Кунлар совуб истеъмолчиларнинг энергия ресурсларига бўлган талаби кескин ошмоқда. Бугунги кунда бир-бири билан боғлиқ бўлган бир неча омиллар сабаб электр энергияси таъминотида қувват танқислиги кузатилмоқда. Мисол учун, куз-қиш мавсумида иситиш учун электр энергиясига бўлган талаб 3 баробар ҳамда табиий газга бўлган талаб эса 4 баробарга ошиши кузатилмоқда.
Таъкидлаш керакки, ҳақиқатдан ҳам сўнгги йилларда энергетика соҳасида кенг кўламли йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, охирги беш йил ичида узунлиги 40 минг 600 км бўлган электр узатиш тармоқлари ва 12 минг 900 та трансформаторлар янгиланмоқда. 4 минг 600 МВтдан зиёд янги қувватлар ишга туширилмоқда.
Жорий йил куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга ўтган мавсумга нисбатан 12 ярим фоизга кўп электр энергияси етказиб берилади.
Куз-қиш мавсумида электр тармоқларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида республика ҳудудларида туну-кун ишлайдиган 504 та аварияга қарши бригадалар ташкил этилди.
Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш сифатини яхшилаш мақсадида ҳудудлар бўйлаб туну-кун ишлайдиган 244 та аварияга қарши бригадалар ташкил этилди.
2021 йил октябрь-декабрь ва 2022 йил январь-март ойларида республика истеъмолчиларига ўтган мавсумга нисбатан 6 фоизга кўп табиий газ етказиб берилади.
Бироқ, амалга оширилиётган ушбу йирик ишларга қарамай, бир-бири билан боғлиқ бўлган бир нечта омиллар сабаб электр энергияси таъминотида қувват танқислиги кузатилмоқда. Хусусан:
Биринчи омил: Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4-5 ноябрь кунлари юртимизнинг айрим ҳудудларида кучли шамол ва чанг-қумли бўрон кузатилди. Бунинг натижасида, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи 2 та йирик – Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларининг энергоқурилмаларини қалин қопламали чанг босиб қолди.
Бу эса, бевосита ишлаб чиқариш ҳажмини кескин камайишига олиб келди. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида, хавфсизлик қоидаларига мувофиқ станциялардаги энергоқурилмаларни тармоқдан ажратган ҳолда чанглардан тозалаш ишлари олиб борилди.
Мазкур олиб борилган тозалаш ишлари давомида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми камайди ва бунинг натижасида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қувват танқислиги ҳолатлари кузатилди.
Иккинчи омил: Республикамизда сув ресурслари ўртача кўп йиллик кўрсаткичларга нисбатан паст. Яъни жорий йил сув ҳажми камайгани сабабли гидроэлектр станцияларда йил якунига қадар 5 млрд кВт.соат ёки режага нисбатан 1 млрд 500 млн кВт.соатга кам электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу эса, қарйб 23 фоизга камни ташкил этади.
Мазкур 1 млрд 500 млн кВт.соат электр энергия билан республика аҳоли истеъмолчиларини бир ой мобайнида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мумкин.
Шунга қарамасдан, мамлакатимизда мавжуд барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда электр станциялар орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Учинчи омил: Ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмлари қанча кўп оширилмасин, агар ушбу ресурслардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланилмаса, кўрилаётган чоралар ўз самарсини бермаслиги мумкин. Бунинг натижасида тармоқда узилиш ҳолатлари юзага келиши ва истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкин.
Тўрттинчи омил: Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, тизимда олиб борилаётган ижобий ишларга қарамай, ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Бу эса, тизимга катта миқдорда салбий таъсирини кўрсатади.
Масалан, жорий йилнинг 9 ойи ичида ўтказилган ўрганишлар натижасида электр энергиясидан фойдаланиш бўйича 706 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган, шунингдек, газ тармоғига 2 535 та ҳолатда ноқонуний уланишлар аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати