САВОЛ: Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб мунтазам ошиб бораётганини ҳисобга олганда, келгуси прогнозлар қандай – ушбу манбадан фойдаланилганлик учун тўлов қанчага ошади?
БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ: Мамлакатимизни 2030 йилгача узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш бўйича мақсадларга эришиш учун, прогнозларга кўра, электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар ошириш керак. Агар 2019 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 63,6 млрд. кВт⋅соат бўлган бўлса, 2030 йилда бу рақам 121 млрд. кВт⋅соатга етиши лозим.
ЖАВОБ: Ўзбекистонда электр энергияси ишллаб чиқариш ҳаражатлари ҳанузгача уни истеъмол қилишга бўлган тўловга қараганда, анча юқори. Ҳисоб-китобларга кўра, Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда бир киловатт соат электр энергия ишлаб чиқаришга 403 сўм сарф қилинади. Бугун аҳоли
1 кВт учун қарийб 295 сўм тўлайди. Яъни аҳоли учун электр энергия нархи ўн йил илгари бўлганидек, давлат томонидан белгиланади. Агарда шу тариқа давом этса, тармоқ нафақат ўн йиллар, балки бир неча йилда мутлақо норентабел соҳага айланади, сармоядорлар учун жозибадор бўлмай қолади ва ўз навбатида, бутунлай таназзулга учрайди. Ҳеч бир маданий жамият бунга йўл қўймайди.
Яъни, аҳоли сарфлаётган электр энергияга тўлайдиган ҳақни унинг ҳақиқий таннархи миқдорига яқинлаштириш – барча ривожланган давлатлар ўтган объектив қонунийликка асосланган йўлдир. Бундан ташқари, инфляция даражасига кўра тарифларни ошириш ҳам – иқтисодий ривожланган мамлакатлар учун мутлақо нормал даражадир.
Бироқ тарифларнинг оширилиши даражасини тизимлашга таъсир кўрсатиш мумкин ва бу керак ҳамдир. Бу борадаги замонавий йўллардан бири – электр энергия соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини жорий этишдир.
Давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги лойиҳалар сармоядорлар ўртасида рақобат муҳитини яратиш имконини беради. Бу дегани, тендер иштирокчилари лойиҳада ғолибликни қўлга киритиш учун электр энергиянинг таннархини камайтиришга асосланган таклифлар беради. Бу эса, тарифларга таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Айнан рақобат давлат монополиясидан фарқли ўлароқ, таннархни арзонлаштириш имконини беради.
Шу боис, ҳозирги кунда Энергетика вазирлиги томонидан хусусий электр станцияларини қуриш ва эксплуатация қилиш учун йирик инвесторлар фаол жалб этилмоқда. Иштирок этиш шартларидан бири – ишлаб чиқарилаётган электр энергиянинг сўнгги нархини кўрсатишдир.
Масалан, Энергетика вазирлиги томонидан жаҳоннинг энг йирик компанияларидан бири «ACWA Power» (Саудия Арабистони) билан битим имзоланган. Компания Ўзбекистондаги хусусий электр станциясини қуришга 1 млрд. АҚШ долларидан зиёд инвестиция киритишга тайёр (давлат кафолатларисиз). Бунда ишлаб чиқариладиган электр энергия мамлакатда давлат электр станциялари энергиясига нисбатан арзонроқ нархларда сотилади. Айни пайтда 25 йилга мўлжалланган битим шартларига кўра, хусусий электр станция электр блокларининг ҳар бир ўчирилиши учун жарима кўзда тутилган. Ҳозир фаолият юритаётган электр станцияларда бунинг иложи йўқ. Ушбу хусусий электр станция ҳозир қўлланилаётган энг ишончли ва самарали газ трубина технологияларга мисол бўла олади. Бу ДХШ бўйича режалаштирилган лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Электр энергияси тарифи ўсишига нима кўпроқ таъсир кўрсатади? Экологик соф генерация манбаларининг жорий қилиниши. Ушбу қаторда қуёш ва шамол, гидроээлектрстанциялари бор. Ҳар бир йўналиш натижага эришишда ўз усулидан фойдаланади.
Ўзбекистон ўз олдига 2030 йилгача умумий қуввати 5000 МВтга тенг фотоэлектрстанцияларида (қуёш) электр энергиясини ишлаб чиқаришни
10 млрд. кВт⋅соатгача етказиш мақсадини қўйган.
Бундай режаларни амалга ошириш учун ҳозирги пайтда Сурхандарё, Жиззах ва Самарқандда ҳар бири 200 МВт қувватга эга қуёш электр станцияларини қуриш бўйича учта тендер эълон қилинган.
Бунда Ўзбекистоннинг инвест-лойиҳаларида ДХШ асосида иштирок этиш тобора нуфузлироқ бўлиб бормоқда. Бу борада биринчи бор ўтказилган тендерда 23 та хорижий компания иштирок этган бўлса, навбатда эълон қилинган тендер, шу жумладан, энергетика бозоридаги йирик иштирокчилар ҳисобидан, инвесторлар сонининг 83 тага ошишига олиб келди.
Энергетика вазирлигида томнидан кейинги ўн йил ичида 3000 МВт қувватга эга шамол электр станцияларини ишга тушириш ва шамол электр энергиясини
9 миллиард кВт.соатга етказиш бўйича жуда катта режалар амалга оширилмоқда. Шундан 1000 МВт қисми бўйича сармоядор компаниялар билан битимлар тузилган. Бу босқичда ушбу лойиҳалар бўйича мос майдончаларни излаш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусий инвесторлар, ўз халқаро тажрибалари билан бирга, мамлакатимизга янги технологиялар, хусусий электр станциялари қурилишига ресурсларни тежовчи ёндашув, рақобатбардош тарифларни олиб келмоқда. Бу Ўзбекистон замонавий энергетика тармоғи ривожланишининг муҳим, аммо ягона бўлмаган йўналиши бўлиб, бундан кўзланган мақсад мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, энг аввало, халқимиз манфаатлари учун самарали, ижтимоий йўналтирилган сиёсатини таъминлашдан иборат.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати