15 октябрдан 15 ноябргача Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан республиканинг 14 ҳудудда давра суҳбатлари ва савдо ярмаркалари бўлиб ўтади.
Ушбу тадбирларнинг асосий мақсади иштирокчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.08.2019 йилдаги ПҚ-4422-сонли «Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг энергия самарадорлигини ошириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича тезкор чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори моҳияти ва белгиланган вазифалар, шунингдек Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси билан таништиришдан иборат.
Энергия самарадорлигини ошириш миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати мамлакатдаги мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни, шунингдек, ҳонадонларда ва ишлаб чиқаришда энергиядан оқилона фойдаланишни қўллаб-қувватлайди.
Юқорида қайд этилган Қарор билан 2030 йилга қадар қайта тикланадиган энергия манбаларини янада ривожлантириш кўзда тутилган бўлиб, уларнинг улушини электр энергиясининг умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш белгиланган. Шунингдек қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги имтиёзлар ва преференциялар ҳамда келгусидаги асосий устуворликлар, шу билан бирга қайта тикланадиган энергияни ривожлантириш, 2019-2022 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш комплекс дастурини ижросини таъминлаш юзасидан «Йўл ҳаритаси» тасдиқланган. Шунингдек, Қарорда комплекс дастурини молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатилган.
«Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан 2011 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳада Жаҳон банки Халқаро тараққиёт банкининг (ХТБ ва ХТТБ) 325 миллион долларлик имтиёзли кредит маблағларидан, шунингдек, Ўзбекистон тижорат банкларининг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. Бунинг ёрдамида кўп энергия сарфлайдиган корхоналар ишлаб чиқариш жараёнида электр энергияси ва табиий газ истеъмолини сезиларли даражада камайтириш имкониятига эга.
2011 йилдан буён 30 дан ортиқ саноат корхоналарига имтиёзли кредитлар берилди. Бугунги кунга қадар 82 та кичик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Лойиҳалар энергия талаб қиладиган соҳаларда амалга оширилди: нефть ва газ, тоғ-кон, кимё, электр энергияси, қурилиш ва қайта ишлаш.
Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида йилига 500 миллион кВт.дан ортиқ табиий газ ва 187 миллион куб метр табиий газ тежалиши таъминланди. Бундан ташқари, лойиҳада иштирок этувчи компаниялар атмосферага зарарли чиқиндиларни йилига 580 минг метрик тонна СО2 га камайтирдилар.
Лойиҳалар Ўзбекистон Республикасининг олтита тижорат банки томонидан молиялаштирилади: Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, «АсакаБанк» АТБ, «Саноатқурилишбанк» АТБ, «ҲамкорБанк» АТБ, «Asia AllianceBank» АТБ, «Инфинбанк» АТБ.
Бундан ташқари, 2019 йил 28 июнда ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга оширганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси доирасида Европа инвестицион банкидан маблағ жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида "ги 541-сонли қарори қабул қилинди, унга мувофиқ қўшимча 100 миллион эвро жалб қилинади.
Ушбу маблаг Ўзбекистон Республикасининг бешта тижорат банки: «Саноатқурилишбанк», «АКБ Ҳамкорбанк», «Asia AllianceBank», «Микрокредитбанк», «Қишлоққурилишбанк» орқали молиялаштирилади.
Савдо ярмаркалари ва давра суҳбатларининг ўзига хос хусусияти шундаки, энергосамарадор ва қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар, республиканинг энергия талаб қиладиган йирик тармоқлари корхоналари, шунингдек тижорат банклари энергия самарадорлиги соҳасидаги ютуқларини намойиш этиш имконияти яратилади.
Шу билан биргаликда, барча корхоналар ва идоралар республикамизда энергосамарадорликка эришишда ўз ҳиссаларини қўшадилар, шунингдек, энергия сарфини камайтиришдан манфаатдор бўлган бошқа корхоналар, идоралар энергия ресурсларидан фойдаланувчиларга қимматли маълумотларини тақдим этадилар.