Ҳабарингиз бор, республика иқтисодиёти тармоқлари, аҳолининг табиий газ ва электр энергиясига бўлган талабини ишончли ва узлуксиз таъминлаш, газ ва электр энергия ресурслари узатиш тизимини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, энг яхши халқаро тажриба асосида тармоқда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш орқали иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали”га 2022 йилнинг 31 май куни муҳокамага қўйилган эди.
Авваламбор, муҳокама жараёнида иштирок этган фаол фуқаролар, оммавий ахборот воситалари, мустақил иқтисодчилар ва экспертларга ушбу ислоҳот юзасидан ўз фикрларини очиқ намоён этганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз.
Шуни такидлаб ўтиш жоизки, 15 июнь куни муҳокама жараёнлари якунланган бўлиб, қарор лойиҳасига 1 100 дан ортиқ таклиф ва эътирозлар келиб тушди.
Жумладан, энг кўп таклифлардан бири қиш мавсумида электр энергиясига (табиий газ учун ўрнатилгани каби) белгиланган ижтимоий меъёр шакллантириш бўйича келиб тушган.
Бунда асосий сабаблар сифатида иситиш мавсумида газлаштирилмаган, газ босими пасайган ва табиий газ етказиб беришда узилишлар кузатиладиган хонадонларда, шунингдек, айрим кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими талабга жавоб бермаслиги сабабли хонадонларни иситиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланишга тўғри келиши кўрсатилган.
Шунингдек, ижтимоий меъёрлар миқдорини ошириш бўйича таклифлар келиб тушди.
Таклифларнинг аксариятида ижтимоий меъёр киритилаётганлигига эътироз мавжуд эмаслиги, бироқ ижтимоий меъёр миқдорини ошириш зарурлиги билдирилган.
Шунингдек, кўп қаватли ва якка тартибдаги ҳовли уй-жойларда истеъмолнинг турлича бўлиши қарор лойиҳасида инобатга олинмаганлиги бўйича фикрлар келтириб ўтилган.
Шуни маълум қиламизки, қарор лойиҳаси бўйича аҳоли томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, шунингдек, мазкур таклифларни инобатга олган ҳолда ёқилғи-энергетика нархларини ўзгаришига оид Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги қарори қабул қилинди.
Қарор лойиҳаси билан 2022 йил 15 июлдан бошлаб:
Электр энергияси бўйича:
а) аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси нархи ўзгаришсиз, яъни – 295 сўм;
б) 1 кВт соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 800 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 600 сўм.
Табиий газ бўйича:
а) аҳоли учун 1 куб м табиий газ истеъмоли нархи ўзгаришсиз,
яъни – 380 сўм;
б) 1 куб м табиий газ Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 150 сўм, иссиқлик электр станциялари учун – 1 000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 1 100 сўм.
Суюлтирилган газ нархи эса аҳоли учун ўзгаришсиз,
яъни – 1 120 сўм миқдорида белгиланиши назарда тутилган.
Шунингдек, корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш мақсадида жорий йил учун янги нархлар билан бирга 2023 йил
1 апрелдан кучга кирадиган янги нархлар ҳам мазкур қарор билан белгилаб берилмоқда.
Бунда, 2023 йил 1 апрелдан қуйидаги нархлар жорий этилиши кўзда тутилган:
а) Электр энергияси бўйича:
Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 850 сўм этиб белгилаш;
қолган юридик шахслар учун – 700 сўм этиб белгилаш.
б) Табиий газ бўйича:
иссиқлик электр станциялари учун – 1 200 сўм;
Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 350 сўм;
автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 350 сўм;
қолган юридик шахслар учун – 1 350 сўм этиб белгилаш.
2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энгергетика ресурсларининг нархлари келгуси йилларда қайта кўриб чиқилишида инфляция даражасига индексация қилиб борилиши, 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланиши белгиланган.
Муҳокамага чиқарилган қарор лойиҳаси бўйича аҳоли томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, қарор лойиҳасида аҳоли учун жорий этилиши назарда тутилган “ижтимоий меъёр”нинг жорий қилиниши мутахассислар томонидан қайта кўриб чиқилмоқда ва мазкур қарор билан аҳоли учун нархлар ўзгаришсиз қолдирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати