Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимидаги "Ўзэнергоинспекция” томонидан энергетика корхоналарининг электр тармоғи хўжалиги объектларини мавсумга тайёргарлигини ўрганиш ва мазкур ишлар натижаларини назорат қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция“ Фарғона ҳудудий бўлими электр тармоқ объектларини мавсумга шайлигини аниқлаш мақсадида “Фарғона ҲЭТК”АЖ тасарруфидаги 35-110 кВли подстанцияларда ўрганишлар ўтказди.
Мазкур ўрганишлар давомида 15 та подстанцияда 80 дан ортиқ камчиликлар аниқланиб, ушбу ҳолатларни бартараф этилиши юзасидан “Фарғона ҲЭТК” АЖга тегишли кўрсатмалар берилди. Камчиликларнинг бартараф этилиши ва кўрсатмаларнинг бажарилиши тизимли назорат қилинди.
Таъкидлаш керакки, жараёнда “Яккатут”подстанциясидаги қуввати 4000 кВА бўлган Т-1 трансформаторда кўплаб камчиликлар аниқланди. Бу борада берилган тавсиялар ва кўрсатмаларга асосан ушбу камчиликларнинг барчаси бартараф этилгани бугунги совуқ кунларда уларнинг самарали ишлашини таъминламоқда.
Шунингдек, “Янгиҳаёт” подстанциясида ҳам ёнғин хавфсизлиги шити таъмирталаб ва унда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари етарли эмаслиги,Т-1 4000 кВА трансформаторнинг селикогел филтри юқори қисмидан ёғ оқиши тўхтатилмаганлиги, подстанциядаги электр қурилмалар ва барча металл конструкциялар коррозияга қарши бўёқланмаганлиги кузатилди.
Шунингдек, “Ёшлик”, “Узумзор” подстанцияларида ҳам шу каби муаммолар кузатилди.
Эътиборли жиҳати, барча ҳолатлар бўлим томонидан қаттиқ назорат қилиниб, берилган кўрсатмаларга асосида ушбу подстанцияларда камчиликлар бартараф этилди.
Натижада “Фарғона ҲЭТК” АЖ тасарруфида бўлган 74 та подстанцияда қайтадан жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Бизнинг бу каби ўрганишлар бўйича оммавий ахборот воситалари орқали ахборот бераётганимиздан асосий мақсад энергетика тизимидаги мавжуд камчиликларга барҳам бериш, ҳар бир ходимнинг ўз касбига садоқатини ошириш ва истеъмолчиларга намунали хизмат кўрсатишдир.