Сўнги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантариш мақсадида ҳар соҳада қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли ҳалқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Ҳалқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган “Бизнес юритиш – 2020” ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.
Бунинг далилини юридик ва жисмоний шахсларни янги қурилган ва реконструкция қилинган объектларини электр тармоқларига уланишида тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республмикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартда 256-сонли Қарори билан “Юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий Регламенти” тасдиқланганлигида кўриш мумкин.
Регламентга мувофиқ 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар электр тармоқларига уланиши учун Давлат хизматлари маркази ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари белгиланган.
“Жаҳон банки ва Ҳалқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилаш ва тадбиркорлик субъетларига янада қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республмикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги 567-сон қарори билан юқорида қайд этилган регламентга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.
Қарорга асосан, ҳозирги вақтда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ҳузурида электр тармоқларига юридик ва жисмоний шахслар электр қурилмаларини улаш хизматларини кўрсатиш хизматлари ташкиллаштирилган. Улар томонидан Давлат хизматлари маркази ва ягона интерактив давлат хизмати портали орқали келиб тушган мурожаатларга асосан истеъмолчиларга техник шартлар берилиши, қуввати 20 кВтдан юқори бўлган электр энергияси исеъмолчилари учун электр таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш, электр энергияси истеъмолчилари учун қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш функциялари амалга оширилмоқда.
“Юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” нинг талабларидан келиб чиққан ҳолда 2019 йилнинг ўн ойи давомида Ўзэнергоинспекцияга Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали лойиҳа ташкилотларидан янги ишга туширилаётган ва реконструкция қилинган истеъмолчи объектларнинг ташқи ва ички электр таъминоти лойиҳалари келишувини ўтказиш бўйича 9613 та мурожаатлар келиб тушди.
Келиб тушган лойиҳалар ўрнатилган тартибда ўз вақтида кўриб чиқилиб, белгиланган шаклда келишув тўғрисидаги тегишли хулосалар берилди.
Шу билан бирга Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қуввати 20 кВтдан юқори бўлган электр энергияси истеъмолчилариниг электр қурилмаларини ишга туширишга рухсат бериш учун жами 5947 та мурожаатлар келиб тушди. Барча мурожаатлар бўйича инспекциянинг мутахасислари жойларга чиққан ҳолда электр қурилмаларни кўрикдан ўтказиб, тегишли рухсатлар берилди. Руҳсат берилган объектларнинг умумий қуввати жами 1759,63 минг kWни ташкил этади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш мақсадида тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига уланиши билан боғлиқ бўлган қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда муддатлар қайта кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
“Ўзэнергоинспекция” Матбуот хизмати билан ҳамкорликда.