Табиий газ бошқа турдаги ёқилғиларга нисбатан маъқул нарх, кундалик турмушда ва саноатда кенг ва турлича фойдаланиш каби қатор афзалликларга эга. Газ иситиш тизимидан фойдаланиш, овқат пишириш, кўплаб бошқа эҳтиёжларни қондириш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун ишлатилади.
Шу билан бирга, амалиёт кўрсатишича, газ таъминоти – бу ўта хавфли соҳа эканлигини ва кейинги вақтларда газ сизиб чиқиши, газ қувурларига рухсатсиз уланиш ва газ қувурлари устида иншоотлар қуриш, газ ускуналарини ишлатиш қоидаларини бузиш авариялар ва бахтсиз ҳодисалар, бошқа фавқулодда вазиятлар юзага келишига сабаб бўлаётганлигини кўпчилик унутиб қўйганга ўхшайди.
Давлатимиз раҳбари томонидан хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ва истиқболдаги устувор вазифалар кўриб чиқилган видеоселектор кенгашида ҳам шу ҳақда таъкидлаб ўтилди. Юртбошимиз 2021-йил 14-декабрь куни ҳокимлар, прокурорлар, ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар, қурилиш ва саноат хавфсизлиги идоралари раҳбарларига ўз ҳудудларида ёнғин хавфсизлиги, техник стандартларга риоя қилиш, тартибсиз қурилишларнинг олдини олиш ва ер ости коммуникациялар ҳисобини юритиш бўйича қатъий назорат ўрнатиш юзасидан кўрсатма берди.
Кўрсатмалар ва белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, «Hududgazta’minot» АЖнинг барча газ таъминоти филиаллари мутахассислари амалдаги ер усти ва ер ости газ коммуникациялари мониторингини ўтказишди ва Ўзбекистон ҳудудлари кесимида газ қувурларининг муҳофаза зонасидаги ноқонуний иншоотларга оид батафсил таҳлил тайёрладилар.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтда «Hududgazta’minot» АЖ газ тақисмлаш тармоқларининг умумий узунлиги 91 188 километрни ташкил қилади. Шундан 57 584 км паст босимли, 24 542 км ўрта босимли ва 9 061 км юқори босимли тармоқлар бўлиб, улардан 17 025 км – ер остидаги ва 74 163 км – ер устидаги газ қувурларидир.
ШНК 2.07.01-03* «Шаҳарсозлик. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш» нормалари ва қоидаларига мувофиқ газ тақсимлаш тармоқлари учун қуйидаги муҳофаза зоналари белгиланган:
- паст босимли тармоқлар учун - 2 метр;
- ўрта босимли тармоқлар учун - 4 метр;
- юқори босимли II-тоифали тармоқлар учун - 7 метр;
- юқори босимли I-тоифали (12 кг/см2) тармоқлар учун - 10 метр.
Амалда бўлган қоидаларга қарамай, «Hududgazta’minot» АЖнинг тегишли хизматлари томонидан ўтказилган текширувлар давомида газ қувурларининг муҳофаза зонасида барпо этилган 2860 объект аниқланди. Хусусан, юқори босимли газ қувурларининг хавфсизлик зонасида 920 бино, ўрта босимли газ қувурларида 1575 ва паст босимли газ қувурларида 365 иншоотлар қурилган. Айни пайтда, энг кўп ноқонуний бинолар қуйидаги ҳудудларда барпо этилган: Тошкент вилоятида - 486, пойтахтда - 466 ва Наманган вилоятида – 266 та. Барча ушбу маълумотлар жойлардаги маҳаллий ҳокимликларга, шунингдек фаолияти техника хавфсизлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган тегишли ташкилотларга топширилди.
Шу маънода, газ қувурлари ёки фаолият юритмаётган газ қувурларининг муҳофаза зонасида мавжуд ноқонуний иморатлар, шунингдек газ қувурларидан ва газ тақисмлаш тармоқларидан (ГТТ) газ сизиб чиқаётган жойлар ҳақида бирон маълумотга эга бўлган фуқаролар кўмаги ҳам самара бериши мумкин. Шу боис, «Hududgazta’minot» АЖ ватандошлардан шу каби фактлар тўғрисида 1104, +998 71281-15-68 (ички: 260, 237) рақамлари, шунингдек Telegram орқали +998339960004 рақамлари орқали хабар беришларини сўрайди.
«Hududgazta’minot» АЖ газ қувурларининг муҳофаза зонасида қурилиш ишлари қатъиян тақиқланганлигини ва Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик Кодексининг - «Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидалари бузилиши»ни назарда тутадиган 101-моддаси бўйича жавобгарликка тортилишга олиб келишини эслатиб ўтади.
«Hududgazta’minot» АЖ Матбуот хизмати