2022 йилнинг 12 февраль куни Дубай шаҳрида Бутунжаҳон EXPO кўргазмасида Ўзбекистон энергетика соҳасининг замонавий ривожланиш истиқболлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон миллий павильонида мамлакатимиз Энергетика вазирлиги делегацияси ёқилғи-энергетика комплексини (ЁЭК) ислоҳ қилишнинг жорий босқичи, хусусан қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларини жадал ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида тақдимот қилди.
Тақдимотда таъкидланганидек, энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва оширишдан мақсад Ўзбекистоннинг энергетика хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлиб, бунинг натижасида мамлакатимизнинг ҳозирги ва келажакдаги аҳолисини ҳамда ўсиб бораётгани иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия билан таъминлашга қаратилган.
Сўнгги 5 йил ичида мамлакат энергетика соҳаси бозор муносабатларини реал рақобат шароитига ўтказиш, шунингдек, сўнгги ўн йилликларда ушбу ҳолатга эътибор берилмаган инфратузилмани янгилаш жараёнларини жадал олиб бормоқда.
Республика истеъмолчиларининг энергия ресурсларига ўсиб бораётган талабини қондириш мақсадида мамлакат раҳбарияти томонидан Энергетика вазирлиги олдига эксперт таҳлиллари асосида электр энергиясини ишлаб чиқаришни 2 бараварга, яъни 2030 йилга бориб 135,0 миллиард кВт.соатгача ошириш вазифаси қўйилди (2021 йилда бу кўрсаткич 71,4 миллиард кВт.соатни ташкил қилди).
Демак, 2021 йилги маълумотларга кўра, истеъмолчилар сони 7 миллион 515,9 минг нафарни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 1194,8 минг нафарга кўпни ташкил этди. Улардан 356,3 минг нафари юридик истеъмолчилар бўлиб, уларнинг сони 88,9 минг нафарга ошди.
2016 йилда республика бўйича ўртача кунлик электр энергияси истеъмоли кўрсаткичи 142,1 миллион кВт.соатни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 205,1 миллион кВт.соат ёки 44,3 фоизга ошди.
Сўнгги йилларда электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини, яъни истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришга хизмат қилувчи инфратузилмани янгилаш ва модернизация қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Охирги беш йилда 40 минг 700 километргача паст кучланишли электр узатиш тармоқлари модернизация қилинди ва янгидан қурилди, бу 1991-2016 йиллар, яъни аввалги 25 йилга нисбатан (25 йилда 9 минг 300 км эди) қарийб 4,4 баробарга кўпни ташкил қилди.
2017 йилдан буён трансформатор пунктлари умумий сонининг 15 фоизи, яъни қарийб 13 000 донаси модернизация қилинди ва янгиланди.
Биргина жорий 2022 йилнинг ўзида 28 000 километр паст кучланишли электр узатиш тармоқлари (2021 йилга нисбатан 6 фоизга кўп) ва 9 700 та трансформатор пунктлари (ўсиш 8 фоиз) таъмирланади. Инфратузилмани янгилаш бўйича вазифалар жадал суръатларда амалга оширилмоқда, 2026 йилга қадар 80 000 километр электр узатиш тармоқлари ва 20 000 дан ортиқ трансформатор пунктлари босқичма-босқич модернизация қилинади.
Тақдимотда электр энергиясини ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳалари асосида ўсишига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” каби етакчи компаниялари билан ҳамкорликда қуёш фотоэлектр станцияларини (ФЭС) қуриш ишлари муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.
“Masdar” компанияси томонидан давлат-хусусий шериклик асосида Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаси амалга оширилди. Мазкур амирлик компанияси Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги ФЭС лойиҳалари учун инвесторларни аниқлаш бўйича тендерлар ғолиби ҳам ҳисобланади.
Шунингдек, жорий йил охиригача Самарқанд вилоятида умумий қуввати 21 мегаватт бўлган 3 та ГЭС фойдаланишга топширилади. Айни пайтда Тўпаланг, Бўзсув, Оққавоқ ва Киров ГЭСларини модернизация қилиш жараёни давом этмоқда, уларнинг умумий қуввати жами 152 мегаваттга оширилади.
2026 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари асосида ишлаб чиқариш ҳажмини 25% га ошириш вазифаси қўйилди.
Ҳозирги вақтда электр энергиясининг асосий қисми (90% гача) иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Энергетика тизимининг мавжуд ишлаб чиқариш қуввати бугунги кунда 14 563 МВтни ташкил этади. 2000 йилда бу кўрсаткич 7 750 МВтни, 2016 йилда эса 10 830 МВтни ташкил қилган. Яъни, 16 йил давомида 3 000 МВт ишга туширилган бўлса, худди шундай ҳажмдаги қувватлар сўнгги 5 йилда ишга туширилди. Яъни, 2017-2021 йилларда ишлаб чиқариш қувватларининг бундай ўсишига асосан Навоий, Талимаржон, Тошкент ва Тахиатош иссиқлик электр станциялари ҳамда Фарғона иссиқлик электр марказида янги буғ-газ қурилмаларини (БГҚ) ишга тушириш ҳисобига эришилди. Шунингдек, 900 МВт қувватга эга янги Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси ишга туширилди.
Ўзбекистонда жорий йил охирига қадар умумий қуввати 1 474 МВт бўлган иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилади. Натижада энергетика тизимининг умумий қуввати 16 минг мегаваттдан ошади, бу 2016 йилга нисбатан 53 фоизга юқоридир.
Ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш – янги электр станцияларини қуриш ва ишга тушириш ҳисобига ҳам давом эттирилмоқда ва бу йўналишда 2022 йилни мисли кўрилмаган дея аташ мумкин.
Бу каби ишлар тизимли равишда давом эттирилади ва натижада мамлакатимиз энергетика тизимининг қувватини 2026 йилга бориб 27 400 МВтга, 2030 йилга бориб эса 32 000 МВтга оширилиши ражалаштирилган.
Тақдимот давомида энергия тежовчи замонавий технологиялар ва ускуналарни жорий этишнинг ўрни таъкидланиб, бунда ушбу соҳада тан олинган халқаро етакчилар билан ҳамкорликда ишлар олиб бориш муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Мамлакатимизнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, энергетика соҳасини бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида ривожлантиришнинг қонунчилик базасини шакллантириш жараёни жадал давом этмоқда. Бу эса нуфузли халқаро компанияларга Ўзбекистон энергетикасини ривожлантиришда янада фаолроқ иштирок этиш имконини беради. Мамлакатимиз энергетика соҳасида рўй бераётган бозор ўзгаришларига ёрқин мисол сифатида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида янги электр станциялари, жумладан, иссиқлик (ИЭС), қуёш фотоэлектр (ФЭС) ва шамол (ШЭС) асосида қурилаётган электр станцияларининг ишга туширилишидир.
ДХШ асосидаги лойиҳалар тендер, яъни рақобатбардош бозор тамойиллари асосида амалга оширилади, тендер савдоларида илғор халқаро тажрибани жорий этиш бўйича Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари томонидан техник ёрдам кўрсатилади.
Шу билан бирга, тендер ғолиби ҳужжатларни ишлаб чиқиш, янги электр станциясини қуриш ва ишлатиш учун жавобгар ҳисобланади. Инвестор билан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш бўйича узоқ муддатли (25 йил давомида) шартнома тузилади. Қоидага кўра, тендерда ғолиб чиқишнинг асосий мезонларидан бири – электр энергиясини сотиб олиш тарифлари бўйича истеъмолчилар учун қулай нарх таклифидир. Шундай қилиб, сўнгги 3 йил ичида замонавий Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида жадал жорий этилган бозор қоидалари бу соҳада соғлом рақобатни вужудга келтириш имконини бермоқда, бунинг натижасида, юртимизга энг яхши халқаро тажрибага эга бўлган тобора кўпроқ мустақил электр энергияси ишлаб чиқарувчилар келишига замин яратилмоқда.
Бугунги кунга қадар электр энергиясини сотиб олиш бўйича жами 20 га яқин шартномалар имзоланган бўлиб, бу энергетика соҳасида рақобат муҳитини яратишда муҳим қадам бўлиб ҳасобланади. Мустақил энергия ишлаб чиқарувчи компаниялар орасида – Total Eren SA (Франция), Abu Dhabi Future Energy Company – Masdar (БАА), Aksa Enerji Üretim A.Ş. (Туркия), Cengiz Enerji San. ve Tic А.Ş. (Туркия), Нidro Enerji Elektrik Uretim Sanayi A.Ş. (Туркия), ACWA Power (Саудия Арабистони), Stone City Energy (Нидерландия) ва бошқалар киради.
Электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишни фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузурида Лойиҳа офиси ташкил этилган бўлиб, у халқаро молия институтлари, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда тизимли равишда иш олиб боради. Унда турли мамлакатларнинг энергетика тармоқларини ислоҳ қилишда катта тажрибага эга халқаро экспертлар жалб этилган.
Лойиҳа офиси мутахассислари томонидан 2021-2025 йилларга мўлжалланган уч босқичдан иборат электр энергиясининг улгуржи рақобатбардош бозорига ўтиш кетма-кетлигини ўз ичига олган Концепция ишлаб чиқилди.
Биринчи босқичда электр энергетикаси корхоналарини либераллаштириш ва электр энергиясини сотишни хоҳловчи хусусий корхоналар учун лицензиялар олиш назарда тутилган.
Электр энергиясининг рақобатбардош улгуржи бозорига ўтишнинг иккинчи босқичида электр энергиясини тақсимлаш тизимининг оператори яратилади, электр энергиясини истеъмолчиларга сотиш функциялари босқичма-босқич етказиб берувчиларга ўтказилади. Истеъмолчилар электр энергиясини онлайн савдо платформаси орқали ёки рақобат муҳитида ишлайдиган етказиб берувчилар орқали сотиб олишлари мумкин, бу эса электр таъминоти учун энг яхши таклиф бўлиб хизмат қилади.
Учинчи босқич – “кунлик (соатлик) савдо”. Унга мувофиқ, режалаштирилган асосда савдо майдончасида соатлик ишлаб чиқариш ва электр энергиясини истеъмол қилишнинг ортиқча ёки кам ҳажмларини онлайн сотиб олиш ва сотиш жараёнлари амалга оширилади.
Энергетика вазирлигининг EXPO кўргазмасидаги тақдимоти амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам, ДХШга асосланган лойиҳаларда иштирок этишга ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бугунги кунда энергетика тендерларида 80 га яқин инвесторлар иштирок этмоқда, бу эса, халқаро компанияларнинг мамлакатимизда лойиҳаларни амалга ошириш истаги тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати