МТО технологияси асосида газ-кимё мажмуасини қуриш лойиҳаси 2 300 дан ортиқ янги иш ўрни ва 2 миллиард доллар солиқ тушумларини яратишни назарда тутади. Шунингдек, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида газ-кимё мажмуаси учун эркин иқтисодий зона ташкил этилиши маълум қилинди.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “ Humo Arena”да бўлиб ўтган “МТО газ-кимё мажмуаси: Янги Ўзбекистон технологиялари” бизнес-форумида бир қатор давлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султанов ва SEG бош директори ўринбосари, МТО Газ-кимё мажмуаси лойиҳа директори Масрур Шокиров иштирокчиларни – давлат органлари, нефть-газ компаниялари, етказиб берувчилар ва потенциал ҳамкорлар вакилларини қутлади. Уларга Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти, Қоракўл туманида жойлашган МТО технологияси (“метанолдан олефингача”) асосида газ-кимё мажмуаси қурилиши ва фойдаланишга топширилиши ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Форумда мажмуанинг бош дизайнери Wood (Италия) вакили ҳам сўзга чиқди.
Умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган мазкур лойиҳа 2023 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши ва Ўзбекистон саноатини мамлакат учун стратегик муҳим хом ашё ҳисобланган олефинли углеводородлар билан таъминлаши кутилмоқда. Газ-кимё мажмуаси МДҲ ҳудудида ўхшаши бўлмаган метанолни олефинга айлантириш бўйича лицензияланган технологик жараён асосида маҳаллий хом ашёни қайта ишлашга мўлжалланган. Қурилиш тугаллангандан сўнг мажмуа Ўзбекистонда импорт ўрнини босишни сезиларли даражада тезлаштиради, иқтисодиётни диверсификация қилишни таъминлайди. Шунингдек, республикада турдош тармоқларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида Қоракўл туманида бир қатор солиқ, молиявий ва саноат имтиёзлари билан маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларни жалб этган ҳолда Эркин иқтисодий зона (ЭИЗ) ташкил этилди. ЭИЗ ҳудудида инглиз ҳуқуқий режими ўрнатилади, шунингдек, чет эл валютасида бизнес юритишга рухсат берилади. Барча корхоналарни табиий ресурслар, жумладан, қисман қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш кафолатланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги завод, шунингдек, ЭИЗдаги турдош тармоқлар 2 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратиб, келгуси 20 йилда 2 миллиард доллардан ортиқ қўшимча солиқ тушумларини олиб келади.
SEG бош директори ўринбосари, МТО газ-кимё мажмуаси лойиҳа директори Масрур Шокиров шундай деди:
– МТО технологияси асосидаги газ-кимё мажмуаси лойиҳаси янги Ўзбекистоннинг ёрқин намунасидир. Углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, замонавий талабларга жавоб берадиган ноёб газ-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиётини стратегик аҳамиятга эга хом ашё билан таъминлаш имконияти бўлиб, бу нафақат мамлакатимизда янги тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш учун асос бўлади, балки иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлайди ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширади. Лойиҳа ноёб ва бугунги кунда МДҲ мамлакатларида ўхшаши йўқ”.
Андреа Феррера, Wood (Италия) компаниясининг техник директори:
“МТО ташаббуси маҳаллий ресурслардан фойдаланиш орқали мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий эҳтиёжлари қондириладиган “ўз мақсадига жавоб берадиган” лойиҳанинг ажойиб намунасидир. Wood компанияси ташкил этилганидан бери ушбу ташаббуснинг бир қисми бўлганидан фахрланишини таъкидлаб, у мамлакатни ривожлантиришга ёрдам беради ва мижозларни самарали ва экологик тоза муҳандислик ечимлари орқали замонавий экологик тоза технологиялардан фойдаланган ҳолда лойиҳани амалга оширишда қўллаб-қувватлайди”.
Форумнинг вазифаларидан бири потенциал харидорларни мажмуа маҳсулотлари билан яқиндан таништириш эди. Форумда бир қатор компаниялар – маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва халқаро ҳамкорлар билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланди:
1. “КТМ” SA (Туркия) – полимерлар ва нефть-кимё маҳсулотлари логистика ва савдосида катта тажрибага эга минтақадаги энг йирик савдо компанияларидан бири.
2. SAG – МДҲдаги етакчи гилам ишлаб чиқарувчилардан бири ва бу борада дунёдаги бешта етакчилардан бири ҳисобланади.
3. International Beverages Tashkent – машҳур халқаро брендларнинг алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондаги расмий PepsiCo боттлери.
4. Urgaz – МДҲ ва Марказий Осиёдаги етакчи тўқимачилик корхоналаридан бири.
5. ЕТС U-STAN (Швеция, Россия), – минтақадаги энг йирик савдо компанияларидан бири.
Европа, Африка, Россия ва МДҲда “Air Products and Chemicals, Inc.” (АҚШ) йирик лойиҳаларни ривожлантириш бўйича директори Хуан Мигел Гонсалес ўз нутқида таъкидлади:
“Компания сифатида биз доимо бутун дунё бўйлаб асосий ҳамкорларимиз билан узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорликка эътибор қаратамиз. Компаниямизнинг Ўзбекистондаги ва бутун Марказий Осиё минтақасидаги келажаги илҳомлантирмоқда. Бугун биз ушбу форумда саноат газларини ишлаб чиқариш бўйича инновацион технологияларимиз, билим ва тажрибамиздан фойдаланиш орқали газни монетизация қилиш учун инвестиция имкониятларини ўрганаётганимиздан мамнунмиз”.
Янги мажмуанинг ишлаб чиқариш қуввати 720 000 тоннагача тайёр полимер маҳсулоти бўлиб, ички бозорнинг барча эҳтиёжларини қондиради. Заводда этилен ва пропиленнинг асосий таркибий қисмларидан турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, улар ҳозирги вақтда четдан келтирилаётган турли хом ашё ўрнини босади ва Ўзбекистон иқтисодиётининг юксалишига салмоқли ҳисса қўшади.
Завод маҳсулотининг 70 фоиздан ортиғи ички бозорда сотилиши Ўзбекистон саноатининг ички талабни қондириш, шунингдек, МДҲ давлатлари, Хитой, Туркия ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига турли хом ашё экспортини амалга ошириш имконини беради.
Заводда Chemtex “Global Corporation” (АҚШ) заводи технологияси асосида полиэтилентерефталат (ПЭТ) ишлаб чиқарилади. ПЭТ юқори талабга эга бўлган полимер бўлиб, ушбу маҳсулот ҳозирги пайтда тўлиқ Ўзбекистонга импорт қилинади. У тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида кенг қўлланилади. ПЭТ ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган Моноэтиленгликоль Scientific Design Company Inc. (АҚШ) технологиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилади. Ушбу полимер гидравлик суюқликлар / эритувчилар ва антифризларга бўлган талабни қондиради.
Республикада биринчи марта Versalis (Италия) компанияси ускуна ва технологиясида ўта юқори босимли қувурли реактор ёрдамида паст зичликдаги полиэтилен ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Бу технология бир агрегатга доимий равишда икки турдаги якуний маҳсулот – паст зичликдаги полиэтилен ва этиленвинилацетат ишлаб чиқариш имконини беради.
Паст зичликли полиэтилен кўплаб соҳаларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва парафармацевтикаларда муҳим аҳамиятга эга.
Этиленвинилацетат Ўзбекистон бозори ва бутун МДҲ ҳудуди учун ноёб ҳисобланади. Бундан ташқари, айниқса, қуёш панелларини ишлаб чиқаришда турли хил имкониятлар ва катта талаб мавжуд.
Полипропилен ишлаб чиқариш ишлари соҳасида жаҳонда етакчи бўлган АҚШнинг “W. R. Grace & Co.” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Полипропилен тўқимачилик, парафармацевтика, электротехника ва автомобил саноатида ишлатиладиган кўп қиррали ва муҳим хом ашё ҳисобланади.
Газ-кимё мажмуаси лойиҳасига Самарқандда янги ўқув юрти – Халқаро техника университетини ташкил этиш режалари ҳам киритилган бўлиб, у мазкур соҳа учун мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Лойиҳа атроф-муҳитга таъсирини минималлаштиришни кўзда тутади. Барча халқаро экологик стандартларга мувофиқлиги назорат ва халқаро эътироф этилган экологик маслаҳатчилар – Буюк Британиянинг “Mott MacDonald Group Limited” томонидан тасдиқланади.
Муҳаррирлар учун маълумот:
• МТО технологияси асосида (“метанолдан олефингача”) янги газ-кимё мажмуасини қуриш қарори 2019 йил баҳорида қабул қилинган.
• Ушбу кўламдаги кимёвий комплекс ва техник имкониятлар МДҲ ҳудудида тенгсиздир.
• Завод Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида қурилади.
• Заводнинг лойиҳавий қуввати йилига 720 000 тонна юқори сифатли полимерларни ташкил этади ва йилига 1,5 млрд куб метр табиий газни қайта ишлаши кутилмоқда.
• Янги заводда турдош тармоқлар билан биргаликда 2 300 га яқин янги иш ўрни яратилади.
• Газ-кимё мажмуаси Ўзбекистонда импорт ўрнини босишни сезиларли даражада тезлаштиради, иқтисодиётни диверсификация қилишни таъминлайди, иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати