Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида юзага келган ҳалокат юртдошларимизни янада жипслашишга, ўзаро меҳр-оқибат намуналарини кўрсатишга ундамоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан ҳам Сирдарё вилоятига «саховат карвон»лари юборилди.
“Ҳудудгаз Сирдарё” МЧЖ:
Ушбу сув тошқини етиб келиши хавфи бўлган ҳудудлардаги аҳолини эвакуация қилиш мақсадида “Ҳудудгаз Сирдарё” МЧЖнинг 45 та автотранспорт воситалари жалб қилинди, шундан; енгил автотранспортлар 6 та, исузи маҳсус автотранспортлар 23 та, маҳсус йўловчи ташувчи Газеллар-16 та.
Сув омборидан сув тошқини натижасида Сирдарё вилояти Сардоба тумани Пахтаобод шаҳарчасида жойлашган “Пахтаобод” ГРСнинг 1 май соат 8:30 ларда тўхтатилиши натижасида 3208 та табиий газ истеъмолчилари, шундан аҳоли 3117 та ва улгуржи 91 та истеъмолчилар табиий газ таъминоти тўхтатилди.
Шунингдек Сирдарё вилояти Оқолтин тумани У.Юсупов маҳаллласида жойлашган “Ғалаба” ГРСнинг 1 май соат 8:10 ларда тўхтатилиши натижасида 3849 та табиий газ истеъмолчилари, шундан аҳоли 3748 та улгуржи 101 та истеъмолчилар табиий газ таъминоти тўхтатилди. Суюлтирилган газга мослаштирилган 3128 та аҳоли истеъмолчиларига суюлтирилган газ таъминоти хам тўхтатилди.
Сув омборидан сув тошқини натижасида Мирзаобод туманидаги “Навбахор”, “Йўлдошобод”, “Нурафшон”, “Ҳақиқат”, “Баҳористон”, “Янгиовул” ва “Дўнгариқ” МФЙ ларидаги 5052 та аҳоли истеъмолчиларига суюлтирилган газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди.
Сув тошқини даврида бехатар ҳудудларга эвакуация қилинган аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида вилоят бўйича 223,7 тн суюлтирилган газ заҳираси мавжуд бўлиб, 1000 дона маиший газ баллонлари “Қўқон механика” заводида заҳира яратиш учун олиб келинмоқда.
“Ўзтрансгаз” АЖ:
“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти ҳам бундай пайтда савобли юмушни ўз бурчи деб билган ҳолда, хайрли тадбирга қўшилди.
Тошқин сабабли қийинчиликка дуч келган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида жамият томонидан инсонпарварлик ёрдами ортилган “Сирдарёга кўмак карвони” юборилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт воситалари, кўрпа-тўшак, бир неча бош қўй ва қурилиш материалларидан иборат юкларнинг ҳаммаси жамиятга қарашли “Урганчтрансгаз” Унитар корхонаси тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналари ва ёрдамчи хўжаликларида тайёрланган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ:
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси ташаббуси билан 3 май куни Сардоба туман аҳолисига 300 тоннага яқин турли маҳсулотлар 28та юк автомашинасига ортилган ҳолда етказиб берилди.
Сирдарёликларга кўмак сифатида жами 1,9 млрд сўмлик хайрия ёрдами ажратилган.
«Саховат карвони»дан кўплаб турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, шахсий гигиена воситалари ва бошқа буюмлар жой олган.
Беғараз ёрдамни шакллантиришда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ходимлари ҳам ҳиссасини ўз хоҳишлари билан пул маблағлари ва бошқа турли хилдаги бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари, китоблар ва кийим-кечаклар юбориб, ўз ҳиссасини қўшди.
Юборилган маҳсулотлар Гулистон шаҳрида ташкил этилган махсус штабда қабул қилиб олинди.
Бундан ташқари, «Сардоба» сув омборини тиклаш ишлари учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизим ташкилотлари томонидан 50 тонна дизель ёқилғиси ҳам етказиб берилди.
«Таъкидлаш керакки, бу – сардобаликларга кўрсатилаётган ёрдамнинг биринчи босқичи бўлиб, токи у ерда вазият ўз изига тушмас экан, жамоа аъзолари ва тизим корхоналари томонидан беғараз ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилади».
“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”:
Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида юзага келган ҳалокат юртдошларимизни янада жипслашиш, ўзаро меҳр-оқибат намуналарини кўрсатишга ундамоқда.
Ҳалокат оқибатларини бартараф этиш, талафот кўрган ҳудудда ҳаёт тарзини қайтариш ва шу билан бирга электр энергияси таъминотини тиклаш бўйича "Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖ томонидан ҳам махсус гуруҳ шакллантирилиб, жамият бош директори Ж. Риззаев бошчилигида Сирдарё вилоятига жўнаб кетди.
Юборилган 30 нафар мутахассис, бурғилаш трактори, юк кўтариш кран машинаси ҳамда "МАN" русумли юк машинаси ёрдамида махсус гуруҳ томонидан электр тармоқларини тиклаш, уларни ишчи ҳолатга келтириш бўйича ишлар олиб борилади.
Шу билан бирга “Наманган ҲЭТК” АЖ томонидан талафот кўрган ҳудудга 600 дона траверс ва темир-бетон таянчлар, электр таъминотини тиклаш учун ишлатиладиган асбоб-ускуна ҳамда керакли анжомлар олиб кетилди.
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”:
Қадимдан халқимиз бошига тушган синовли, заҳматли ва машаққатли кунларни ўзининг ақл-заковати, ишбилармонлиги, меҳр-оқибати, саховати, маънавий қадриятлари билан енгиб ўтган. Инсон бардоши, сабр-у қаноати синовли кунларда тобланади. Табиий офат туфайли сирдарёлик юртдошларимиз бошига тушган ташвиш бутун халқимизни янада жипслаштирмоқда.
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” Акциядорлик жамияти ҳам Сирдарёликларга кўмаклашишни мақсад қилишди. Жамиятининг 40 нафардан зиёдроқ ходимларидан таркиб топган гуруҳ 2 май куни табиий офат туфайли зарар етган ҳудудлардаги авария тиклаш ишларига кўмаклашиш мақсадида барча зарурий техник воситалари билан Сирдарёга жўнаб кетишди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудда юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш, тармоқдан узилиб қолган электр узатиш қурилмалари, ерости ва ҳаво тармоқларини қайта тиклаш ҳамда аҳоли хонадонларига электр энергиясини қайта етказиш ишларида иштирок этишади.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати