Хабар берганимиздек, бугунги кунда иссиқлик электр станцияларининг юртимизда ишлаб чиқарилаётган жами электр энергиясидаги улуши 90 фоиздан кўпроқни ташкил этмоқда.
Шу мақсадда, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги корхоналарда аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида туну кун, суткасига 24 соат – узлуксиз иш фаолияти ташкил этилган.
Ярим тун бўлишига қарамай Марказий Осиёдаги энг йирик электр станциялардан бири ҳисобланган “Тошкент ИЭС” АЖда электр энергияси ишлаб чиқариш жараёни узлуксиз равишда давом этмоқда.
Станциядаги 8 та энергоблок ва 370 МВт қувватга тенг замонавий буғ-газ қурилмаси тўхтовсиз режимда ишламоқда.
Станция Ўзбекистондаги энг муҳим энергообъектлардан бири ҳисобланади. Унинг ўрнатилган ишлаб чиқариш қуввати 2230 МВт/соат, иссиқлик энергияси етказиб бериш қуввати 713 Гкал/соатни ташкил этади.
Ушбу энергообъектнинг Фарғона водийси ва Тошкент вилоятини электр энергияси билан таъминлашдаги ўрни катта.
Бугун станцияда ёш малакали кадрларни тайёрлаш, соҳага энергосамарадор ва энерготежамкор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, рақамли трансформация дастури асосида тажриба-синов тариқасида 4-сон энергоблокни автоматлаштирилган жараёнларни бошқариш тизимини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати ҳамкорликда.