Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан, энг муҳим масалалардан бири, аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, сўнгги кунларда “зангори ёқилғи”нинг кунлик истеъмоли 90,2 дан 95,3 миллион куб метрга ошиши, тармоқлар, газ тақсимлаш ускуналари ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ таркибий бўлинмаларининг диспетчерлик хизматлари фаолиятидаги иш ҳажмини сезиларли даражада оширди.
Ушбу фаолиятни мувофиқлаштириш учун кеча-ю кундуз ишловчи штаб ташкил қилинди, 238 та тезкор авария-таъмирлаш гуруҳлари шай ҳолатга келтирилиб, жойларда юзага келувчи авария ёки техник носозликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган транспорт воситалари, мутахассислар, асбоб-ускуналар, махсус ишчи кийимлар ва тегишли бутловчи қисмлар билан таъминланди.
Энергетика вазирлиги, “Ўзтрансгаз” АЖ ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий диспетчерлик бошқармалари билан алоқа ўрнатилиб, ўз вақтида истеъмолчиларни ёнилғи билан узлуксиз таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари шу йилнинг март ойидан бошланиб, октябрь ойига қадар тўлиқ якунланганлигини маълум қилади. Ушбу давр мобайнида 6,5 кмдан ортиқ узунликдаги газ қувурларининг ички юзасини тозалаш ва сизиб чиқиш йўқлигини текшириш бўйича ишлар олиб борилди, 140 минг км газ тақсимлаш тармоқлари ва 413 та газ тақсимлаш пунктлари (ГРП) таъмирланиб, 82 мингга яқини тўлиқ тафтишдан ўтказилди.
Суюлтирилган газ билан таъминлаш инфратузилмасини такомиллаштириш ва жиҳозлаш, хизмат кўрсатишда олис ҳудудлар қамровини кенгайтириш, транспорт харажатлари ва етказиб беришга сарфланувчи вақтни камайтириш бўйича қатор салмоқли ишлар амалга оширилди. Суюлтирилган газни ишлаб чиқарувчи заводларидан ташиб келтириш учун 38 та темир йўл вагонлари сотиб олинди. Қўшимча 58 минг дона маиший газ баллонлари фойдаланиш учун тарқатилди, бу эса 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакат аҳолисини 482 минг тоннадан ортиқ миқдорда суюлтирилган газ билан таъминлашга имкон берди ва бу эса мос равишда ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61 минг тоннага кўпдир.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ марказий диспетчерлик бошқармаси маълумотларига кўра, газ тақсимлаш тармоқлари объектлари ва асосий ускуналари ҳолати, суюлтирилган газни ташиш ва етказиб бериш, шунингдек, 7,5 миллиондан зиёд табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчиларининг кундалик истеъмоли ҳажмини тизимли кузатиш ҳамда назорат қилиш йўлга қўйилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, об-ҳаво инжиқларига қарамай АСКУГ лойиҳаси жорий этиш ишлари давом этмоқда. Бугунгача бутун мамлакат бўйлаб 2 миллиондан зиёд “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилди ва бу харажатларни бир меъёрга келтириш ҳамда табиий газдан мақсадсиз фойдаланишларни аниқлаш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг табиий газ таъминоти тизимини такомиллаштириш мақсадида кичик ҳалқа йўли ва “Фарғона йўли” кўчалари кесишмасидаги газ қувурларини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар давом этмоқда, Термиз шаҳрида 15 км узунликдаги газ қувурларини ётқизиш ҳамда Самарқанд шаҳри марказидаги газ қувурини 10 километрдан ортиқ масофага кенгайтириш ишлари якунланмоқда.
Брифинг якунида шуни алоҳида таъкидлашни керакки, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ учун ҳар бир истеъмолчи муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан газ таъминоти масалалари бўйича ҳар қандай мурожаат алоҳида назоратга олинади ва ушбу мурожаатлар мутахассисларимизнинг жойига чиқиб ўрганишига кўра ҳал этилади.
Шу муносабат билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ истеъмолчилардан ягона 1104 рақами бўйича доимий ишловчи колл-марказга, шунингдек, 104 рақам бўйича авария-диспетчерлик хизматига, шунингдек “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” жамоатчилик гуруҳлари орқали муаммоларни хабардор қилишни сўрайди.
Келгусида табиий ва суюлтирилган газ етказиб берилиши, шунингдек, газ таъминоти тизимидаги ўзгаришлар ҳақида жамоатчиликни мунтазам равишда хабардор қилиб борамиз. Эътиборингиз учун раҳмат.
“Ҳудудудгазтаъминот” АЖ Матбуот хизмати