Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида жорий йил 15 ноябрь куни Осиё тараққиёт банки(ОТБ) Марказий ва Ғарбий Осиё Департаменти Энергетика бўлими директори Ашок Бхаргава билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш истиқболлари ҳамда ўтказувчи тармоқларни ривожлантириш ва модернизация қилишнинг келгуси режалари муҳокама қилинди. Хусусан, Сурхон-Пули-Хумри юқори вольтли электр узатиш линияларини қуриш лойиҳасининг ҳолати муҳокама этилди.
Шунингдек, томонлар ОТБдан қарз олиш асосида республика энергетика секторида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш имкониятларини муҳокама қилди.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ёқилғи-энергетика секторини ривожлантиришга фаол кўмак кўрсатмоқда. Мамлакат ҳукумати ва 2001 йилда ОТБ ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг(МОМИҲ) қўшма ташаббуси билан жорий йилнинг 20-21 сентябрь кунлари Тошкентда Марказий Осиё энергетика инвестицион форуми 2019 ва МОМИҲга аъзо давлатлар энергетика вазирларининг биринчи мулоқоти бўлиб ўтди. Мулоқот якунига кўра Марказий Осиё давлатлари энергетика вазирлари декларацияси қабул қилинди ва унда ушбу давлатларнинг 2030 йилга умумий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш умумий мажбурияти мустаҳкамлаб қўйилди.
Шу тариқа, МОМИҲ тадбирлари давлатлар, шу жумладан Ўзбекистонда энергетик хавфсизликка эришиш минтақавий интеграция ва энергия самарадорлигига асосланганлигини яққол кўрсатди.
Жорий йилнининг 1 ноябрь куни Тошкентда МОМИҲ вазирлар анжумани иш бошлади, унда ОТБ президенти Такехико Накао иштирок этди. Унда асосий эътибор энергетика ва унинг минтақавий доирасига қаратилди. Форумда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатида “Минтақанинг барқарор ривожланиши энергетик инфратузилмани модернизация қилиш, ушбу соҳада кўп томонлама лойиҳаларни амалга ошириш орқали ягона энергетик бозорни ташкил этиш билан чамбарчас боғлиқ”, деб таъкидлангани, бежиз эмас.
Ўзбекистон ёқилғи-энергетика мажмуасини ривожлантириш учун ислоҳотларга техник кўмак кўрсатишда намоён бўлган ОТБ фаолиятининг халқаро тажрибаси муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ОТБ кўмагида Сурхондарё вилоятида 100 МВ қувватли фотоэлектрик станциясини қуриш, бошқариш ва унга эгалик қилиш лойиҳасига хусусий инвесторни саралаш бўйича халқаро танлов ташкил этилади. Маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича тегишли келишув 2019 йил август ойида Энергетика вазирлиги, Давлат-хусусий шерикчиликни(ДХШ) ривожлантириш агентлиги ва ОТБ ўртасида имзоланган.
Тендер ғолиби 2020 йил июнда эълон қилиниши кутилмоқда, қурилиш 2020 йил декабрь ойига режалаштирилган бўлиб, бир йилдан сўнг якунига етади. 2021 йилнинг ёзида станциянинг биринчи қувватларини ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳа бўйича танлов шартларига кўра инвесторлар тармоқни барқарорлаштириш ва кечки пайт истеъмол даражаси юқори бўлган соатларда қувватларни етказиб бериш учун энергия тўпловчи кимё батареяларини қуриш учун ҳам ариза топширишлари керак бўлади. Ўзбекистон учун ушбу йўналишда биринчи ҳисобланган мазкур лойиҳа давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга оширилади. Инвестицияларнинг ҳажми тахминан 100 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, улар инвестор учун секин-аста электр энергиясини етказиб бериш учун ойлик ҳисоблар орқали қопланади.
Шунингдек, ОТБнинг молиявий кўмагида “Тахиатош ИЭС — “Хоразм” ПС — Саримой аҳоли пункти(Хоразм вилояти) йўналишида 220 кВли электр узатиш линияларини қуриш” лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 258,5 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, улардан 150 млн. АҚШ доллари ОТБдан олинган қарз ҳисобланади.
Бугунги кунда объектда темир-бетон ва металл таянчлар ўрнатилган, ноябрь охирига лойиҳанинг биринчи босқичи —“Хоразм” ПС - “Саримой” йўналиши бўйича 220 кВли электр узатиш линияларини қуришни якунига етказиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. 2019 йил декабрь ойига Тахиаташ ИЭСдан “Хоразм” ПСгача электр узатиш линияларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Шунингдек, Осиё тараққиёт банки билан Ўзбекистон газ-транспорт тизимини модернизация қилиш соҳасида лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ОТБ томонидан минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда кўмак кўрсатиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати