“Дубай – EXPO” халқаро кўргазмаси доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг Энергетика ва инфратузилма вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги делегацияси иштирокида ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, бугунги кунда Бирлашган Араб Аирликлари юртимизда ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш бўйича стратегик шерик ҳисобланади.
БААнинг “Masdar” компанияси билан давлат-хусусий шериклик асосида 2021 йилнинг 27 август куни Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган биринчи фотоэлектр станцияси фойдаланишга топширилди. Ҳозирда станция белгиланган тартибда ишламоқда.
Шунингдек, Халқаро молия корпорацияси ва Осиё тараққиёт банки томонидан умумий қуввати камида 600 МВт бўлган учта фотоэлектр станциясини қуриш бўйича ўтказилган тендерлар натижаларига кўра, “Masdar” компанияси умумий қуввати 897 МВт бўлган 3 та фотоэлектр станциялари қуриш бўйича таклифи билан ғолиб деб топилди.
Шамол электр станцияларини қуриб фойдаланишга топшириш бўйича ҳам бир қатор йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шу муносабат билан, 2020 йил июнь ойида “Masdar” компанияси билан 500 МВт қувватли шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида шартномалар имзоланди.
Учрашувда амалга оширилган лойиҳалар натижадорлиги ва келгусида белгиланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Учрашув доирасида, “Ўзбекнефтьгаз” АЖ ҳамда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати