Электр энергияси истеъмолчилари томонидан қувват коэффициентининг норматив қиймати таъминланмаслиги оқибатида электр энергиясини ишлаб чиқиш ва истеъмолчиларни тармоғига узатишгача бўлган энергетика объектлари тармоқларидаги электр энергияни узатишдаги йўқолишлар меёридан ортиб кетмоқда. Бу борада “Ўзэнергоинспекция” аввалам бор, ҳудудлардаги истеъмолчилар иштирокида ўқув семинарлар ташкил этиб, истеъмолчиларни энергетика соҳасидаги билимларини ошириш, уларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яна бир бор эслатиш, электр энергиясини иқтисод қилиш усуллари, энергетика соҳасидаги хавфсизлик техникаси ва реактив қувватни компенсация қилинмаслиги оқибатида энергетика тизимига катта зарар етказилиши бўйича тушунтиришлар олиб бормоқда.
Бундан ташқари истеъмолчилар томонидан реактив қувват компенсация қилинмаслиги оқибатида электр тармоқларида қўшимча реактив юкламаларни оқиб ўтиши ва бунинг оқибатида электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб бергунга қадар бўлган тармоқларда кучланишлар меёридан пасайишига олиб келмоқда. Бу ўз-ўзидан электр тармоқларини ишончлилиги йўқолиши, тармоқлардаги авария ҳолатларини ортиб кетиши, электр тармоқларини ўтказиш қобилиятини тушиб кетишига олиб келади.
Бундай оқибатларни олдини олиш мақсадида инспекция томонидан шу йилнинг сўнгги уч ойи давомида республика бўйича 7 470 та истеъмолчиларга кўрсатма хатлари юборилган ва ушбу истеъмолчиларнинг 1 821 таси томонидан реактив қувватни компенсация қилиш ишлари амалга оширилган. Бунинг натижасида электр энергиясини узатишдаги технологик йўқолишларни 1 970 134 кВт.с.га камайтиришга эришилди. Такрорий берилган кўрсатмалар сони 2 638 тани ташкил этган бўлса шулардан 223 та истеъмолчи ишларни ташкил этган ва бунинг натижасида 527 785 кВт.с. электр энергиясини тежашга эришилди.
Қиёслаш учун, ушбу электр энергияси Тошкент шаҳрининг бир суткалик электр энергияси миқдорини ташкил этади ёки бу миқдор билан оддий бир мактабгача таълим муассасасини ўртача ярим йил таъминлаш мумкин бўлади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилинган ҳужжатлар сони 34 та, шулардан 6 та истеъмолчи компенсация ишларини қайта ташкил этганлиги натижасида 32 119 кВт.с. электр энергияси тежалди.
Масалан, Андижон туманидаги истеъмолчилар “Ирмаш плюс” МЧЖ томонидан 3 687 кВт.с., “Узтонгхонг” АЖ томонидан 9 557 кВт.с., “Хорсеповер” МЧЖ томонидан 2 100 кВт.с., “Узсемюнко” АЖ томонидан 1 447 кВт.с. ва “Транссервиссавдо” МЧЖ томонидан 700 кВт.с. электр энергияси тежалган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари” талабларини бажариш мақсадида истеъмолчилар томонидан ҳисоб-китоб даврида электр таъминоти шартномасида кўрсатилганига нисбатан қувват коэффициентининг амалдаги қийматини пасайтиришга йўл қўйилганлиги тўғрисида “Ўзэнергоинспекция”нинг тасдиқловидан сўнг “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан реактив энергия ўрни етарлича қопланмагани ҳисобига электр энергияси йўқолиши қийматининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини амалга оширилиб ва истеъмолчилардан маблағлар ундириб келинмоқда.
Масалан, биргина шу йилнинг май ойида республика бўйича 8 950 та истеъмолчиларга техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар амалга оширилиб. 20 245 928 кВт.с. электр энергияси учун 6 582 662 613.74 сўм миқдорида пул маблағлари ундирилди. (Масалан, "Roots Business" МЧЖ - 72 325 845 сўм, "Ўзкабель" ОАЖ ҚК - 13 570 007 сўм, "Anglesey Food" ИЧЖ ШҚК - 20 620 307 сўм, "Poytaxt Non" МЧЖ - 5 044 771 сўм, “Завод махсус полимер” МЧЖ ШҚК - 5 022 925 сўм, ДП ЛМЗ - 24 473 809 сўм.)
Инспекция ўз ваколати доирасида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан биргаликда истеъмолчилар томонидан электр энергиядан фойдаланишлар бўйича ўтказган ўрганишлари натижасида шу кунга қадар 377 та қоидабузарликлар аниқланган, аниқланган қоидабузарликлар бўйича етказилган зарарлар бўйича 11 576 596 958 сўмга қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилган. Жумладан Қашқадарё вилоятидаги истеъмолчи “Ислом Мухтор Ҳамкор” МЧЖга 124 222 250 сўм ва июль ойида Тошкент вилоятининг Зангиота ва Чирчиқ туманларида ўрганиш ўтказилганда “Сардор Капитал Люкс” МЧЖ, якка тартибдаги тадбиркор Усманов Абдумалик Абдумуталович, 3 ва 6-сонли Давлат нотариал идораси, фуқаро Д.Абдуллаев, М.Мўминовга тегишли ғишт қуйиш майдончасидаги насос электр тармоғига рухсатсиз улангани аниқланди.
Ушбу истеъмолчилар электр тармоғидан узилди ва тегишли чоралар кўриш учун ҳужжатлар керакли бўлимларга топширилди.