“Сардоба” сув омборидаги фавқулодда ҳолат натижасида юзага келган электр энергияси таъминоти билан боғлиқ авариявий ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбарияти бошчилигида ташкил этилган Штаб ва ишчи гуруҳлар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, бугунги кунга қадар 2 та подстанция, 92 та трансформатор пункти ва 271,6 км электр узатиш тармоқлари, 4 937 та электр устунларини таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиб, тўлиқ ишга туширилди. Ушбу ишларга 3,8 млрд.сўм соҳа маблағлари йўналтирилди.
Натижада, 7 987 та электр таъминоти узилган аҳоли хонадонларидан (сув етиб бормаган ҳудудлар аҳолисини хавфсизлик учун электр таъминотидан узиб қўйилганлар билан 12 000 дан ортиқ) 7 432 таси тўлиқ электр энергия билан таъминланди.
Сув тошқини натижасида талофат кўрган 12 та аҳоли пунктидан 10 таси тўлиқ барқарор электр энергияси билан таъминланди.
Шунингдек, тошқин натижасида талофат кўрган электр қурилмаларини таъмирлаш бўйича тармоқ жадвали ва чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Талофат оқибатларини 2020 йил 18 майга қадар бартараф этиш режалаштирилган.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати