Таъкидлаш керакки, бу "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ташаббуси билан ташкил этилган GTL заводи учун кадрлар тайёрлаш ўқув дастури туфайлидир. Мазкур дастур доирасида Қатарнинг OryxGTL заводида «UzbekistanGTL» МЧЖ мутахассислари учун ўқув машғулотлари ва ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилган. Маҳаллий мутахассислар ишлаб чиқариш қуввати ва технологияси Ўзбекистонда қурилаётган заводникига ўхшаш бўлган корхонанинг ишга тушириш, хизмат кўрсатиш ҳамда эксплуатация ишлари билан танишиш имкониятига эга бўлади.
OryxGTL – синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарадиган завод бўлиб, Қатарнинг Рас-Лаффан шаҳрида жойлашган. Завод “Qatar Petroleum” (51%) ва “Sasol” (49%) нефть ва газ компанияларига тегишлидир. 2007 йилда OryxGTLнинг суюлтирилган нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамжи суткасига 34 минг баррелни ташкил этган. Ўзбекистонда қурилаётган GTL заводининг суткалик ишлаб чиқариш қуввати эса 38 минг баррелга тенг.
Жорий йилнинг июнь-июль ойларида Ўзбекистонда қурилаётган GTL заводининг дастлабки 25 нафар мутахассиси Қатардаги ушбу заводда амалиёт ўташни бошлади.
Шу билан бирга, улар завод ходимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги заводни ишга тушириш жараёнида носозликларга йўл қўймаслик ҳамда унинг барқарор фаолият кўрсатиши, узлуксиз маҳсулот ишлаб чиқаришини таъминлаш мақсадида OryxGTL заводи ишга туширилган ва фойдаланишга топширилган вақтда кузатилган нуқсонлар мисолида ишлаб чиқариш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этишга доир масалаларда ҳам малакага эга бўлмоқда.
- Қатар заводи мутахассислари Ўзбекистонда қурилаётган GTL заводига бўлган катта қизиқишини билдирмоқда, - деди «Uzbekistan GTL» компаниясининг бошқармаси бўлими бошлиғи Носир Зокиржонов. - Эътиборлиси, делегациямиз аъзоларининг жуда ёшлиги ҳамкасбларимизни ҳайратда қолдирди ва улар ҳам худди биз каби ватанимиздаги заводни ишга туширишда ёш мутахассислар иштирок этаётганидан хурсанд бўлди. Фаолиятим давомида бундай завод ишга туширилишида иккинчи марта иштирок этяпман, илк марта Қорақалпоғистондаги Устюрт газ-кимё мажмуаси ишга туширилишида иштирок этганман. Бу мен ва ҳамкасбларим учун шараф ва катта масъулиятир. Шунинг учун заводни ишга тушириш ва уни бошқариш жараёнида учраши мумкин бўлган барча нуқсонларни иложи борича кўпроқ ўрганишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Бундан ташқари, компания мутахассислари 2019-2020 йилларга мўлжалланган кадрлар тайёрлаш дастури доирасида технологик ускуналар ва технология жараёнларини лицензияловчи хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг корхоналарида махсус ўқувларда иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, “Honeywell UOP Uzbekistan” компанияси Ўзбекистонда қурилаётган GTL заводи учун мутахассислар тайёрлаш ва ўргатиш учун ўзининг технологиялар марказини кенгайтирган. GTL заводида “Honeywell” компаниясининг “Experion Orion” ишлаб чиқаришни бошқаришни энг замонавий автоматлаштирилган тизими ўрнатилади. Худди шунга ўхшаш бошқарув дастгоҳлари Тошкентдаги технологиялар марказида ўрнатилган бўлиб, завод учун муҳандислар ва бошқарув тизими кадрлари тайёрлашда фойдаланилмоқда.
Маълумот учун: Қашқадарё вилоятида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводининг қурилиш майдончасида қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Айни пайтгача жами қурилиш ишларининг 33 фоиздан ортиғи тугаган. Шартномани контракт асосида бажаришнинг умумий жараёни (ЕРС шартномаси) 76,6 фоиздан ошган.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати