Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4067-сонли қарорига мувофиқ «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Осиё Тараққиёт банки билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси газ-транспорт тизимининг газ тақсимлаш объектларида табиий газ оқимлари мониторинги ва бошқаруви тизимини (SCADA) жорий этган ҳолда модернизациялаш дастури» лойиҳасининг I босқичини амалга ошириш бошланди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 13 ноябрда минтақавий лойиҳалар, биринчи навбатда транспорт йўлакларини ривожлантириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокама этиладиган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг Вазирлар даражасидаги конференциясида иштирок этиш учун республикамизга келган Осиё Тараққиёт банки президенти Такехико Накао бошчилигидаги ушбу банк делегациясини қабул қилди.
Қайд этиш керакки, магистрал газ қувурларининг 50 фоиздан ортиғи 30 йилдан кўпроқ вақт мобойнида фойдаланиб келинмоқда. Газ ҳайдаш агрегатларининг 45 фоиздан ортиғи маънан ва жисмонан эскирган бўлиб, улар алмаштирилиши ёки таъмирланиши лозим. Республиканинг газ узатиш тизимидаги фалокатларнинг олдини олиш мақсадида ушбу лойиҳа «Ўзтрансгаз» АЖ учун устувор вазифадир.
Лойиҳанинг асосий мақсади табиий газ транспортини, экспорти ва транзитининг барқарор ва узлуксизлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, компрессор станцияларини модернизациялаш, газ ўтказиш қувурларини диагностика қилиш, капитал таъмирлаш, ишлаб турган ва қурилаётган янги газ магистрал қувурларини ўрнатилган қувватда ишлашини таъминлашдан иборат.
Ҳозирги вақтда «Ўзтрансгаз» АЖ ОТБ билан фаол ҳамкорлик қилмоқда, грант маблағлари ҳисобидан хорижлик маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Бугунги кунда жами жалб этилган грант маблағлари ҳажми 1 млн. доллардан ортди.
Маълумот учун:
«Ўзтрансгаз» АЖ фаолиятини такомиллаштириш ва корпоратив трансформациялаш» лойиҳаси бўйича маслаҳатчи -Арилд Дирсет;
«Ўзтрансгаз» АЖ молиявий моделини яратиш бўйича маслаҳатчи – Жереми Хоренби;
Кадрларни танлаш ва тайёрлаш борасида халқаро кадрлар сиёсатини жорий этиш бўйича маслаҳатчи – Андре Котэ;
«Харидлар тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва жорий этиш» лойиҳаси бўйича маслаҳатчи – Завье Гумберт;
ГТТни модернизациялаш лойиҳасини техник баҳолаш бўйича маслаҳатчи - Тору Ито.
Шунингдек, газ-транспорт тизими гидравлик моделини ишлаб чиқиш ва Марказий Осиё бозори учун «Demand-Supply» моделини жорий этиш учун ILF Consulting (Германия) халқаро инжиниринг компанияси билан иш бошлаб юборилди.
«Ўзтрансгаз» АЖ ОТБ маслаҳатчилари билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси газ-транспорт тизимининг газ тақсимлаш объектларида табиий газ оқимлари мониторинги ва бошқаруви тизимини (SCADA) жорий этган ҳолда модернизациялаш дастури» лойиҳаси доирасида 2019 йил мобайнида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Аудит бўйича – ОТБ мустақил маслаҳатчиси (Кевин Веллер) томонидан «Ўзтрансгаз» АЖ объектларининг техник ҳолати баҳоланди;
Ишлаб чиқиш – «Mott MacDonald» мустақил инженерлик-консалтинг компанияси томонидан техник-иқтисодий асослар ва лойиҳа ҳужжатлари, «Mott MacDonald» ва «Ўзлитинефтегаз» АЖ ҳамкорликда тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилди;
Баҳолаш – халқаро маслаҳатчилар ёрдами билан атроф-муҳитга кўрсатиладиган таъсир, ҳамда маиший (Андре Коте) ва гендер шартлари (Катлин Маклин) баҳоланди;
Road Show – потенциал ҳамкорлар ва манфаатдор компаниялар учун кенг миқёсли тадбир ташкил этилди;
Due Diligence томонидан – 7 та йўналиш бўйича тақдимот ўтказилди.
ОТБ маслаҳатчиларининг жорий йил 3-8 февраль кунлари Тошкент шаҳрига ташрифи доирасида лойиҳани амалга ошириш ишларини жадаллаштириш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан бир қатор учрашувлар ўтказилди, лойиҳани қўшимча ёритиш, жорий саволлар ва лойиҳанинг 1-босқичини амалга ошириш учун таклиф этилаётган кредитнинг кейинги босқичлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Келгусида “Ўзтрансгаз” АЖни шаффоф ва замонавий компанияга айлантириш, ҳамда юқори халқаро корпоратив рейтингга эга бўлиш мақсадида халқаро маслаҳатчилар билан ҳамкорликда фаол ишлар олиб борилмоқда.
Харид тизимини Халқаро молия институтларининг мезонларига мос тарзда такомиллаштириш борасидаги ишлар жадал олиб борилмоқда. Хусусан, делегация билан ўтказилган учрашувлар доирасида харидлар бўйича эксперт Завье Гумберт ОТБ томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларда қўлланиладиган харидлар тизими тўғрисида маъруза қилди. Қайд этиш керакки, ОТБ халқаро харидлар бўйича катта тажрибага эга ва ушбу тажриба кўплаб мамлакатларнинг “харидлар тўғрисида”ги қонунида платформа сифатида қўлланилади. Ўзбекистонда харидларни тартибга солиш борасидаги қонунчиликда ҳам улардан фойдаланиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур лойиҳа газтаъминот соҳасида муҳим ижтимоий муаммони, аниқроқ айтганда, аҳоли ва стратегик объектларни табиий газ билан таъминлашдаги узилишларга олиб келувчи авария холатларини бартараф этади. Учрашувда газтаъминот инфратузилмасини модернизация қилишдаги кечикишлар – табиий газни барқарор ва узлуксиз транспорт қилишда жиддий хавф туғдириши мумкинлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати