“Яшил” энергияга ўтиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш учун зарур бўлган омиллардан бири ҳисобланадиган энергия самарадорлиги аввало ўзимиздан бошланади. Мисол учун, биз қандай лампалардан фойдаланамиз?
Ўзбекистонда 2016 йил 1 июлдан қуввати 40 Вт.дан юқори бўлган чўғланма лампаларни эркин муомалага чиқариш, 2017 йил 1 январдан эса уларни сотиш тақиқланган. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 октябрдаги 299-сонли қарорида белгилаб берилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда энергия самарасиз чўғланма лампа ишлаб чиқарилмайди. Айрим маълумотларга кўра, ҳозирда фақат бундай лампалар чет давлатда ишлаб чиқарилади ва экспорт қилинади.
Шунга қарамай, афсуски, бугунги кунда ҳам бозор расталарида ушбу 40 Вт.дан юқори бўлган, самарадорлиги жуда паст бўлган чўғланма лампалар сотилмоқда. Афсуски, бутун дунёда энергия тежамкорлик мавзуси долзарб бўлган мана шу кунларда.
Хўш, энергияни тежаш нима учун керак? Хусусан, электр энергияси истеъмолида энергия самарасиз чўғланма лампа ва энергия тежамкор, замонавий LED лампасининг аҳамиятини таҳлил қиламиз.
Биргина энергия тежовчи светодиод — LED лампасининг қанчалар фойдали эканини биласизми?
Агар фойдаланилаётган 100 Вт қувватли чўғланма лампаларни 7 Вт қувватли энергия тежовчи лампаларга алмаштирилса, сутка давомида 8 соат ишлаганда қуйидагилар сарфланади:
- 100 Вт қувватли лампа бир кунда ўртача 8 соат ишласа 800 Вт.соат, бир ойда эса 24 киловатт-соат электр энергияси сарфлайди.
- 7 Вт қувватли энергия тежовчи лампа эса, бир кунда 8 соат ишласа 56 Вт, бир ойда (30 кун) 1,6 киловатт-соат электр энергияси сарфлайди.
Демак, бир дона энергия тежовчи лампа бир ойда 22.4 киловатт-соат электр энергиясини иқтисод қилади.
Бу эса, электр энергиясининг амалдаги 295 сўм тарифи бўйича ҳисоблаганда, бир дона энергия тежовчи лампа бир ойда 6 608 сўм, бир йилда эса 79 296 сўм иқтисод қилади.
Маълумот учун: 100 Вт қувватли энергия самарасиз лампа берадиган нур ўрнини ундан 15 маротаба энергия тежамкор бўлган 7 Вт қувватли LED лампаси боса олади.
Ўзбекистондаги 7 миллион хонадон мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, биргина энергия тежамкор лампа ўрнатилиши ҳисобига бир йилда 156 млн. кВт.соат электр энергияси тежалишига эришилади.
Ушбу бир дона энергия тежамкор лампа орқали тежалган электр энергияси 1 045 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Ушбу таҳлиллар фақатгина бир дона лампа мисолида олиб борилди.
100 Вт қувват истеъмол қиладиган чўғланма лампалар, арзон таннахрда ишлаб чиқариш важида бўлса керак, жуда сифатсиз ва мавжуд стандартларни четлаб ўтган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мутлақо зид ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати