Қишнинг қорли-қировли, совуқ кунлари бошланиши билан аҳолининг иссиқлик таъминотига бўлган эҳтиёжи одатий меъёрдан бир неча баробар ортди. Табиийки, газ ва электр энергиясига бўлган талабнинг кескин ошиши тизимдаги узилишларга, мазкур ҳолат эса, ўз навбатида, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Президентимиз раислигида жорий йил 2 декабрь куни 2020 йилда устувор йўналишлар бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш, бу борадаги мақсадли параметрларни белгилаш ва таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам ушбу масала атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, энергетика тизимидаги йўқотишларни кескин камайтириш, сотилган электр қувватининг ҳисобини тўғри юритиш ва дебитор қарздорликни қисқартириш ишлари етарли даражада олиб борилмаётгани, табиий газни қазиб олиш, транспортировка қилиш ва тақсимлашда ҳаққоний ҳисобга олиш тизими мавжуд эмаслиги, айниқса, газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани танқид қилинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз газ билан таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.Султонов раҳбарлик қилаётган ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси жойларга чиққан ҳолда газ тизимига ноқонуний уланишларни аниқлаб тармоқдан узиш, мавсумий истеъмолчилар – ғишт заводлари, иссиқхона ва бошқа ишлаб чиқариш қувватларини муқобил иситиш тизимига ўтказиш, бу орқали тежалган газни аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтириш, шунингдек, газ таъминоти корхоналари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, газ узатиш тизимини модернизация қилишдан иборат.
3 декабрь куни ишчи гуруҳ томонидан соҳага алоқадор мутасаддилар, ҳудуддаги газ таъминоти идоралари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Тошкент вилоятининг Зангиота ва Янгийўл туманларидаги ҳолат ўрганилди.
Ишчи гуруҳ дастлаб “Ўзтрансгаз” АЖ Тошкент магистрал газ қувурлар бошқармаси “Жануби-ғарбий” газ тақсимот станциясида бўлди.
– Ўрганишни Тошкент шаҳри ва вилоятига газ тақсимлаб берадиган станциядан тортиб, маҳаллалардаги иссиқхоналар ҳамда ишлаб чиқариш субъектларидаги газга белгиланган тартибда уланганлик ҳолатини таҳлил қилишдан бошладик, – дейди Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.Султонов. – Ўрганиш жараёнида аҳоли учун мўлжалланган газ қувурларига бошқа мақсадларда ёки ўғринча уланган ҳолатлар аниқланса, бу вазиятни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилади. Газдан белгиланган тартибда фойдаланишни йўлга қўйсак, бу борадаги масалалар аста-секин ҳал бўлаверади. Биз биринчи навбатда аҳолининг бу борадаги эҳтиёжини ўйлашимиз керак.
Аҳолини сифатли табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, айниқса, куз-қиш мавсумида узлуксиз етказиб бериш, газдан яширинча фойдаланишнинг олдини олиш каби масалаларда муаммолар мавжуд. Шу билан бирга, тизимда фойдаланиб келинаётган эски технологиялар ортиқча газ исрофига, сарф-харажатнинг кўпайишига сабаб бўлаётгани ҳам сир эмас. Ишчи гуруҳнинг аҳоли билан учрашувларида мана шу жиҳатлар, хусусан, исрофгарчиликка йўл қўймаслик масаласида атрофлича тушунтириш берилмоқда.
Тизимдаги кўп ҳолатлар соҳага истиқболли инновацион технологияларни жорий этишни тақозо этмоқда. Шу мақсадда мутахассисларимиз дунёнинг кўплаб давлатлари тажрибаси ва етакчи фирмалари технологияларини ўрганмоқда.
Маълумотларга кўра, юртимизнинг баъзи ҳудудларида газ транспорти тизимида диспетчерлик бошқарув ва маълумотлар йиғимининг автоматлаштирилиши бўйича амалга оширилаётган SCADA дастури мазкур тизимда маълумотларни реал вақтда қабул қилиш, қайта ишлаш, технологик жараённи мантиқий бошқариш, магистрал қувурлардаги авария ҳолатлари бўйича ўз вақтида хабардор бўлиш имконини беради.
Мазкур дастур доирасида Қибрай тумани Усмон Юсупов номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида паст босимли 5 та эски газ тақсимлаш пункти замонавийсига алмаштирилди. Қайд этилишича, газ тақсимоти тизимининг автоматлаштирилиши хонадонлардаги табиий газ босими билан боғлиқ муаммоларга барҳам бермоқда.
Хусусан, эндиликда аҳолига етказиб берилаётган табиий газ босими оширилди. Мазкур тизимнинг автоматлаштирилиши, шунингдек, маҳаллага берилаётган табиий газ босими, ҳарорати тўғрисида марказлашган диспетчерлик хизматига онлайн маълумот узатиш имконини яратиб, ортиқча газ исрофи, ўғрилик, айниқса, газ билан боғлиқ турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга, тўловларнинг ўз вақтида тўланишига замин яратади.
Шу куни Тошкент вилояти ҳокимлигида ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар таҳлилига бағишлаб ҳудудий сектор раҳбарлари, соҳа мутахассислари иштирокида йиғилиш ўтказилди, унда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
4 декабрь куни ишчи гуруҳ томонидан Тошкент ва Қибрай туманларидаги Ўнқўрғон, Обод, Гулистон, Гулистон – 1 каби қатор маҳаллаларда аҳолига газ етказиб бериш ҳолати ўрганилди.
Қибрай туманининг Ўнқўрғон маҳалласи ҳудудида жойлашган “FLOWER CITY” МЧЖ томонидан 1 гектар иссиқхонада помидор етиштирилмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу тадбиркорлик субъекти иситиш тизимида кўмир брикетидан фойдаланаётир.
Ишчи гуруҳ томонидан мазкур МЧЖ кўмир ва ёғоч қипиғидан брикет тайёрлаш ва шу асосда йўлга қўйилган иситиш тизими фаолияти ўрганилиб, бошқа турдош тадбиркорлик субъектларига намуна сифатида кўрсатилди.
Гулистон ва Гулистон – 1 маҳаллаларини шу ерлик аҳоли “Шанхай”, деб атайди. Боиси, маҳаллада 100 га яқин хонадон бўлиб, маҳалла ҳудудининг асосий қисмини иссиқхоналар ташкил этади. Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур маҳаллаларда ҳам бўлиб, иссиқхоналарни муқобил иситиш тизимига ўтказиш, шунингдек, Қибрай ва Тошкент туманларининг 5 та маҳалласига ортиқча газ исрофи ва газ ўғрилигининг олдини олиш имконини берувчи янги газ қувурларини тортиш юзасидан зарур вазифалар белгиланди.
Шу куни Қибрай туманида ташкил этилган ишчи гуруҳ штабида 4 декабрь куни олиб борилган ўрганишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Ишчи гуруҳ аъзолари, соҳа мутахассислари, ҳудудий секторлар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда ишчи гуруҳ томонидан аниқланган муаммоларни бартараф этиш, белгиланган ҳудудларга янги газ қувурлари тортиш, шунингдек, газ таъминоти корхоналари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА