Бугун, 2022 йил 2 март куни Халқаро пресс-клубда Энергетика вазирлиги томонидан “Муқобил энергия манбалари – тараққиёт пойдевори” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Энергетика вазирлиги раҳбарияти, соҳа мутахассислари, вазирлик ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти олимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда яшил энергетикани ривожлантириш, хусусан, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу йўналишда ўтган 3 йил ичида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 10 та битим имзоланди. Таъкидлаш керакки, ушбу қисқа муддатда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича Президентимиз томонидан 9 та қарор имзоланди.
Амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида, 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида саноат миқёсидаги биринчи йирик 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг апрель ойига қадар Самарканд вилоятининг Нуробод туманида иккинчи 100 МВт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилишини режалаштирилган.
Жорий 2022 йилда ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида йирик ишлар амалга оширилади.
Хусусан, Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона ва бошқа вилоятларда умумий қуввати 1 900 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станциялари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 1 700 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш учун лойиҳа битимлари имзоланиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, 2023 йилда Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 1 097 МВт бўлган 4 та қуёш фотоэлектр станцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро (Ғиждувон ва Пешку) ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1 600 МВт бўлган 4 та шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқаришни бошлайди.
2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станциялари ҳажми 4000 МВтни ва Шамол электр станциялари ҳажми 4000 МВтга етказилади ҳамда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ташкил қилади.
Бунинг натижасида йилига қарийб 3 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан 1 миллион хонадонни 1 йил давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.
Пресс-клубда Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида ҳам амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 2017-2021 йилларда 11 та янги гидро электр станцияси қурилиб, 8 таси модернизация қилинди. Натижада 244 МВт қўшимча қувват яратилди.
Қайд этиш керакки, 2022–2026 йиллар давомида Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Қашқадарё, Наманган ва Андижон вилоятларида 15 та янги гидроэлектр станция (ГЭС) қурилади. Шунингдек, мавжуд 5 та ГЭС модернизация қилинади.
Бунинг натижасида, йилига қўшимча 868 МВт электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади. Ушбу амалга оширилган ишлар ҳисобига, 2026 йилга бориб Ўзбекистонда гидроэлектр станцияларининг умумий қуввати 2 920 МВтга етади.
Тадбирда аҳоли хонадонига қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатиш бўйича ҳам амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, ушбу қурилмаларни хонадонларга ўрнатиш ҳисобига бир қанча имкониятларга эга бўлиниши таъкидланди.
Жумладан, қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатганда фуқаролар учун ҳеч қандай қўшимча солиқ ёки тўловлар жорий этилмайди. Ушбу энегосамарадор қурилмаларни ўрнатиш ҳисобига хонадонни текин ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилади.
Иккинчидан, фуқаролар ўз хонадонларига ўрнатган қуёш панеллар орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотишлари ҳам мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 217-сон қарорига асосан бугунги кунда Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахсларга қуёш фотоэлектр станциялар, қуёш сув иситгичларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисми Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Шунингдек, қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатган жисмоний шахслар 3 йил, тадбиркорлик субъектлари эса 10 йил давомида ер ва мулк солиғидан озод бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати