Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ва ундан кейинги тошқинлар натижасида юзага келган газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишларни қайта тиклаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тошқин оқибатларини бартараф этиш мақсадида Фарғона, Андижон, Наманган ва Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва “Ҳудудгаз Сирдарё” масъулияти чекланган жамияти ходимлари томонидан 330 нафар соҳа мутахассислари, 76 та автотранспорт воситалари жалб қилинган.
Амалга оширилган ишлар натижасида газ қувурларининг шикастланган қисмлари ва 2 дона газ тақсимлаш қурилмалари техник соз ҳолатга келтирилди ва қайта тикланди. Натижада Сардоба тумани “Пахтаобод” шаҳарчасидаги 3 117 та, Оқолтин туманидаги 3 849 та аҳоли хонадонларида ва шу ҳудудлардаги мавжуд 192 та улгуржи истеъмолчиларда табиий газ таъминоти тўлиқ тикланди.
Қолаверса, тошқин сабабли бошқа ҳудудларга эвакуация қилинган аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш учун 223,7 тонна суюлтирилган газ ва 1 000 дона маиший газ баллонлар заҳираси яратилди.
Шунингдек, фавқулодда ҳолат юз берганидан сўнг вилоятнинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари электр тармоқлари инвентаризациядан ўтказилди. Бирламчи ҳисоб китобларга кўра, тўртта 35/10 кВли нимстанциялар (Сардоба туманидаги “Янги ҳаёт”, Мирзаобод туманидаги “Балиқчи” ва “Учтом”, Оқолтин туманидаги “Тоиров” нимстанциялари), 106 дона тарнсформатор пунктлари 492,7 км электр узатиш тармоқлари сув тошқини остида қолган.
Шикастланган электр ускуналарини соз ҳолга келтириш учун 2 дона қуввати 2500 кВА бўлган трансформатор олиб келинмоқда, 500 дона темир бетон таянчлари, 24 тонна АС русумли симлар, 73 км СИП маҳсулотлари, 12 км кабеллар, 54 дона трансформаторлар ва 5,5 тонна трансформатор мойи жамғарилди. Авария ҳолатларини бартараф этиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда рухсат этилган ҳудудларда амалга оширилмоқда.
Фарғона, Андижон, Наманган ва Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан зудлик билан қилинган саъй ҳаракатлар натижасида 10 200 дан ортиқ хонадон электр энергияси билан таъминланди.
Тошқин оқибатида юзага келган аварияларни бартараф этиш ишлари давом этоқда.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати