Истеъмолчиларни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш сифатини ошириш мақсадида олиб борилаётган модернизация ва реконструкция ишлари: 24 август куни амалга оширилган ишлар — айрим ҳудудлар мисолида.
Андижон вилояти:
Асака туманининг адирлик қисмида жойлашган “Улуғбек” МФЙ ҳудудидаги Наврўз даҳасида аҳоли хонадонларини электр таъминотини яхшилаш мақсадида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастури асосида 135 дона темир бетон таянчлар ҳамда 3 дона трансформатор пунктлари ўрнатилди, 4,6 км узунликда СИП кабеллари тортилди, 5 дона трансформатор пунктларида тўла таъмирлаш ишлари бажарилди.
Жиззах вилояти:
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Арнасой тумани, Бахтли МФЙ, Наврўз кўчасида 2021 йил Давлат дастури бўйича 0,4 кВли электр узатиш тармоқлари тортиш ишлари давом этмоқда.
Янгиобод туман электр таъминоти корхонаси томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Наманган вилояти:
Наманган шаҳар, “Баркамол авлод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Баркамол авлод” кичик саноат зонасидаги ишлаб чиқариш корхоналарини ташқи электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида, Наманган шаҳар ҳудудида жойлашган 110/35/6 кВли “Жанубий” нимстанциясидан алоҳида “Ячейка” ўрнатиб янги 6 кВли тармоқ қуриш ишлари давом этмоқда.
Косонсой туманининг “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида 5 850 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ушбу ҳудудда 299 та суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд. Шу бугуннинг ўзида ушбу маҳалла аҳли 2, 36 тонна суюлтирилган газ билан таъминланди.
Туман марказидан 9-10 км узоқликда жойлашган “Баҳористон” МФЙда эса 650 дан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд. Улардаги маиший газ баллонлар сони эса 500 дан зиёдни ташкил этади. Август ойининг 9-16 кунларида ушбу ҳудудга 17 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказилди.
Фарғона вилояти:
Фарғона шаҳридаги “Механика” нимстанцияси 36 йилдан буён хизмат қилиб келаётган, йиллар давомида истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган талаби ортиши ҳисобига ўта юклама билан ишлаб келаётган қуввати 10 000 кВА бўлган куч трансформатори қуввати 16 000 кВА бўлган куч трансформаторига алмаштирилди.
Натижада, мазкур нимстанциядан таъминланадиган вилоятдаги йирик корхоналар, 150 дан зиёд ўрта ва кичик тадбиркорлик субъекти ҳамда 10 000 дан зиёд аҳоли истеъмолчиларининг электр таъминоти яхшиланди ҳамда қўшимча 4 000 кВА қуввати захираси яратилди.
Бувайда тумани “Хонобод” МФЙ, Хонобод қишлоғида 50 дан ортиқ темир-бетон таянчлари ўрнатилиб, 1 дона янги трансформатор пункти ўрнатилди. Ҳудудга 1,9 км узунликдаги 0,4-10 кВли электр узатиш тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Айни вақтда Марғилон шаҳрида жойлашган “Жойбозор” подстанцияси қуввати оширилмоқда. Подстанциядаги мавжуд қуввати 6300 кВА бўлган куч трансформатори қуввати 10 000 кВА бўлган куч трансформаторига алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти:
Тошкент вилоятининг барча туман, шаҳар электр таъминоти корхоналари томонидан “Обод қишлоқ” дастури ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари ҳамда бу ишлар билан боғлиқ барча зарурий эксплуатация ишлари давом эттирилмоқда.
Тошкент шаҳар:
Учтепа туманида “Обод маҳалла” дастури асосида ҳудуддаги қуввати 10 кВ бўлган юқори кучланишли 2608-сонли трансформатор подстанциясида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, уни беталофат ўтказиш, шунингдек, табиий газ истеъмолчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, “Янгиҳаёттумангаз” газ таъминоти чилангарлари томонидан маҳаллалардаги газ тақсимлаш пунктлари таъмирланиб, бўёқланмоқда.
2021 йилнинг 23 август ҳолатига Тошкент шаҳрида 126 473 дона “ақлли” электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди.