Тошкентда 2020 йил 3 март куни электр энергетика соҳасидаги лойиҳа — Сирдарё вилоятида буғ-газ қурилмали (БГҚ) электростанцияни қуриш бўйича видео конференция шаклидаги инвесторлар анжумани бўлиб ўтди. Лойиҳа давлат хусусий шерикчилиги (ДХШ) асосида амалга оширилмоқда.
Конференция Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги қошида ДХШ ни ривожлантириш бўйича агентлик томонидан Халқаро молиявий корпорация (ХМК, Жаҳон банки гуруҳи аъзоси) билан биргаликда ташкил қилинди. ХМК ушбу лойиҳанинг тендер савдоларини ўтказиш бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.
Қуввати 1500 МВт га тенг бўлган аралаш турдаги циклли электр станцияни қуриш бўйича тақдим қилинаётган лойиҳа Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида ДХШ асосидаги навбатдаги лойиҳаси ҳисобланади. Ҳозирги пайтда, хусусан, Самарқанд, Жиззах вилоятларида ва Шерободда қуввати 200 МВт га тенг қувватли фотоэлектр (қуёшли) станцияларни лойиҳалаш, молиялаш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича учта лойиҳа амалга оширилмоқда.
Конференцияда Sumitomo, Mitsui, Engie, EDF, Kepco, AcwaPower, Hyundai, Mitsubishi, Marubeni каби йирик халқаро компаниялари вакиллари, шунингдек, дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, БАА, Қувайт, Испания, Россия, Ҳиндистон ва Германия каби манфаатдор томонлар вакиллари иштирок этди.
Анжуман давомида турли мамлакатларнинг бир қатор йирик хусусий компаниялари вакиллари бўлган салоҳиятли инвесторлар Ўзбекистонда ДХШ асосида амалга оширилаётган лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Унда, Ўзбекистоннинг энергетика сектори, мамлакатдаги ДХШ соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий база, шунингдек лойиҳа кўлами ҳамда уларни қуриш бўйича пудрат тендер савдолари предмети бўлган ДХШ бўйича битимлар таркиби ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлди.
Инвесторлар конференцияси якунлари бўйича 31 та компания тендерда қатнашиш истагини билдирди. Ва бу дастлабки натижа.
«Биз Тошкентдаги инвестициявий конференциямизга ҳурматли меҳмонлар гуруҳини таклиф этишдан мамнунмиз. Уларнинг барчаси энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган тадбирларимизни тан олмоқда, анжуманда иштирок этиш орқали бу борада бизга ҳамроҳлик қилишдан манфаатдор эканликларини намойиш қилмоқда. Мазкур давлат-хусусий шерикчилигимизни муваффақиятли амалга оширилиши келгусида ҳам табиий газдан самарали фойдаланиш имконини беради», - деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси лойиҳа офиси директорининг ўринбосари Бахромбек Умарбеков.
Қўшимча сифатида қайд этиш мумкинки, Сирдарё вилоятида ДХШ асосида буғ-газ қурилмали электр станцияни қуриш бўйича тендер савдолари икки босқичда ўтказилади. Ҳукумат билан электр станцияни молиялаш, лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш, унга техник хизмат кўрсатиш бўйича узоқ муддатли битим тузиш учун хусусий шерик танлов йўли билан аниқланади. Ушбу давлат-хусусий шерикчиликнинг муваффақиятли амалга оширилиши электр энергияси етказиб бериш барқарорлигини ошириш ва табиий газдан янада самарали фойдаланиш имконинини беради.
Шунингдек, 2019 йилда Ўзбекистонда ХМК кўмагида халқаро тендер савдоларининг биринчи босқичи ўтказилди ва унинг натижалари 4 октябрда эълон қилинди. Тендер Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган биринчи фотоэлектр (қуёшли) станцияни қуриш бўйича ўтказилди.
Халқаро тендернинг биринчи босқичида ХХР, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, БАА, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Россия, Испания, Норвегия ва Франциядан 23 та компания қатнашди, шундан квалификация танловидан 11 та компания ўтди.
Тендер тижорий таклифлари 5 компания: «AcwaPower» (Саудия Арабистони); «JinkoPower» ва «AljoimahEnergy&WaterConsortium» (ХХР/Саудия Арабистони); «Masdar» (БАА); «TBEA XinjianingSunoasisCoLtd» (ХХР) ва «TotalEren» (Франция) томонидан берилди.
Даъвогарларнинг техник ва тижорий таклифларини ўрганиш натижалари ва уларни баҳолаш асосида, тендер комиссияси томонидан халқаро тендернинг биринчи босқичи ғолиби деб 1 кВт.с ишлаб чиқарилган электр энергияси учун 2,679 АҚШ центи тарифи ва 12 ойлик қурилиш муддати билан «Masdar» (БАА) компанияси эълон қилинди.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати