САВОЛ: Электр энергетика каби муҳим соҳа учун кўп сонли мутахассисларни тайёрлаш ишлари қандай олиб борилмоқда?
ЖАВОБ: Маълумки, 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тасарруфига тўртта касб-ҳунар коллежи ўтказилди. Шу тарзда вазирлик келажакда техник ходимлар сифатида ишлайдиган профессионал кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бунда ҳар бир коллеж маълум корхонага бириктирилади ва талабалар унда ўқиш даврида амалиётни ўтайди. Масалан, Ширин энергетика касб-ҳунар коллежи «ACWA Power»га бириктирилган. Бу Саудия Арабистонидаги таниқли компания бўлиб, у Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, Энергетика вазирлиги томонидан «ACWA Power» билан қуввати 500-1000 МВт га тенг шамол электр станциясини қуриш бўйича битим имзоланган.
Шу тарзда, бўлажак энергетиклар ўз соҳаси бўйича дунёдаги энг илғор тажрибани ўзлаштириш имконига эга бўлади.
Бундан ташқари, Энергетика вазирлиги ўқитувчилар малакасини оширишга ҳам урғу бермоқда. Шу мақсадда дарс беришнинг замонавий усулларига ўргатишга қодир бўлган энг яхши хорижий мураббийларни жалб қилиш, мутахассисларни тайёрлаш даражасини сезиларли равишда оширишга кўмаклашадиган энг яхши услубиётларни жорий қилиш режалаштирилмоқда. Бу ишлар фақат 4 та коллежда эмас, балки умуман Энергетика вазирлиги тизимидаги ходимлар малакасини ошириш жараёнида ҳам амалга оширилади.
“Навоий иссиқлик электр станциялари” базасида қурилган, симулятор ва амал қилувчи объектлар макетлари билан жиҳозланган замонавий ўқув маркази ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Ўқув маркази JICA (Япония Халқаро ҳамкорлик маркази) кўмагида барпо этилди. Бундан ташқари, Японияга 14 нафар мутахассис жўнатилди. Улар таълим олиб, мураббий дипломини ҳимоя қилди. Бу эса уларга станция ходимларини ўқитиш ва олинган билим ва тажрибани бошқа ўқитувчиларга етказиш имконини беради.
Ўқитувчиларнинг таркибий даражасини оширишдан ташқари таълим муассасаларининг моддий базасига катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 4 та коллеж – Тахиатош энергетика касб-ҳунар коллежи, Ширин энергетика ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи, Нишон тумани саноат-энергетика коллежти ва Қибрай энергетика касб-ҳунар коллежида моддий фонд, шу жумладан, талабаларга яшаш ва ўқиш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ётоқхоналар тартибга солинади.
Бугун ҳам, келажакда ҳам Энергетика вазирлигида мамлакатнинг ёқилғи-энергетика комплекси учун мутахассислар тайёрлашга жиддий эътибор қаратилади.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати