Ўзбекистон Республикаси делегацияси 31 августдан 2 сентябрга қадар Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган “Татаристон нефть-кимё форуми – 2021” да иштирок этмоқда.
Делегация таркибида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этмоқда.
Татаристон нефть-кимё форуми Россия нефть ва газ саноатининг энг йирик халқаро тадбирларидан бири ҳисобланиб, унда Ўзбекистон делегациясининг иштироки Ўзбекистон Республикаси ва Татаристон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Форум бир қатор йўналишларини ўз ичига олади, улар орасида энг муҳимларидан бири иқтисодиётнинг декарбонлашуви энергетика тизимларининг ривожланиш истиқболи сифатида водород энергияси ҳисобланади.
Ушбу долзарб мавзу муҳокамаси форум доирасида ташкил этилган Халқаро илмий-амалий конференцияда бўлиб ўтмоқда. Унинг иштирокчилари водород энергетикасини ривожлантириш бўйича халқаро ва миллий тажрибасини муҳокама қиладилар, шу жумладан Ўзбекистон бу борадаги ютуқлари ва режаларини тақдим этмоқда.
Мавзу доирасида экспертлар Европа Иттифоқининг декарбонизация ҳақидаги қарорини ҳам муҳокама қилишди.
Форум иштирокчилари шунингдек, “Барқарор энергия нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё корхоналарини ривожлантириш драйвери сифатида” мавзусида давра суҳбати ўтказишга катта қизиқиш билдиришди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати