САВОЛ: Табиий газ нима ва у хонадонларимизга қандай етказиб берилади?
Жавоб: ЁНУВЧИ ТАБИИЙ ГАЗЛАР — ер пўстининг чўкинди ғилофида эркин тўплам, эриган, тарқоқ газ конденсати ва қаттиқ ҳолда учрайдиган метан қаторидаги углеводород ва углеводород бўлмаган компонент аралашмалардир.
Табиатдаги барча газларнинг асосий қисми ёнувчи табиий газлардан иборат.
Зангори ёқилғи хонадонларимизга етиб келгунга қадар бир нечта босқичдан ўтади.
Дастлаб табиий газни топиш учун геологик қидирув ишлари олиб борилади. Табиий газ топилган жойга махсус мосламалар ўрнатилиб, бурғулаш ишлари бажарилади.
Қудуқ газ қазиб олишга тайёр бўлгандан сўнг бурғулаш мосламаси ўрнига фонтан арматура ўрнатилади. Клапанлардан иборат конструкция орқали газ комплекс тайёрлаш қурилмасига узатилади.
Қурилма қудуқлардан келадиган газни суюқ углеводород ва механик аралашмалардан тозалаб, чуқур қайта ишлаш учун қувурлар орқали заводга узатади. Табиий газ ер тубидан, бир ёки бир неча километргача бўлган чуқурликдан қазиб олинади.
Заводда чуқур қайта ишланган газ магистрал газ қувурига узатилади. Бу ерда зангори ёқилғини бир манзилдан иккинчи манзилга узатувчи компрессор станцияларида кириш қисмига ўрнатилган фильтрлар ёрдамида газ таркибидаги металл зарралар ва ҳар хил механик уюмлардан тозаланиб, босими оширилади ва магистрал газ қувур тармоқлари орқали газ тақсимлаш станцияларига узатилади.
ГТСнинг кириш қисмида ўрнатилган фильтрлар ёрдамида газ такрор тозаланади. Редукциялаш бўғинида газ босими керакли меъёргача пасайтирилади ва газ ўлчаш мажмуасига узатилади. Лаборатория таҳлиллари асосида газ таркиби параметрлари газ ўлчов ускунасига киритилади.
Ўлчов воситасидан ўтган табиий газга белгиланган миқдорда хид берувчи модда қўшилади ва газ тарқатиш тармоқларига узатилади.
Тарқатиш тармоқларидаги ростлаш пунктлари орқали газ босими белгиланган параметрларга пасайтирилиб, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига етказиб берилади.
Табиий газга эҳтиёж ортган қиш фаслида - бу жараён янада мураккаблашади. Магистрал газ қувурларида турли чўкмалар ва музлашнинг олдини олиш мақсадида махсус агрегатлар ёрдамида газни иситиш жараёнлари амалга оширилади. Ёзда ер ости омборларига ҳайдалган табиий газ ҳажмлари қайта тортиб олиниши эса қўшимча энергия ҳисобига амалга оширилади.
Табиий газ хонадонларимизга етиб келгунга қадар мана шундай мураккаб жараёнларни босиб ўтади. Шундай экан табиий газни иқтисод қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш - ҳар биримизнинг бурчимиз!
“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати