирда истеъмолчилар орасида тарғибот ишлари олиб борилиши натижасида эскирган газ ускуналарини замонавий энергия тежамкор газ ёқгичларига алмаштиришга бўлган иштиёқ янада ортиб бормоқда.
