Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 7 июлда “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-309-сон қарор имзоланди.
Ушбу қарорнинг асосий мақсади – нефть ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, мазкур соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, кадрларни ўқитишнинг усул ва шаклларини такомиллаштириш орқали таълим сифати ҳамда меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилишдир.
Қарор билан Таълим кластерининг тузилмаси, Таълим кластери фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби, 2022-2023 йилларда Таълим кластерини комплекс ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ҳамда Таълим кластерини 2026 йилга қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Талим кластери таркибига Ишлаб чиқариш корхоналаридан – Uzbekistan GTL, Шўртан газ кимё мажмуаси, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси; таълим ташкилотларидан – Тошкнт давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Бухоро нефть ва газ саноати коллежи, Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ва Ғузор туманидаги 68-сонли умумий ўрта таълим мактаби; илмий-тадқиқот муассасаларидан – “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ, Умумий ва ноорганик кимё институти ҳамда Полимерлар кимёси ва физикаси институти; кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ташкилотларидан эса – “UNG training” МЧЖ киритилди.
Таълим кластери доирасида қуйидагилар амалга оширилиши белгиланда:
а) мактаб ўқувчиларини ишлаб чиқариш корхоналари учун устувор бўлган касбларга йўналтириш мақсадида:
➖ аниқ ва табиий фанлар бўйича вариатив (ихтисослаштирилган) ўқув режасини ишлаб чиқилади ҳамда ушбу режа умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятига жорий қилинади;
➖ишлаб чиқариш ва олий таълим ташкилотлари томонидан мактаб ўқувчилари учун экскурсиялар ҳамда соҳа фахрийлари билан учрашувлар ташкил этиб борилади;
➖ Таълим кластери иштирокчилари маблағлари ҳисобидан умумий ўрта таълим ташкилотларининг технология фани устахоналари қайта жиҳозланади ва ушбу фан доирасида ўқувчиларга ишлаб чиқариш корхоналари учун устувор бўлган касблар бўйича бошланғич билим бериш амалиёти йўлга қўйилади.
б) профессионал ва олий таълим ташкилотларининг ўқув жараёнини ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан интеграция қилиш йўналишида:
➖ таълим ташкилотларининг ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқариш корхоналарининг талаблари асосида қайта кўриб чиқилади ҳамда улардаги фан ва мавзулар амалиётга йўналтирилади;
➖ таълим ташкилотларининг ўқув режаларидаги фанлар сони номутахассислик фанлар ҳисобига босқичма-босқич камайтирилади ҳамда талабаларда мустақил таълим олиш кўникмалари шакллантирилади;
➖ олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича хорижий тилларда ўқитиладиган мутахассислик фанлари улуши оширади;
➖ таълим ташкилотлари учун хорижий адабиётлар харид қилинади ҳамда уларнинг ахборот-ресурс маркази фондлари мунтазам равишда янгилаб борилади;
➖ таълим ташкилотлари талабаларининг малакавий амалиёти ва профессор-ўқитувчиларининг стажировкасини ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказиш учун уларга зарур шарт-шароитларни яратиб берилади;
➖ профессионал ва олий таълим ташкилотларининг талабаларига ишлаб чиқариш корхоналарининг малакали ва тажрибали ходимлари амалиёт раҳбари этиб бириктирилади;
➖ ҳар йили профессионал ва олий таълим ташкилотларининг камида 700 нафар талабаси ишлаб чиқариш корхоналарига малакавий амалиётга жалб қилинади.
в) нефть ва газ соҳасида илм-фанни ривожлантириш мақсадида:
➖ илмий-тадқиқот ташкилотларининг юқори малакали профессор-ўқитувчи ва мутахассислари ишлаб чиқариш корхоналари докторантлари ва мустақил тадқиқотчиларига илмий маслаҳатчи сифатида бириктиради;
➖ Таълим кластери иштирокчилари маблағлари ҳисобидан ҳар йили нефть ва газни чуқур қайта ишлаш орқали янги маҳсулотлар олиш бўйича камида 5 та илмий тажриба ўтказилади;
➖ ҳар йили илмий-тадқиқот ташкилотларининг камида 30 нафар илмий-педагог ходими ишлаб чиқариш корхоналарига стажировка ва амалиёт ўташга жалб қилиб борилади;
➖ битирув малакавий ишлар, магистрлик ва докторлик диссертациялари мавзулари ишлаб чиқариш корхоналаридаги муаммолар асосида шакллантирилади;
➖ илмий-тадқиқот ташкилотларининг ходимларига уларнинг илмий ва инновацион лойиҳаларини тижоратлаштиришда кўмак берилади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Таълим кластери таркибига кирувчи:
➖ профессионал ва олий таълим ташкилотларида нефть ва газ соҳаси бўйича таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчилар ва талабалар учун ишлаб чиқариш корхоналарининг стипендиялари жорий этилади;
➖ ишлаб чиқариш корхоналарининг камида 5 йил иш стажига эга ходимларини “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг тавсияномаси асосида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, кейинчалик ўзи фаолият юритиб турган корхонада камида уч йил ишлаб бериш шарти билан олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида мақсадли ўқитиш тартиби жорий этилади;
➖ ишлаб чиқариш корхоналарида малакавий амалиёт ва стажировка ўтаётган талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар шахсий ҳимоя воситалари, вақтинчалик тураржой, уч маҳал иссиқ овқат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳудудида транспорт воситаси билан бепул таъминланади;
➖ ишлаб чиқариш корхоналарининг раҳбар кадрлари ва ходимлари учун Давлат бошқаруви академияси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида малака ошириш курслари, шу жумладан онлайн тарзда ташкил этилади. Бунда, малака ошириш курсларини битирган мутахассислар белгиланган тартибда кадрлар захирасига киритилади.
Таълим кластеридан келгуси 5 йилда қуйидаги натижалар кутилмоқда:
а) 220 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилар, 3 мингдан ортиқ талаба ва магистрларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида стажировкаси ва амалиёти ташкил этилади;
б) 70 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар хорижий мамлакатларга малака оширишга юборилади;
в) 150 нафардан ортиқ ходимларнинг бакалавриатда, 100 нафардан ортиғи – магистратурада таҳсил олишига жалб этилади;
г) ишлаб чиқариш корхоналарининг 20 нафардан ортиқ мутахассисларининг илмий даража олиши таъминланади;
д) олийгоҳларда 10 га яқин ўқув лабораториялар, симуляцион хоналар ва тренажёрлар ташкил этилади;
е) амалиётчи мутахассислар билан ҳамкорликда 30 тадан ортиқ дарслик, ўқув қўлланма ва бошқа адабиётлар нашр этилади.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан 2021 йил 25 декабрь куни “Uzbekistan GTL” заводининг очилиши ва Шўртан газ кимё мажмуаси қувватларини кенгайтиришга бағишланган тадбирда нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш бўйича топшириқ берилган эди.
Ўзбкекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати