Тошкент вилояти Қибрай туманида аҳоли истеъмоли учун йўналтирилган табиий газдан тадбиркорлик субъектлари томонидан ноқонуний равишда олинаётган 20 минг куб газ тўхтатилиб, аҳолига йўналтирилди.
Аввал хабар қилганимиздек, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз газ билан таъминлаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ томонидан жойлардаги реал ҳолат ўрганилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов раҳбарлик қилаётган ишчи гуруҳ 5 декабрь куни Қибрай туманида бўлиб, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларининг газ билан таъминланганлик ҳолати, газ тизимига ноқонуний уланишларни аниқлаш ҳамда тармоқдан узиш, мавсумий истеъмолчилар – ғишт заводлари, иссиқхоналар ва бошқа ишлаб чиқариш қувватларини муқобил иситиш тизимига ўтказиш бўйича ўрганиш ва тарғибот тадбирларини ўтказди.
Ишчи гуруҳ томонидан дастлаб, соҳага алоқадор мутасаддилар, ҳудуддаги газ таъминоти идоралари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида туманнинг “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳолат ўрганилди.
Мазкур маҳаллада 650 хонадон бўлиб, 3 минг 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ўнқўрғон ҳудудидаги бошқа маҳаллалар каби ушбу маҳаллада ҳам иссиқхоначилик тармоғи кенг ривожланган. Ишчи гуруҳ томонидан маҳалла ҳудудидаги газ қувурлари белгиланган хавфсизлик талабларига зид равишда тортилгани, бу эса ўз навбатида биринчи навбатда газ билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар рўй беришига замин яратиши, иккинчидан, газ истеъмолида ўғриликларга имкон яратиши қайд этилди. Ушбу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида маҳалла ҳудудига ўрта босимли янги тармоқ тортиш юзасидан зарур вазифалар белгиланди.
Ишчи гуруҳнинг кейинги ўрганиш манзили “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Тошкент магистрал газ қувурлар бошқармаси “SoyuzNIXI” газ тақсимоти станцияси бўлди.
Ўрганиш жараёнида “Ёшлик” ва “Дархон” маҳаллалари ҳудудидаги “Метан” автомобилларга газ қуйиш шаҳобчаси ва иссиқхоначилик йўналишидаги бир гуруҳ тадбиркорлик субъектлари томонидан мазкур станциядан аҳоли учун йўналтирилган табиий газ узатиш қувурларига улаб олиниш ҳолати аниқланди.
Хўш, бу нима дегани ва қандай оқибатга олиб келиши мумкин? Газ тизимида ўрнатилган тартибга кўра, газ тақсимоти станциясидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун табиий газ алоҳида-алоҳида қувурларда узатилади. Мақсад – аҳолига белгиланган меъёрда узлуксиз табиий газ етказиб бериш. Бошқача айтганда, қиш-қировли, совуқ кунларда тадбиркорлик субъектларига етказиб берилаётган газ босимини пасайтириш ёки маълум муддатга тўхтатиш орқали аҳоли эҳтиёжини қондиришдан иборат.
Бу ердаги ҳолат эса бошқача. Яъни, юқорида қайд этилган тадбиркорлик субъектлари аҳоли учун йўналтирилган табиий газ узатиш қувурларига уланган. Бу эса аввало аҳолига йўналтирилган газ мазкур тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжини қондиришга, улардан ортган қисмигина асосий мақсад – аҳоли эҳтиёжи учун етказиб берилмоқда.
– Ваҳолангки, мазкур тадбиркорлик субъектларининг газга уланиш бўйича тегишли ҳужжатида ишлаб чиқариш ташкилотларига қарашли бўлган газ узатиш қувурига уланишга рухсат берилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.Султонов. – Уларнинг қайси асосга кўра, кимларнинг ёрдами билан аҳоли газига уланиб олгани ҳозирча бизга қоронғу. Бизнинг айни пайтдаги асосий вазифамиз уларни аҳоли учун йўналтирилган газ тармоғидан узиб, аҳоли эҳтиёжини қондириш. Ахир, шу каби ноқонуний ҳолатлар, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйиш каби ҳатти-ҳаракатлар сабаб юртдошларимиз, сизу бизнинг ота-онамиз, опа-синглимиз, фарзандларимиз совуқдан қийналмоқда. Тадбиркорлик субъектларининг муқобил иситиш тизимидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган бир пайтда, аҳолининг газ истеъмолида муаммо бўлишига асло йўл қўймаймиз.
Маълумотларга кўра, мазкур тадбиркорлик субъектлари томонидан бир кунда 20 минг куб газ сарфланмоқда. Бу миқдордаги газ айни совуқ кунларда 2 минг аҳоли хонадони эҳтиёжини таъминлашга етади.
Ишчи гуруҳ томонидан тадбиркорлик субъектларига газ тармоғига белгиланган тартибда уланиш бўйича тегишли тавсиялар берилиб, улар томонидан фойдаланиб келинаётган 20 минг куб табиий газ аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилди.
Шу куни Қибрай туманида ташкил этилган ишчи гуруҳ штабида 5 декабрь куни олиб борилган ўрганишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари, соҳа мутахассислари, туман сектор раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ишчи гуруҳ томонидан аниқланган муаммоларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
А.ХУДОЙҚУЛОВ, О.ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА