Жорий йилнинг 12 декабрида Тошкентда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг «AnsaldoEnergia» (Италия) ва «StoneCityEnergy» (Голландия) компаниялари вакиллари билан музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув давомида «AnsaldoEnergia» компанияси томонидан ўз фаолиятининг тақдимоти ўтказилди, бунда хусусан, электр энергия генерацияси бўйича энг янги технологияларга оид ишланмалар, шунингдек водороддан фойдаланган ҳолда уларнинг барқарорлигини ошириш бўйича маълумотлар келтирилди.
Музокаралар якуни бўйича электр энергия генерацияси бўйича инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича таклифларни биргаликда ўрганиш ва таклифларни тайёрлаш бўйича келишувга эришилди.
Таъкидлаш керакки, «AnsaldoEnergia» энергетика соҳасида электр станцияларни “калити билан” қурилиши, энергетика ускуналарини (газ ва буғ турбиналари, генераторлар ва микротурбиналар) етказиб бериш, ишлаб чиқариш ва хизматлар, шунингдек ядровий энергетикани қамраб олувчи интеграцияланган моделли етакчи халқаро иштирокчилардан бири ҳисобланади.
AnsaldoEnergia газ трубина соҳасининг етакчи вакили ҳисобланади, шунингдек водородни куйдириш бўйича инновацион технология йўналишида етакчи роль ўйнайди.
Ҳозирги кунда «AnsaldoEnergiaSpA» акцияларининг 59,8% Италиянинг CassaDepositi e Prestiti (CDP) давлат молиявий холдингига ва 40% Хитой давлат холдинги ShanghaiElectricCompany га тегишли.
«AnsaldoEnergiaSpA» ўзининг халқаро доирадаги фаолиятини Хитой, Швейцария, Нидерландия, Буюк Британия, Россия, БАА, АҚШ даги 30 дан зиёд маҳаллий компания, қўшма корхона ва филиаллари орқали таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати