Бугун, 18 январь куни Тошкент Халқаро Вестминстер Университети биносида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан «Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Энергетика вазирлиги, “Ўзатом” агентлиги мутахассислари, Тошкент шаҳридаги “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети филиали, Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ва Тошкент Халқаро Вестминстер университети ходимлари ва талабалари, собиқ “Умид” жамғармаси битирувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда дунёда атом энергетикаси энг оммалашган электр энергияси манбаларидан бири бўлиб келмоқда. Дунёнинг 30 та мамлакатида 447 та атом электр станция (АЭС) энергоблоклари фаолият юритиб келмоқда. Айтиш жоизки, фойдаланишдаги энергоблоклар сони бўйича АҚШ (96 та), Франция (58 та), Хитой (48 та), Япония (37 та), Россия (38 та), Жанубий Корея (24 та), Ҳиндистон (22 та), Канада (19 та), Украина (15 та), Буюк Британия (15 та) каби дунёнинг ривожланган мамлакатлари етакчилик қилиб келмоқда. Фойдаланишдаги АЭСлар дунёда умумий ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 11 % ини ташкил қилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2030 йилга бориб мамлакатимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2 бараварга ошиб, талаб 117 млрд. кВт∙с ни ташкил этиши кутилмоқда. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, агар янги генерация манбалари фойдаланишга киритилмаса, мавжуд дефицит 2030 йилга бориб 48 млрд кВт∙с ни ташкил этиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, Республикада ҳар бирининг қуввати 1,2 ГВт дан бўлган 2 та энергоблоклардан иборат “3+” авлодли атом электр станциясини қуриш ва фойдаланиш белгиланди.
Мамлакатимизда АЭСнинг қурилиши бир қатор стратегик аҳамиятга эга масалаларни ечиш имконини беради. Биринчидан АЭС республиканинг энергобалансига қўшимча 2 400 МВт электр энергия қувватини киритиш имконини беради. Бу қувват йилига 21 млрд кВт∙с деганидир, яъни АЭС 2030 йилда республикада ишлаб чиқариладиган жами электр энергиянинг 18 фоизини ишлаб чиқаради.
Иккинчидан, АЭС қурилиши унинг ўрнида барпо этилиши мумкин бўлган иссиқлик электр станциялари учун хомашё бўлмиш табиий газнинг йилига 3,0-3,5 млрд м3 ҳажмини иқтисод қилиш имконини беради. Ушбу газ келажакда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар (полиэтилен, полипропилен ва ҳаказо) ишлаб чиқариш учун чуқур қайта ишлашга йўналтириш мумкин.
Учинчидан, АЭСни қуриш даврида 8 мингдан ортиқ, қурилгандан сўнг 2,5 минг нафар иш ўринлари яратилади, бу эса ўз навбатида АЭС қуриладиган ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши, инфратузилмавий объектларнинг барпо этилишига олиб келади.
Тўртинчидан, АЭСни энергобалансга киритилиши йилига 14 млн. тоннагача CO2 карбонад ангидрид газини ва 36 минг тоннагача NO2 зарарли парник газларини атмосферага чиқишини олдини олади.
Тадқиқотлар натижалари, муҳандислик-техника ва иқтисодий аҳамияти ҳамда мутахассиссилар, халқаро экспертлар хулосаларига асосланиб, АЭС қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Тузкон” кўли яқинидаги майдон танланди.
Маълумот учун, Атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида кадрлар тайёрлаш Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ), “Росатом” давлат корпорацияси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилмоқда. 2019 йилнинг кузида Тошкентда “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университетининг филиали очилди. Ҳозирда ушбу университетда 145 нафар Ўзбекистонлик талабалар ва Тошкент шаҳридаги филиалида 100 нафар талабалар атом энергетикасининг асосий йўналишлари бўйича таҳсил олиб келмоқдалар.
Шунингдек, тадбирда энергия ресурсларини тўғри тақсимлаш, ундан тежамкорлик асосида ва самарали фойдаланиш иқтисодий барқарорликка эришишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Чунки энергия қувватларига ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида эҳтиёж сезамиз. Бугунги кунда мамлакатимиз энергетика соҳасига илғор замонавий тежамкор технологияларни жорий этиш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш сингари зарур ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган йили энг йирик лойиҳалардан бири Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қуриб битказилди, Навоий ва Тахиатош иссиқлик электр станциялари модернизация қилинди. Фарғона водийси вилоятларини электр энергиясига эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имкониятини яратадиган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси 900 мегаватт қувватга эга бўлди. Мазкур станцияда йилига 6 млрд 700 млн киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Умуман олганда, ўтган йили мамлакатимизда 6 та йирик лойиҳа доирасида жами 1076 мегаватт электр энергия қувватлари ишга туширилди. Таққослайдиган бўлсак, юртимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 2016 йилда 12,5 минг мегаваттни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 14 минг мегаваттга етганини кўришимиз мумкин.
Жорий йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, йил охиригача иссиқлик электр станцияларида 1177 мегаватт, гидроэлектр станцияларида 120 мегаватт қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 3 минг 500 мегаваттли буғ-газ қурилмалари, 400 мегаваттли шамол ва шундай қувватга эга қуёш электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.
Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими яхши самара бераётир. Бу борадаги қамровга назар соладиган бўлсак, 2019 йил охиригача республика бўйича 2 528 770 дона истеъмолчиларга замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилган. Жорий йил якунигача яна 4 миллион 500 минг дона замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш кўзда тутилган.
Тадбир якунида мутахассислар журналистлар ва талабаларнинг саволларига атрофлича жавоб бердилар.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати