«Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмалари мутахассислари ҳам «Биз сиз учун ишда қолдик, сиз биз учун уйда қолинг»! челленжида иштирок этдилар.
Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин сабабли, «Ҳудудгазтаъминот» АЖга фуқаролардан табиий ва суюлтирилган газни узлуксиз етказиб берилиши билан боғлиқ кўплаб мурожаат ва саволлар келиб тушмоқда. Қуйида шу каби саволларнинг энг долзарб ва муҳимларига жавоб берамиз.
Карантин даврида газ таъминоти тўхтатиладими?
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ишчи-ходимларининг асосий вазифаси ҳеч бир оила, ҳеч бир хонадонни ҳаётий муҳим ресурсдан узилмаслигини таъминлашга қаратилган. Карантин даврида табиий ва суюлтирилган газ таъминотини етказиб бериш тўхтамайди. Айни дамда, зарур бўлмаган ҳолларда кўчага чиқмаслик тавсия этилган бир вазиятда, Жамият томонидан аҳоли хонадонларини "зангори ёқилғи" билан бир маромда таъминлаш учун барча чоралар кўрилган. Авария, газ сизиб чиқиши, таъмирлаш билан боғлиқ, ортга суриб бўлмайдиган фавқулодда вазиятлар бундан мустасно.
Карантин даврида ходимлар ҳамда табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчилари ўртасидаги алоқани камайтириш, ўзаро мулоқотдаги хавфсизликни таъминлаш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан газ таъминоти тизими ходимларининг истеъмолчилар билан ўзаро хавфсиз муносабатларини таъминлаш учун махсус қоидалар ишлаб чиқилган. Мисол учун, барча ходимлар гигиеник воситалар, хусусан, тиббий қўлқоп ва ниқоб, махсус форма билан бепул таъминланганлар. Бундан ташқари, тиббиёт ходимлари ҳар куни уларнинг соғлиғини текшириб, тана ҳароратини ўлчайдилар.
Шунингдек, тақдим қилинадиган транспорт воситасининг кўчаларда хавфсиз ҳаракатланиши учун тегишли ускуналар ва эҳтиёт қисмлар, суюлтирилган газ баллонларини ташиш тизимли равишда дезинфекциялаш босқичидан ўтади.
Барча туман, шаҳар ва вилоят бўлинмалари томонидан ҳар куни эрталаб ҳудуд, бино, ходимларнинг иш жойи ва ҳатто газ баллонлари ҳам санитария текширувидан ўтказилади. Бир сўз билан айтганда, ходимлар ва истеъмолчилар хавфсизлиги учун барча чоралар кўрилган.
Агар истеъмолчига газ қурилмасини зудлик билан таъмирлаш зарур бўлиб қолса, бу вазиятда нима қилиш керак, қаерга ва қандай мурожаат қилинади?
Бундай вазиятда истеъмолчи яшаш манзили бўйича «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий бўлинмаларига қўнғироқ қилиб, ариза қолдириши лозим бўлади. Ҳудудлар бўйича барча телефон рақамлари www.hududgaz.uz сайтида жойлаштирилган. Ҳар бир ҳудудда бевосита ўз иш жойидан ишлаётган ҳамда масофадан туриб иш олиб бораётган ходимлар мавжуд. Уларнинг иш шакли муҳимлилик даражасидан келиб чиқиб тузилган. Яъни, вазифаси тузатиш-таъмираш ва жойига чиқиш лозим бўлган мутахассислар ўз иш жойларида бўлиб, мижозлар мурожаати бўйича ишлайдилар. Бу дегани, хавотирга ўрин йўқ. Барча истеъмолчиларга хизматлар тўлиқ ва сифатли тарзда, энг асосийси – ўз вақтида кўрсатилади.
Маҳалламиз аҳолиси суюлтирилган газ билан таъминланади. Газ баллонлари бизга ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда етказиладими? Газ таъминотида узилишлар бўлмайдими?
Мамлакатимизда 3.5 миллиондан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд. Карантин даврида хеч бир оила ёқилғисиз қолмайди ва бунинг учун «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан барча ресурслар сафарбар этилган ҳамда барча чоралар кўрилган. Автотранспорт воситалари парки сезиларли кенгайтирилиб, газ баллонлари сони оширилган. Шунингдек, барча ҳудудларда “айланма усул” тадбиқ қилинган бўлиб, бунда маиший фойдаланишда ёқилғи узилишининг олди олинади. Истеъмолчиларга газ баллонларини етказиб бериш тасдиқланган режа-жадвал асосида, тўлиқ ҳажмда амалга оширилади.
Карантин даврида фуқароларнинг уйда бўлишлари сабабли, мутахассисларга мурожаат қилиш, ариза қолдириш ёки мурожаатни масофадан йўллашнинг имкони борми?
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз фаолияти аввалидан бошлаб, мутахассислар ва истеъмолчилар ўртасида онлайн тарзда ёки телефон орқали мулоқотни олиб бормоқдалар. Масалан, “Facebook” ижтимоий тармоғида етти ойдан ортиқ давр мобайнида “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” номли очиқ турдаги гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бунда мутахассислар истеъмолчиларнинг саволларига жавоб бериб, мурожаат ва шикоятларни ҳал этилиши учун тезкор чоралар кўрадилар. Шунингдек, фуқаролар томонидан мурожаат, шикоят ва таклифлар қолдирилиши мумкин бўлган “ТЧСЖ и как с ним жить” ва “Коммуналка” номли гуруҳлар билан ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилган. Бундан ташқари, “Call-марказ” ишга туширилган бўлиб, 1104 ёки (71) 200-08-04 рақамлари орқали фуқаролар мурожаатлари қабул қилинади. Шунингдек, ҳудудий бўлинмаларда шу каби “Call-марказ”лар мавжуд бўлиб, уларнинг телефон рақамлари ҳам сайтга жойлаштирилган. Фавқулодда вазият содир бўлганда 104 ягона рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмалари мутахассислари мамлакатимизнинг барча фуқароларини уйда қолиб, ўзлари ва яқинларини эҳтиёт қилишларини сўрайди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати