Бугунги кунда бутун жаҳонда электр энергия истеъмоли тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ)дан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Сабаби, муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланиш ерости бойликлари заҳирасини тежаш билан бир қаторда, атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини ҳам камайтиради.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги корхона ва ташкилотларда ҳам энерготежамкорликни таъминлайдиган технологиялардан кенг фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштириш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда.
- Мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги корхона ва ташкилотлар кесимида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Режага асосан ИЭС ва ИЭМларда 2020 йил давомида 83 та муқобил энергия ускуналари ўрнатилиши режалаштирилган – дейди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарма бошлиғи О.Захидов
Бу борада “Тахиатош ИЭС” акциядорлик жамиятида ҳам белгиланган чора-тадбирлар асосида ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Айни кунларда қуввати 4 kVtга эга қуёш панеллари ҳамда қуёш сув иситгичларини ўрнатиш ишлари якунланди. Бу каби амалий ишлар акциядорлик жамиятида давом эттирилмоқда.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати