Жорий йилнинг 2 декабридан 9 декабрига қадар Ўзнефтгазинспекция, “Худудгазтаъминот” АЖ ҳамда “Узстандарт” агентлиги мутахассислари билан биргаликда Республикада табиий газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича мунтазам тадбирлар ўтказилди. Тадбирлар натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра газ таъминоти корхонасига 7 млрд 439 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланди.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган “RUN TONG METAL INDUSTRIAL” МЧЖ ва Ангрен шаҳридаги “Lyux granit” МЧЖ корхоналари текширилганда газ ҳисоблаш учкунасига (счетчик) ташқаридан таъсир етказишга шароитлар яратилганлиги маълум бўлди. Яъни газ ҳисоблагич ҳотирасидаги фойдаланилган газ миқдори тўлиқ езиб борилмаган.
Ҳисоблаш ускуналари конфигурацияси ўзгартирилганидан ташқари, бир неча кун давомида ҳисоблаш ускуналари электр таъминотидан узилганлик ҳолатлари ҳам бўлган, шунга кўра, шу вақт мобайнида ишлатилган табиий газнинг сарфланган миқдори сақланиб қолмаган.
“Тошкентгаз” ҳудудий филиали томонидан берилган техник шартга кўра, “RUN ТОNG METAL INDUSTRIAL” МЧЖ корхонасида табиий газнинг умумий соатбай сарфи 3600 метр куб/соатни ташкил этади. Дастлабки
ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан 30 кун давомида ноқонуний фойдаланилганлик ҳажми 2 млн 592 минг метр кубни ташкил этиб, бу 1 млрд 710 млн сўм миқдордаги зарар етказилган.
“Lyux granit” МЧЖ керамика маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехига келадиган бўлсак, техник шартга кўра, табиий газнинг умумий соатлик сарфи 1683,4 метр куб/соатни ташкил этади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан 45 кун давомида ноқонуний фойдаланилган ҳажми 3 млн. 156 минг метр кубни ташкил этиб, бу эса 3 млрд 156 млн сўм миқдордаги зарар етказилганлиги маълум булди.
Бундан ташқари яна бир ўғирлик Ангрен шаҳридаги “Ангрен Нефть Бизнес” корхонасига қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ҳам аниқланди. Ушбу корхонада газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатилганлиги аниқланиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан 53 кун давомида ноқонуний фойдаланилганлик ҳажми 1 млн 272 минг метр кублик, 1 млрд 272 млн сўмлик зарар етказган.
Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 10 та иссиқхона, паррандачилик хўжаликлари, сопол буюмлар ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, бошқа фаолият билан шуғулланувчи 196 та корхона газ таъминоти корхонасига жами табиий газнинг ноқонуний истеъмоли ҳажми 1 млн 301 минг метр куб (1 млрд 118 млн сўм) ни ташкил этиб, 1 млрд 506 млн сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Юқорида кўрсатилган аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.
Табиий ва суюлтирилган газдан тўғри ҳамда қонуний фойдалиш чора-тадбирлари давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
Ўзнефтгазинспекция Матбуот хизмати билан ҳамкорликда