Савол: Бизнинг яшаш ҳудудимиз яқинидан юқори кучланишли электр узатиш тармоғи ўтган. Шунга яқин ҳудудларда қурилиш объектлари ҳам мавжуд. Айтингчи, электр қурилмаларининг муҳофаза майдонлари қандай ва қайси ўлчамларда бўлиши керак?
Жавоб: Белгиланган нормаларга асосан, электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари қуйидагича ўрнатилади:
- 1 киловольтгача кучланишли тармоқлар учун — 2 метр;
- 20 киловольт кучланишли тармоқлар учун — 10 метр (аҳоли пунктлари чегараларида жойлашган ўзини ўзи тутиб турувчи ёки изоляцияланган симли линиялар учун 5 метр);
- 35 киловольт кучланишли тармоқлар учун — 15 метр;
- 110 киловольт кучланишли тармоқлар учун — 20 метр;
- 220 киловольт кучланишли тармоқлар учун — 25 метр;
- 500 киловольт кучланишли тармоқлар учун — 30 метр этиб белгиланган.
Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу муҳофаза зонаси электр узатиш тармоғи бўйлаб четки симларидан ҳар иккала томонга вертикал текислик билан чегараланган ер майдони ва ҳаво бўшлиғидан иборат. Мазкур ҳудудда уй, бино, иссиқхона ва ҳоказолар қурилиш ишларини олиб бориш тақиқланади.
“Ўзэнергоинспекция” Матбуот хизмати