Бугун, 14 ноябрь куни Ўзбекистонда илк марта ўтказилаётган Фан ва атом биринчи фестивали Тошкент шаҳридаги Атом технологиялари ахборот маркази (АТАМ)да очилади.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги ҳузуридаги атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом» агентлиги) бош директорининг биринчи ўринбосари Баҳром Мансуров, «Росатом Центральная Азия» бош директори Сергей Громов, Ядро тадқиқотлари миллий университети «МИФИ» Тошкент филиали ижрочи директори Алишер Санетуллаев, «Ўзатом» агентлиги, «Росатом» давлат корпорацияси вакиллари ҳамда фахрий меҳмонлар иштирок этади.
Фестиваль АТАМ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетларида ўтказилади.
Тадбир фан ва инновацияларни оммавийлаштириш, ёшларни замонавий технологиялар билан таништириш, уларнинг атом мавзусига доир саволларига иштирокчилардан жавоб олишлари мақсадида ўтказилмоқда. Фестиваль дастуридан мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган «Атомный добль», «Научный хронограф», «Техностратегия» каби интеллектуал ўйинлар, талабалар учун маърузалар ва илмий-оммавий «Разберем на атомы» ток-шоуси жой олган.
Лекциячилар ва олиб борувчилар сифатида ўзбекистонлик ва россиялик олим ва мутахассислар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Бахтиёр Ибрагимов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори ўринбосари Илҳом Содиқов, Физика-энергетика тадқиқотлари институти (Россия Федерацияси) директори Виталий Хрячков, Урал федерал университети «Атом станциялари ва қайта тикланувчи энергия манбалари» (Россия Федерацияси) кафедраси доценти Олег Ташлыков, Ядро тадқиқотлари миллий университети «МИФИ» (Россия Федерацияси) ўқитувчиси Алексей Пузаков ва Роман Фомин, Челябинск шаҳридаги Атом энергияси ахборот маркази (Россия Федерацияси) директори ва менежери Лариса Матвеева ва Дмитрий Мерзлов иштирок этадилар.
«Бугунги кунда иқтисодиёт тараққиёти аввало илм-фан соҳаси ривожланиши билан боғлиқдир. Ва бу соҳаларда юқори малакали мутахассислар фаолият кўрсатиши учун уларни мактабданоқ тайёрлашни бошлаш керак. Бугунги фестивалимиздек тадбирлар ўқувчи ва талабаларни нафақат илм-фан ютуқлари билан таништиради, балки ҳаёт йўлларида асқотадиган касб танлашларида ҳам ёрдам беради», – деди “Ўзатом” агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Баҳром Мансуров.
«Фестивални ўтказишдан мақсад – ўқувчи ва ёшларда илм билан шуғулланишга қизиқиш ўйғотиш, технологиялар ривожланиши натижасида ёшлар олдида очилаётган имкониятлар билан таништиришдир. Фестиваль иштирокчиларга ядро технологиялари қай тарзда инсон ҳаёти яхшиланишига ҳисса қўшгани, улар турли соҳаларда – саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиётда қўлланилиши ва мамлакат тараққиётида тутган ўрни ҳақида тушунчаларга эга бўладилар. Аминмизки, Ўзбекистонда илк марта ўтказилаётган Фан ва атом биринчи фестивали барча иштирокчилар учун ҳақиқий байрам бўлади, бундай тадбирларни ўтказиш эса биз учун яхши анъанага айланади», – деди «Росатом Центральная Азия» бош директори Сергей Громов.
Маълумот учун:
Фан ва атом фестивали – ядро фани ва технологиялари соҳасидаги илмий-маърифий тадбирлар давомийлигидир. Тадбир атом энергетикаси ривожланаётган кўплаб мамлакатлар – Бангладеш, Ҳиндистон, Беларусь, Арманистон ва бошқа давлатларда катта, ўта оммавий тарзда ўтказилади.