Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Сирдарё иссиқлик электр станциясида энергоблокларни босқичма-босқич модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишига мувофиқ Россиянинг “Силовые машины” компанияси томонидан жорий йилда Сирдарё иссиқлик электр станциясининг тўққизинчи ва ўнинчи энергоблокларида модернизация ишлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 31 август куни модернизация жараёнининг учинчи босқичи доирасида станциянинг 10-сонли энергоблокида капитал таъмирлаш ишлари якунига етказилиб энергоблок ягона энерго тизимга уланди.
- “Сирдарё ИЭС” АЖ жамоаси россиялик ҳамкорларимиз билан биргаликда ўз олдига қўйилган муҳим вазифани якунига етказди, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги нишонланаётган ушбу мунаввар кунларда 10-сонли энергоблок муваффақиятли модернизациядан чиқарилиб, 6 ойлик танаффусдан кейин янги қувватлар электр энергия ишлаб чиқаришни бошлади, - дея таъкидлади “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси Фарҳод Абдураҳмонов.
Модернизацияни амалга ошириш ҳисобига энергоблокнинг иш самарадорлиги ошади, қуввати 325 МВт.га етказилиб, 1 кВт/с учун шартли ёқилғи сарфи 40 граммга қисқаради.
Модернизация ишлари якуни бўйича йилига 180 млн. куб метр табиий газ тежашга эришилади.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизмати.