Жорий йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “2017 – 2021 йилларда углеводород хом ашёсини қазиб олишни ошириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилган ишлар натижасида Андижон вилояти, Булоқбоши тумани “Чақар” номли майдондаги 2-сонли қидирув қудуғи бурғуланиб, ундан саноат миқёсида газ олишга эришилди.

Суратда “Чақар” майдонидаги янги бурғуланган 2-сонли газ қудуғини ишга туширишга муваффақ бўлган бригада ишчилари. Ўртада "Ўзбекнефтгаз"АЖ Бошқарув раисининг геология бўйича ўринбосари Қабул Тўхтаев ҳамда “Андижоннефт” АЖ Бошқаруви раиси Жалолиддин Бекмуродов.
Ҳозирда ”Андижоннефт” АЖ томонидан “Чақар” майдонидаги ушбу янги бурғуланган 2-сонли газ қудуғини ишга тушириш учун қувурлар ўрнатилмоқда. Қувурлаштириш ишлари якунлангач, Булоқбоши туманидаги яна қўшимча 5 мингта хонадон табиий газ билан таъминланиши кўзда тутилган.
Қудуқдан газ қазиб олиш ҳажми кунлик 200 минг метр кубни ташкил этади.
Қарор доирасида ҳозирги кунда "Учтепа нефт ва газ кони"даги 13-сонли қудуқда ҳам бурғулаш ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Учтепа қишлоғида жойлашган “Учтепа нефт ва газ кони”нинг 12-сонли газ қудуғидан саноат миқёсида газ олингани натижасида туманнинг 5 мингта хонадони табиий газ билан таъминлангани ҳақида хабар берган эдик.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати
