Аввал хабар берганимиздек, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти тизимида айни вақтда иссиқлик электр станцияларини келгуси куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари туну-кун уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Жумладан, бугун эрта саҳар соат 05-56 да Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг 1-энергоблоки қайта ишга туширилди ҳамда навбатдаги инспекция назорати тадбирлари ва профилактика-таъмирлаш ишлари доирасида деярли бир ой мобайнида олиб борилган тадбирлардан сўнг энергоблок мамлакат Ягона энерготизими тармоғига электр энергиясини етказиб бера бошлади.
Энергоблокни куз-қиш даврига тайёрлашдек масъулиятли ишлар Япониянинг “Mitsubishi Hitachi Power Systems” (MHPS) консорциуми – лойиҳа бош пудратчиси 10 нафар малакали мутахассиси, «Узбекэнерготаъмирлаш» корхонасининг 70 нафардан ортиқ тажрибали ва малакали мутахассислари, “Ўзэнергосозлаш” корхонаси, турдош станциялар, бошқа махсус-таъмирлаш ташкилотлари (“Узэлектроизолит”, ЭСАН ва бошқалар) тажрибали ва малакали ходимлари томонидан амалга оширилди. Ушбу тадбирларга электр станциясининг таъмирлаш бўйича бригадалари билан биргаликда жами 130 дан ортиқ ходимлар жалб қилинди.
- Ўйлайманки, 1-энергоблок турбогенераторини профилактика назоратидан ўтказиш ва таъмирлаш бўйича бундай катта ва масъулиятли вазифалар ҳамжиҳатликда ва сифатли даражада бажарилди. Ҳеч бир истисносиз, барча ходимлар ўз вазифаларига масъулият билан ҳамда виждонан ёндошдилар. – дейди Тўрақўрғон ИЭС КЦ БГҚ цехи бошлиғи Абдумалик Шокиров. – 2022-2023 йил куз-қиш мавсумида станциянинг узлуксиз ва ишончли ишлаши учун яхши заҳира яратдик.
Таъкиддлаш жоизки, бугунги кунда 5 нафар япон мутахассиси ҳамда 5-6 нафар таъмирлаш корхоналари мутахассисларидан ташқари, деярли барча ходимлар ўз доимий иш жойларига қайтиб кетдилар. Улар томонидан айни вақтда синов режимида ишлаётган 1-энергоблокни мониторинг ва назорат қилиш ишлари олиб борилмоқда – ёниш камерасида турли қувватларда синовлар олиб борилмоқда, унинг ишончли ишлаши учун созлаш ишлари бажарилмоқда.
- Станциянинг 1-энергоблокида ўтказилган навбатдаги инспекция ва таъмирлаш ишлари бизнинг ёш мутахассисларимиз учн яхши мактаб бўлди, - дейди Тўрақўрғон ИЭС бош муҳандиси ўринбосари Ашурбек Абдуллаев. – Мутахассисларимиз зиммаларига юклатилган аниқ вазифаларни бажариш билан биргаликда, бошқа мутахассислар, шу жумладан хорижий мутахассисларнинг тажрибаларини ўргандилар, кўзда тутилган тадбирлар доирасида эса улар билан тажриба алмашдилар.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизмати