Жорий йилнинг 28 май куни Тошкентда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган хайрия тадбири ўтказилди. Қайд этиш керакки, мамлакатимизда бу каби тадбирлар ҳар йили мунатазам равишда амалга ошириб келинади.
Афсуски, COVID-19 коронавирус пандемияси туфайли кўплаб оилаларда мақсадли қўллаб-қувватлаш ва васийликка эҳтиёж сезилди. Шу сабабдан «APLA» жамоат бирлашмаси ҳамда ERIELL Group компаниясининг молиявий кўмагида ана шундай оилалар учун маблағ тўпланди.
Мазкур маблағ 120 нафар оилада парвариш қилинаётган имконияти чекланган болаларнинг озиқ-овқат, дори-дармон, шахсий гигиена воситалари ва ўйинчоқлари учун сарфланди.
Маълумот учун «APLA» жамоат бирлашмаси фаолияти 2002 йилда Тошкентда йўлга қўйилган. Унинг асосий мақсади – имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган болаларга ёрдам қўлини чўзиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир.
Ҳозирда бирлашма қарамоғида 400 нафар ана шундай бола бор. Уларнинг ҳар бири нафақат тиббий ёрдамга, балки инсонларнинг меҳр-муҳаббатига, эътиборига ва қўллаб-қувватлашига муҳтожлик сезади.
Ҳар қандай, ҳатто энг кичик хайрли иш ҳам улкан кучга эга. Ҳаётининг оғир дамларида ўзгалардан ёрдам олган инсон буни умрбод унутмайди. Аммо яхшиликнинг энг қимматлиси унга ҳайриҳоҳ бўлганларнинг кўплигидадир.
Зеро, қанча кўп хайрли ишлар амалга оширилса, атрофдаги одамлар кайфиятига бу шунчалик таъсир кўрсатади ва улар ҳам сиз билан елкама-елка бу ишларни бажаришни истайдилар.
Ҳар бир бола бахтли бўлишга ҳақли ва бизнинг умумий вазифамиз бу учун зарур бўлган барча чораларни амалга оширишдир!
ERIELL Group матбуот хизмати