“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича 2022 йилнинг январь-май ойларида эришилган натижалар эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида” ва 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2022 йилда қиймати 21,9 млрд. сўм бўлган 140 турдаги маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган.
Вазифалар ижроси доирасида 2022 йил январь - май ойларида маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ 119 та лойиҳа асосида қиймати 10,8 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, амалда ушбу кўрсаткич 14,8 млрд. сўмга ёки 137,6 %га бажарилди.
Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш мақсадида кооперация савдолари бўйича январь-май ойларида 65,5 млрд. сўмлик маҳсулот харид қилиш прогноз қилинган бўлиб, амалда 71,1 млрд.сўмга ёки 108,5 % га бажарилди.
Йил якунига қадар импортни қисқартириш 15,6 млн. АҚШ долларга режалаштирилган бўлиб, январь-май ойларида ушбу кўрсаткич
7,74 млн. долларни, режага нисбатан 112,6 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил
26 мартдаги “2022 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, 15-16 март кунлари Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида ўтказилган тармоқлараро саноат ярмаркасида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва унинг тизим корхоналари иштирок этиб, мазкур ярмарка давомида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан 5 та ҳамкорлик меморандумлари ва қиймати 8,7 млрд. сўм бўлган кооперация шартномалари имзоланишига эришилди.
26-27 май кунлари Наманган шаҳрида ўтказилган тармоқлараро саноат ярмаркасида 7 та ҳамкорлик меморандуми ва қиймати 5,2 млрд.сўм бўлган кооперация шартномалари имзоланди.
Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев бошчилигида 2022 йил 11 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Иссиқлик электр станциялари” АЖга 2022 йилда импортдан келтирилаётган
70 турдаги маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида “маҳсулотбай” кооперацияси орқали ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва 3 йил муддатгача кафолатли харид шартномаларини тузиш топшириғи берилган бўлиб, бугунги кунда ушбу йўналишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Бунда, 70 турдаги маҳсулотларни маҳаллий тадбиркорларга тайёр бизнес лойиҳалари кўринишида тақдим этиш орқали 15 млн. АҚШ долларига тенг импорт тежамкорликка эришилиши ҳамда 3,5 млн. доллар иқтисод қилиниши белгиланган.
Тизимда мавжуд бўлган таъмир компанияси ҳамда бир қатор хориж компаниялари иштирокида электр энергетикаси корхоналари учун хориждан олиб келинаётган ускуналарни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган йирик кластер корхона фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда замонавий ишлаб чиқариш йўналишларини ишга қўйиш режалаштирилган.
Яна бир йўналиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизим корхонаси бўлган “Ўзбекэнерготаъмир” АЖда қуёш сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиши бошланди. Корхона томонидан электр станциялари ва тармоқ корхоналари учун маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда еткази бериш вазифалари белгилаб олинди.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизмати