2022 йилнинг 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида “ACWA Power” компанияси (Саудия Арабистони) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Компания Ўзбекистон энергетика соҳасидаги қатор ҳамкор лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, йиғилишда Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев таъкидлаганидек, булар иссиқлик электр станциялари (ИЭС) ва шамол электр станциялари (ШЭС) қурилиши лойиҳаларидир.
Йиғилишда жорий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳозирда Саудия Арабистони компанияси томонидан мавжуд Сирдарё иссиқлик электр станцияси ёнида қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилиши лойиҳаси амалга оширилмоқда. Муҳокама чоғида вахта посёлкаси қурилиши якунлангани, шунингдек, объектда ер текислаш ишлари олиб борилаётгани, технологик жиҳозларга буюртма берилгани, обектда режалаштирилган қурилиш-монтаж ишларининг бориши қайд этилди.
Умумий қиймати 780 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида кредит битими имзоланиб, етакчи халқаро молия институтлари ва ташкилотлари, хусусан, ЕТТБ, “OPEC”, “Bank of China” ва бошқалар томонидан молиялаштиришни жалб этиш режалаштирилган.
“ACWA Power” компанияси Бухоро вилоятида “Fast-track” усули бўйича иккита шамол электр станциясини (ҳар бирининг қуввати 500 МВт) қуришни режалаштирмоқда (бир марталик лойиҳалаш ва объектни кейинчалик ишга тушириш билан қуриш).
Мазкур лойиҳа бўйича компания билан 2021 йил январь ойида инвестиция шартномаси имзоланган бўлиб, ишларни жорий йилнинг иккинчи ярмида бошлаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, “ACWA Power” компанияси Қорақалпоғистон Республикасида 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси лойиҳаси бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлди ва энг мақбул тарифларни таклиф қилди.
Учрашувда Саудия компанияси эксперт тажрибасига эга бўлган водород энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Президентимизнинг 2021 йил 9 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ҳужжатга мувофиқ, Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда.
Томонлар водород энергетикаси соҳасида ҳамкорликдаги ишларни жадаллаштиришдан манфаатдор эканликларини қайд этдилар.
Бундан ташқари, учрашув давомида “ACWA Power” компанияси иштирокида барпо этиладиган қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида замонавий технологияларга эга янги объектларда ишлаш учун кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Шу мақсадда, яқин вақт ичида Ширин шаҳридаги Энергетика коллежидан иқтидорли талабаларни танлаб олиш, уларнинг объектларда амалиёт ўташ масалаларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати