Бу йил ҳам иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашига комплекс тайёрлашни таъминлаш масаласи бу ишларга мутасадди идора ва ташкилотлардан катта масъулият талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4407-сонли қарори мазмуни ҳам айнан мана шу масъулиятни ҳис этиш, белгиланган топшириқларни муддатларида ижро этиш билан боғлиқдир.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш учун “Ўзэнергоинспекция”нинг ҳудудий бўлимлари томонидан болалар боғчалари, мактаблар, шифохоналар – барча ижтимоий соҳа объектларида 2019/2020 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида кўмир захирасининг мавжудлиги ва уларни сақлаш холати бўйича ўрганиш ўтказилиб келинмоқда.
Етказиб берилган кўмир ёқилғисининг сифати, уларни сақланиши ва қозонхоналарни куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ўрганилганда, масалан, Тошкент вилояти Бўка туманидаги 8,10,15-сонли мактабларда кўмир ёқилғисини сақлаш учун махсус жойлар ажратилмаганлиги, сақланаётган жойларнинг усти очиқ ҳолати, ёнғинга қарши инвентарлар, уни ўчириш воситалари, ёнғинга қарши таъқиқловчи плакат ва кўрсаткичли белгилар мавжуд эмаслиги, қозонхоналар таъмирталаб аҳволда эканлиги маълум бўлди.
Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 33-сонли умумий ўрта таълим мактабида 78 тонна кўмир ва 56 тонна брикет ёқилғилари мактаб ҳовлисида устки қисми очиқ холда сочилиб ётгани, кўмирхона томи металл конструкция билан ёпилмагани, икки ён ва орқа томони девор билан ўралмагани, эшиклари синган ҳолатлари маълум бўлди. Тумандаги 20-сонли умумий ўрта таълим мактаби қиш мавсумида иситиш учун ажратилган 64 тонна кўмир ёқилғиларни тўлиқ қабул қилиб олганлигига қарамай, мактабда махсус қурилган кўмирхона мавжуд эмаслиги сабабли ташқарида усти сувалган холда сақланмоқда, брикет ёқилғисини сақлаш шароитлари ҳам талабга мутлақо жавоб бермайди.
Худди шундай ҳолатни Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 66-сонли мактабда ҳам кўриш мумкин. Қабул қилиб олинган 22 тонна кўмирни сақлаш учун ажратилган жойнинг устки қисми очиқ холда – томи йўқ, кўмирнинг усти сувалмаган, кўмир ёқилғисининг миқдорини билдирувчи махсус белгилар мавжуд эмас. Тумандаги 33, 39, 70 – сонли мактаблар кўмир ёқилғилари билан режалаштирилган миқдорда тўлиқ таъминланганликлари, кўмир сақланадиган жойларнинг ҳолатлари қониқарли бўлишига қарамай, иситиш тизими талабларга мутлақо жавоб бермаслиги, иссиқлик тарқатиш қувурлари ҳимояси, иссиқликни меъёрда ушлаш учун ҳимоя қобиғи холатлари таъмирталаб эканлиги маълум бўлди. Бундан ташқари бирорта объектда иситиш печининг паспорти ва сертификати тақдим этилмади.
Яна шундай ўрганишлар давомида маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги 14-сонли мактабгача таълим муассасаси, 2, 15, 21-мактабларда қишки мавсумни ўтказиш учун кўмир ёқилғилари шу кунгача олинмаган, табиий газ, кўмир ва бошқа қаттиқ ёқилғи билан ишлатишга мослаштирилган иситиш тизимлари мутлақо ишламайди, иситиш учун “қўлбола” (“буржуйка”) печларидан фойдаланилади. Вилоятнинг Қарши туманидаги 39-сонли умумтаълим мактаби, Китоб туманидаги 1-сонли, Нишон туманидаги 5-сонли мактабларда кўмирхоналар мавжуд эмас, борлари эса авария ҳолатида.
Ижтимоий соҳа объектларида 2019/2020 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида кўмир захирасининг мавжудлиги ва уларни сақлаш холати бўйича “Ўзэнергоинспекция”нинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган ўрганишлардаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўрсатмалар берилди ва уларнинг бажарилиши назоратга олинди.
Куз фаслининг сўнгги ойларидаги илиқ ҳаволи кунларидан унумли фойдаланиб камчиликларни тез кунларда бартараф этилиши – бу йилги қиш мавсумини беталофат ўтказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
“Ўзэнергоинспекция” матбут хизмати