2019 йил 24 июль соат 15:00да Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида, “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқоти бўлиб ўтди. Унда жумладан аҳоли ва улгуржи газ истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, табиий газ таъминотидаги ўзгаришлар, янгиланишлар шунингдек тизимдаги муаммолар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Тадбирда “Ўзтрансгаз” АЖнинг “Республика бўйича табиий газ истеъмолчиларини бир маромда табиий газ билан таъминлашда вилоят газ таъминот бошқармаларининг газ хўжалигини 2019-2020 йиллар кузги-қишги мавсумга тайёрлаш бўйича Режа”си (25.02.2019й.) ҳамда “2019 йиллар газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш манзилли Дастури” ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда барча ҳудудларда амалий жараён давом этаётгани ҳақида маълумот берилди.
Дастурга асосан:
· 20,1 км газ қувурлари мукаммал таъмирланди;
· 44,4 км газ қувурлари реконструкция қилинди;
· 38 268 дона газ тақсимлаш пунктлари техник тафтишдан ўтказилди;
· 3 345,2 км газ қувурларини босим остида зичликка синалди ва ҳаво босими ёрдамида тозаланди;
· 3 362,5 км ер ости газ қувурларининг ҳолатини текширилди;
· 1 228,5 км газ қувурлари бўёқланди.
Режага асосан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жорий йилнинг 1 октябрига қадар якунланиши белгаланган.
Ҳукуматимиз томонидан жорий йил бошида республика газ таъминотини янада яхшилаш бўйича белгилаб берилган аниқ йўналишлар асосида олиб борилган ишлар натижасида ўтган йилнинг куз-қиш даврида 217 минг 563 та аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти бўйича юзага келган муаммолар баратараф қилиниб, аҳвол яхшиланди.
Бундан ташқари, газ тақсимоти тизимидаги нуқсонларни бартараф этиш, табиий газни истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнидаги технологик йўқотишлар ҳажмини камайтириш, замонавий газ жиҳозлари ва энергиятежамкор технологияларни тадбиқ этиш мақсадида “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан газ тақсимоти тизимига янги стандартлар жорий этилмоқда. Жумладан, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, газ тақсимотини 3-босқичли тизимдан (юқори, ўрта, паст) 2 босқичли (юқори,паст) тизимга ўтказиш бўйича амалий ишлар олиб бориляпти.
Дастлабки лойиҳа Тошкент вилоятининг Қибрай тумани У.Юсупов маҳалласида амалга оширилди. Мазкур маҳаллада мавжуд
189 та аҳоли хонадонларининг газ таъминоти 2 босқичли тизимга ўтказилди.
Унга кўра,
· юқори босимли газ тақсимлаш пункти (ГТП) тўлиқ модернизация қилинди;
· хонадонларга ўрнатилган замонавий газ ҳисоблаш ускуналарини автоматик назорат қилиш тизими ўрнатилди;
· ҳар бир хонадонларга замонавий газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди;
· хонадонларга кириш қисмига махсус темир қутиларда босим созлагич (регулятор)лари ўрнатилди;
· ҳудуддаги газ тармоқлари тўлиқ модернизация қилинди;
· газ сарфини онлайн “ITRON” дастури орқали кузатиб бориш мақсадида тумангаз диспетчерлик хизматида махсус монитор ўрнатилди;
· ҳар бир хонадонга газ сизиб чиқиши ва ис газини аниқловчи 189 дона сигнализаторлар ўрнатилди. Бу сигнализаторлар ис гази концентрацияси меёридан ошганда табиий ва суюлтирилган газ сизиб чиққан ҳолларда газ таъминотини автоматик ўчириб, овозли сигнал билан огоҳлантиради.
Ҳозирги кунда кириш қисмига ўрнатилган электрон газ ҳисоблагич билан хонадонларга ўрнатилган ҳисоблагичлар кўрсаткичлари солиштириб, таҳлил қилинганда йўқотиш 1 фоизни ташкил қилмоқда.
Табиий газдан оқилона фойдаланиш ва ортиқча сарфини камайтириш мақсадида Сирдарё вилоятининг Сирдарё тумани, Хонобод қишлоғида тажриба асосида 280 хонадонлардаги фойдаланишда бўлган қозонларда ўрнатилган хавфсизлик автоматикасиз газ ёндиргичлар Тошкент вилояти, Қибрай туманида А.Навоий кўчасида жойлашган “Қибрай газ коммунал” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий иссиқликни автоматик равишда бошқарувчи ва хавфсизлик автоматикаси билан жиҳозланган газ ёндиргичларга алмаштирилди. Ушбу хонадонлар 2017 йилда сарфланган табиий газ миқдорлари шу йил билан таққослаб таҳлил қилинганда, тахминан 10-15 фоизга тежаш имкони яратилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, улгуржи истеъмолчиларга тежамкор газ ёндиргичлари ўрнатилиши натижасида республикамиздаги маиший хизмат кўрсатувчи ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларининг маънавий эскирган 27 минг 502 та газ ёндиргичларини алмаштириш ҳисобига ойига тахминан 10-15 фоиз табиий газни иқтисод қилиш имкони яратилган.
Маълумотларга қараганда, 2019 йилда республика бўйича суюлтирилган газ истеъмолчиларига жами 468 046 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Жорий йил январь-июнь ойларида 232 136 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, амалда 227 185,2 тонна (97,9%), ёки режага нисбатан 4 950,8 тонна кам суюлтирилган газ етказиб берилган. Жорий йил 3-чорагида 117 490,0 тонна ва 4-чорагида 118 420,0 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши кутилмоқда.