Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ва ундан кейинги тошқинлар натижасида юзага келган газ таъминотидаги узилишларни қайта тиклаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
“Сардоба” сув омборидаги сув тошқини натижасида Сардоба тумани “Қўрғонтепа”, “Дўстлик”, “Юртдош”, Оқолтин тумани “Шодлик”, “Саҳоват”, “Аҳиллик” ва Мирзаобод тумани “Навбаҳор”, “Чинобод”, ”Барлос” маҳалларидаги 66 км газ қувурлари, 47 дона газ тақсимлаш қурилмалари ҳамда 7 550 дона маиший газ баллонларига зарар етди. Бунинг натижасида жами бўлиб 12 060 та истеъмолчиларда, шундан табиий газдаги 6 865 та аҳоли хонадонлари ва 5 195 та суюлтирилган газ таъминотидаги хонадонларда газ таъминотида узилишлар бўлди.
“Ҳудудгаз Сирдарё” масъулияти чекланган жамияти ходимлари томонидан Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун 50 нафар соҳа мутахассислари, 45 та автотранспорт воситалари жалб қилинган. Шундан 6 та енгил автотранспорт, 23 та махсус “Исузи” ва 16 та махсус йўловчи ташувчи “Газель” автотранспорт воситалари жалб этилган.
Амалга оширилган ишлар натижасида, газ қувурларининг шикастланган ва 2 дона газ тақсимлаш қурилмалари техник соз ҳолатга келтирилди ва қайта тикланди. Натижада Сардоба тумани “Пахтаобод” шаҳарчасидаги 3 117 та, Оқолтин туманидаги 3 748 та аҳоли хонадонларида ва шу ҳудудлардаги мавжуд 192 та улгуржи истеъмолчиларда табиий газ таъминоти тўлиқ тикланди.
Шунингдек, тошқин сабабли бошқа ҳудудларга эвакуация қилинган аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш учун 223,7 тонна суюлтирилган газ ва 1 000 дона маиший газ баллонлар заҳираси яратилди.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати