Ҳурматли тадбиркорлар!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5646-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси (“Ўздавэнергоназорат” инспекцияси) негизида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузурида Электр энергетикада назорат инспекцияси (Ўзэнергоинспекция) ташкил этилган.
Ушбу инспекциянинг асосий вазифаларидан бири, бу юридик ва жисмоний шахслар (аҳолидан ташқари) томонидан электр энергиясини ишлаб чиқариш, ўзатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник қоидалар ва нормалар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширишдан иборат.
Ўз вазифаларини амалга ошириш доирасида Ўзэнергоинспекция бир қатор давлат хизматларини амалга оширади. Жумладан, электр энергияси истеъмолчилари учун электр таъминоти лойиҳасини келишиш, электр энергияси истеъмолчилари электр қурилмаларининг тайёрлигини аниқлаш ва кейинчалик истеъмолчилар электр қурилмаларини электр тармоғига улаш тўғрисидаги далолатномани имзолаш каби хизматларни амалга оширади.
Ўзэнергоинспекция томонидан тадбиркорлик субъектларининг текширувлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда, фақат уларнинг электр қурилмалари амалдаги техник эксплуатация қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидалари нормаларига мувофиқлиги доирасида амалга оширилади.
Ўзэнергоинспекция ўз ваколати доирасида, тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш услубига янгича ёндашган ҳолда, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда енгиллаштиришга қаратилган таклиф ва мурожаатларни чуқур ўрганиб, уларни амалга оширишда ўз тавсиялари билан кўмаклашади. Хусусан:
реактив энергияни компенсация қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш;
электр қурилмаларни электр тармоқларига улаш бўйича технологик таҳлиллар ўтказиш;
электр таъминоти корхонаси томонидан берилган техник шартларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш;
электр таъминоти шартномаларини тузишда амалий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг қонунчиликка мувофиқлигини таҳлил этиш;
электр таъминотининг жорий ҳолатини таҳлил қилиш;
низоли вазиятларни ўзганиб чиқиб, хулоса бериш;
тадбиркорлик субъектларининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш каби хизматларни кўрсатиши мумкин. Шунингдек, ҳар бир тадбиркор ва таъминотчи ўртасида юзага келган муаммоларга холисона ечим топиш, уларга зарур қулайликлар яратишда кўмаклашувчи ҳамкор бўлишга ҳам энг устувор вазифалардан бири сифатида қаралади.
2019 йилда инспекция томонидан тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш мавзуларида бир қатор семинар машғулотлари ўтказилди. Жумладан, ташкил этилган 221 дан зиёд ана шундай семинарда электр жиҳозлари ва қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди. Зарур ахборот-плакатлар нашр этилиб, тарқатилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқ ва сайтларда расмий саҳифа ҳамда каналлар ташкил этилди. Уларда муҳим ахборот ва янгиликлар мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда.
Истеъмолчилар соҳа бўйича саволларига жавоб олиши учун energoWIKI мобиль иловаси ишга туширилди ва маълумотлар базаси тизимли равишда такомиллаштириб борилмоқда. Бу албатта, ушбу соҳада ҳуқуқий базанинг яратилиши истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва керакли кўрсатмаларга эга бўлишда муҳим аҳамият касб этади.
Бу, ўз навбатида, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари олдидаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда Ўзэнергоинспекция ҳам четда турмасдан, мавжуд масалаларни ечишда доимо уларнинг ҳамкори бўлишида катта аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланган коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Унинг йўлига қатъий тўсиқ қўйиш эртанги кунимизнинг фаровонлигига, халқимизнинг давлатимиздан рози бўлиб яшашида ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнайди. Шундай экан, истеъмолчилар томонидан соҳада коррупция аломатлари ва ҳар қандай қоидабузилишлар кузатилганда тезкор мурожаат қилиш учун “ишонч телефони” (71 233-02-86) фаолияти йўлга қўйилган.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Ўзэнергоинспекция томонидан тадбиркорларга яна қандай амалий ёрдам ва хизматлар кўрсатилиши лозим деб ҳисоблайсиз?
Таклифларингизни evuzenergoinspeksiya@umail.uz электрон почтамиз ёки телеграм ижтимоий тармоғидаги қуйидаги манзилимизга юборишингизни сўраймиз: t.me/Energoinspeksiya.
Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим!
Ўзэнергоинспекция Матбуот хизмати