Кўпчиликка маълумки, куз-қиш мавсумининг дастлабки кунлариданоқ электр энергия таъминотида айрим муаммолар юзага келди ва бу жараёнлар медиа-маконда турли шикоятлар, муҳокамалар ва таклиф-мулоҳазаларга сабаб бўлди. «Энергетик тақчиллик» дея аталган мазкур жараён муаммоларининг туб сабаблари, асл моҳияти ҳақида маълумотлар ва тушунчалар берилганига қарамай энергетика тизими «истеъмолчи ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақ» тамойили атрофида муҳокамалар марказида қолаверди.
Ҳатто ушбу тизимда 20-30 йил илгари юқори лавозимларда ишлаган, бироқ кўпчилик каби қилинган ва қилинаётган ишлардан етарлича хабардор бўлмаган айрим собиқ мулозимлар (хорижий нашр таърифи) 3 кун ичида муаммоларга ечим топишга уринди. Энг қизиғи, энергия тежамкорлик ва самарадорлик борасида жамоатчилигимизга лозим тушунчалар берилиб, бунинг сезиларли натижалари пайдо бўлгач, юзлаб ноқонуний уланмалар аниқланиб, йирик миқдордаги жарималар ундирилгач ҳамда электр энергияси импортида маълум келишувлар амалга оширилгач (бу каби ўзаро манфаатли келишувлар аввалги йилларда ҳам бўлган), қисқаси «энергетик кризис» муаммолари маълум маънода ўз ечимини топганидан сўнг айрим хорижий нашрлар таъминотдаги ижобий ўзгаришларни сиёсий тадбир билан боғлашга уринишди. Майли, карвон йўлида давом этаверади...
Ўтин ташиб келтириш таклиф этилган...
Халқимизда «ҳолва деган билан оғиз чучимайди» деган мақол бор. Йиллар давомида йиғилган муаммолар ечими кун, ҳафта ва ой ўлчамига сиғмаслиги мумкин. Шу ўринда, давлат ва жамият фаолиятидаги катта ўзгаришлар босқичли жараён бўлиши лозимлигини инобатга олишимиз зарур. Бу нарса электр энергия ишлаб чиқаришда муқобил энергия салмоғини ошириш жараёнига ҳам тааллуқли. Қайта тикланувчи энергия — йирик инвестициялар талаб қилувчи босқичли жараён эканлигини барчамиз билишимиз, олиб борилаётган ислоҳотларни тўғри англашимиз керак. Нега дейилган саволга жавоб аниқ — анъанавий усулда электр энергия ишлаб чиқариш жараёни экологияга жиддий зарар етказиб, табиий бойликларимизни тежаш масаласига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Умумий фикрлардан йироқлашиб, рақамларга тўхталамиз: 2017 йилда электр энегияси ишлаб чиқариш учун мамлакатимизда мавжуд иссиқлик электр станциялари томонидан 15,2 млрд метр/куб табиий газ, 268,3 млн метр/куб ерости гази, 148,6 минг тонна мазут, 3,31 млн тоннадан зиёд кўмир, 13,7 минг тонна нефтекокс ёқилган.
Тасаввур эта олдингизми?!
2018 йилда бу кўрсаткичлар умумий ҳисобда 8,7 % га ошган, яъни 16,4 млрд метр/куб табиий газ, 326,6 млн метр/куб ерости гази, 154,8 минг тонна мазут, 3,34 млн тонна кўмирдан иссиқлик энергияси олиниб, электр энергиясига айлантирилган.
Электр энергияси ва табиий газ ер қаъридан суғириб олинаётган бойлигимиздир
Мана, якунланиб бораётган йилимизда ҳам электр энергиясига бўлган эҳтиёжимиз аҳоли сони ўсиши ва турмуш даражаси ошиши кўрсаткичларига нисбатан кескин ошиббораётганини кўришимиз мумкин. 2019 йил кўрсаткичлари 2018 йилни тақрибан такрорлаши билан бирга импорт қарийб 33% гаортганлигиникўрсатмоқда.
Биз бир ҳаракат билан ёқадиган чироқ ва газ ер қаъридан суғириб олинаётган бойлигимиз ва энергетикларнинг туну кун машаққатлари эвазига келаётганини билиш баробарида экологик муҳитга зарар етказаётганимизни ҳам англамоғимиз бугунги куннинг долзарб масаласи. Технологик сарфлар (йўқотишлар) устига улардан оқилона фойдаланмаслик, тежамкорлик борасидаги ўқувсизлигимиз, минг афсуски, соҳага оғир юк бўлмоқда.
Яқинда mahalladosh.uz сайтида «Энергетик бўҳрондан қутқарадиган ягона йўл борми?» (http://mahalladosh.uz/post?id=7361#) номли мақола эълон қилинди. Унда юртимизда қуёш, шамол, биогаз энергиясидан фойдаланиш борасида табиий қулай шарт-шароитлар мавжуд эканлиги тўғри қайд этилган. 2014 йилда Самарқандда қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бўйича бошланган ишларга умид билдирилгани-ю, лойиҳа кутилмаганда тўхтаб қолгани зикр этилган. Лойиҳа тўхтаб қолганига бир нечта омиллар таъсир кўрсатгани рост. Лойиҳани молиялаштиришда юзага келган муаммолар ана шу омиллардан бири эди.
Аммо бу билан саноатга «яшил энергия»ни татбиқ этиш жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Муқобил энергия турларининг салмоғини йилдан-йилга ошириб бориш юзасидан бир нечта қарор ва фармонлар эълон қилинди ва уларнинг ижроси айни кунларда халқаро тендерлар орқали аниқланган бир нечта инвестицион лойиҳалар кўринишида амалга оширилмоқда.
Юртимизда қуёш, шамол, биогаз энергиясидан фойдаланиш борасида табиий қулай шарт-шароитлар мавжуд...
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва Франциянинг «TOTAL Eren» компаниялари ўртасида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станцияси қуриш ва эксплуатация қилиш юзасидан келишув имзоланди. Ушбу лойиҳага Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил октябрь ойида Франция Республикасига расмий ташрифи чоғида имзоланган келишув ва тегишли қарорлар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Яқин кунларда Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳудудида қайта тикланувчи энергия станцияси қад ростлайди (http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/20).
Президентимизнинг 2019 йил 1 февраль ва 2 апрелдаги қарорларига мувофиқ Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) кредит маблағлари ҳисобидан Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси иштирокида Ўзбекистонда шамол электр станциялари қуриш бўйича инновацион лойиҳа имзоланди. Шамол генераторлари Нукус шаҳри яқинидаги Қоратоу ҳудудида 100 МВт қувватли, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри яқинида 200 МВт қувватда қурилиши назарда тутилган (http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/81).
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 08 августдаги қарорига мувофиқ Халқаро молия корпорациясининг иштирокидаги давлат хусусий шериклиги дастури асосида Навоий вилоятининг Кармана туманида замонавий фотоэлектрстанция қуриш лойиҳасини амалга оширилади. Серқуёш ўзбек заминида Бирлашган Араб Амирликлари мутахассислари иштирокида қурилажак мазкур қуёш энергияси станцияси йилига 260 миллион кВт•соат электр энергиясини ишлаб чиқариши режалаштирилган (http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/148).
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сонли қарорининг 1-сонли иловасида 2030 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларнинг улушини 25% га етказиш кўрсатиб ўтилган. Ҳозирги кунда ушбу кўрсаткич 10% атрофида.
Бу қайта тикланувчи энергияга ўтишнинг дастлабки босқичига тааллуқли лойиҳаларнинг бир қисми. Бир сўз билан айтганда, ҳукуматимиз топшириқларига биноан Энергетика вазирлиги мутасаддилари томонидан «яшил энергия» тизимига ўтиш бўйича бирмунча ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда ушбу технология бирмунча қиммат эканлиги, ундан самарали фойдаланиш борасида ҳали етарлича кўникма ва тажрибага эга эмаслигимизни алоҳида таъкидлаш лозим. Аммо бу вақт масаласи. Амалга оширилаётган ишлар самарасини истеъмолчилар, яъни Ўзбекистон аҳолиси 2020 йилда яққолроқ кўзга ташланиб бораётганига гувоҳ бўлишади. Кўзланган натижага эришиш учун пухта режа ва молиявий асос зарур бўлишини эса барчамиз яхши биламиз.
Муқобил энергия турлари экологик муҳит мувозанатига салбий таъсирлар даражасини камайтиради...
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳар бир жабҳага зарур бўлаётганидек энергетика соҳасига ҳам молиявий асос, замонавий технологиялар ва муҳандислик салоҳиятидан ташқари истеъмол маданиятидаги маънавий-ҳуқуқий юксалиш ҳам зарур бўлмоқда. Айнан шу масалада ОАВ ҳамда жамоатчилик кўмагига муҳтожмиз.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»
АЖ Ахборот хизмати