Маълумки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг март ойидан бошлаб мамлакатимиз бўйлаб манзарали ва мевали кўчатлар экиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ишларда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва унинг тизимидаги корхоналар ҳам фаол иштирок этмоқда.
“Навоий ИЭС” акциядорлик жамиятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига 2021 йилнинг ноябрь ойидан старт берилиб, жами 7810 дона мевали ва манзарали кўчатлар экилиши кўзда тутилган эди. Ўтган йилнинг декабрь ойига қадар жами 7952 туп дарахт ва буталар экилиб, режа ортиғи билан бажарилган.
Станция ходимлари томонидан корхона жойлашган Навоий вилояти Кармана тумани “Маликчўл” ҳудудидаги 5 гектар майдонда лойиҳа доирасида жами 14 минг дона тут кўчати экиш ишлари олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтгача 10 минг туп тут кўчатлари экилди.
Экилган дарахтларни парваришлаш ишлари кейинчалик “Навоий пиллачилик” ташкилотига топширилади. Тутзорлар барпо этишдан кўзланган мақсад эса келажакда пиллачилик ривожига ҳисса қўшишдан иборат.
- “Маликчўл” ҳудудидаги 100 гектарга яқин ер майдони яшил ҳудудга айлантирилмоқда, - “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари дейди Ғофур Алиев. “Навоий ИЭС” станцияси ходимлари томонидан кўчатлар экилмоқда, бу бир томондан ҳудуд яшил макон бўлади, иккинчи томондан, кўчатларнинг фойдалилиги шундаки, келажакда бу янги иш ўринлари бўлади.
Шунингдек, юқоридаги ишлардан ташқари станция ҳудудининг экологик аҳволини яхшилаш, яшилликка буркаш мақсадида мевали ва манзарали кўчатлар экиш ишлари олиб борилмоқда. Март ойида лойиҳа доирасида 14 мингдан ортиқ кўчатлар ва бута экиш ишларига старт берилган бўлиб, айни пайтда ходимлар томонидан ҳамжиҳатликда амалий ишлар давом этмоқда.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2021 йилда жамиятда амалга оширилган ишлар станция ҳудуди ва унинг атрофини яшил ҳудудга айлантириш, бу билан эса экологик вазиятни тубдан яхшилашга имкон беради, - дейди станция мутахассиси Жамшид Мирзоев.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизмати