Электр энергиясисиз ҳаётимизнинг бир кунини ҳам тасаввур этиш мушкул. Уйимиз, ишхонамиз, шаҳримиз чароғонлиги, хизмат кўрсатиш шохобчаларидан тортиб, бутун дунёни ўз “тўри”га ўраб олган интернет тармоғига ҳам шу қувват жон киритади. Унга ишлаб чиқариш “мотори” ёки яшаш шароитимиз “юраги” деган таърифлар бежиз берилмаган. Саноат корхоналаридаги улкан агрегатлардан тортиб, тиббий ташхис қўйиш ускуналаригача усиз оддий темир-терсакка айланиб қолади...
Электр энергиясини ҳосил қиладиган муқобил манбалар сони кейинги пайтда ортиб боряпти: гидро, атом, қуёш, шамол, гибрид, биомасса... Лекин, мамлакатимизда соҳанинг энг “оғир юки” ни иссиқлик электр станциялари тортиб келади. Бугунги кунда унинг жами электр ишлаб чиқариш ҳажмидаги умумий ҳиссаси қарийб 85 фоизни ташкил қилади.
ТАРИХГА НАЗАР ВА БУГУНГИ ДАВР ТАЛАБЛАРИ
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, юртимизнинг қайси ҳудуди ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривож топиб, янги саноат қувватлари қад ростлай бошлаган бўлса, ўша жойда аввалига гидро, кейинчалик иссиқлик электр станциялари барпо этилганининг шоҳиди бўламиз. Масалан, пойтахтда ишга тушган тўқимачилик комбинати, унинг атрофидаги ҳудудни иссиқлик ва электр қуввати билан таъминлаш зарурати 1939 йилда Ўзбекистонда биринчи “Тошкент ИЭМ”нинг пайдо бўлишига асос бўлган. 60 - йилларга келиб, даставвал Ангренда, шундан кейин Фарғона, Сирдарё, Тахиатош, Тошкент вилояти, Навоий, Муборакда ва бошқа ҳудудларда ана шундай иншоотларнинг барпо этилишига эҳтиёж туғилган.
Айтиш жоиз, Ангрендаги ИЭС Австралиядаги турдош корхонани ҳисобга олмаганда, дунёда муқобили йўқ. Чунки, уни ишлатишда кўмир билан бир қаторда ҳавзанинг тубида тўпланадиган газни, яъни ерости газларини бир неча босқичда қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган ёндаш ёқилғи сифатида ҳозирга қадар ҳам фойдаланиб келинади.
Айни пайтга келиб, мамлакатимизда 8 иссиқлик электр станциялари (ИЭС), 3 иссиқлик электр марказлари (ИЭМ) фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан ИЭМ да иссиқлик энергеяси билан бир қаторда, электр энергияси ҳам ишлаб чиқарилади.
Вақтнинг шиддат билан ўтиши, янги тараққиёт технологияларининг кириб келиши ҳар бир соҳа олдига бутунлай янгича вазифаларни қўйиб келади. Йиллар давомида юрт чароғонлиги ва ривожи учун хизмат қилиб келаётган электр станциялари ҳам ҳолдан тойиши баробарида замонавий ишлаб чиқариш, экологик талабларга жавоб бермай қолди.
2017 йил таҳлилларига кўра ривожланган давлатларда 1 киловатт энергия ишлаб чиқариш учун 240-260 грамм ёқилғи ишлатилган бўлса, мамлакатимиздаги айрим станцияларда 2 баробар кўп ёқилғи сарфланган.
Бунинг устига электр энергияси асосан табиий газни ёқиш эвазига ҳосил қилинади. Газ ресурслари чекланган бугунги шароитда уни янада кўпроқ сарфлаш, тикланмайдиган табиий ресурсларнинг жуда катта миқдорини увол қилиш, яъни арзонга ёқиш дегани. Шунинг учун бугунги кунда тизим корхоналарида энерго самарадор, ёқилғини тежувчи ускуналарни ўрнатиш устувор вазифа этиб белгиланган.
Ҳар куни иссиқлик электр станцияларида 43-51 миллион куб табиий газ ва 1000 тонна атрофида мазут, 12 000 тонна кўмир ёқилмоқда (Рақамлар йил фаслларига қараб ўзгариб туради).
ТИЗИМДАГИ ТУБ БУРИЛИШЛАР
Президентимиз 2018 йилнинг 3 октябрь куни ўтказилган йиғилишда электр энергияси соҳасида вужудга келган аҳволни танқидий таҳлил этар экан, уни ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини белгилаб берди.
— Атом электр станциясининг ишга туширилиши ёқилғи сарфини қисқартириш бўйича революцион ечимлардан бири бўлади, бироқ бунинг учун ҳали 8-10 йил керак. Шунинг учун мавжуд муаммоларни тезроқ бартараф этиш ва тармоқни тубдан ривожлантириш, энг муҳими, қисқа даврда тизимда сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш керак, — деди давлатимиз раҳбари.
Орадан кўп ўтмай, тизимда туб бурилишлар даври бошланди. Президентимизнинг 2019 йил 1 февралдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилди. Ўша йилнинг 27 мартидаги давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ислоҳ қилиниб, унинг негизида “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ташкил топди. Улар вазирлик таркибида фаолият кўрсатиши баробарида ҳар бир жамият “ўз араваси”ни ўзи тортишига қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асосларга эга .
2019 йилда мамлакатимизда 56,4 млрд. .кВт.с . электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу миқдор 2015 йилга нисбатан 20 фоизга ошганига қарамай, иқтисодиёт тармоқларининг ривожи ва аҳоли эҳтиёжларининг ошиши туфайли 2030 йилга бориб электр энергияга талаб 2 бароварга ўсиши кутиляпти. Унинг муайян қисми қурилиши кўзда тутилаётган атом электр станцияси ва муқобил энергия манбалари ҳисобидан қопланса-да, қабул қилинган стратегик ҳужжатда ҳам асосий “юк” ИЭСлари зиммасига юкланган.
Бу — истиқбол режалари. Юқорида айтганимиздек, ҳозирги ҳаётимизнинг ҳар бир кунини электр энергиясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бинобарин, кейинги пайтда эҳтиёжни қондириш учун қўшни мамлакатлардан ҳам бу қувватни импорт қилишга тўғри келяпти.Алқисса, бугунги кунда бундан уч-тўрт йил олдинги соҳада юзага келган “танқислик”, “чеклов” кабикундалик ҳолатларга эса, ҳеч кимнинг қайтгиси келмайди, тарихга айланиб қолишини истайди. Яъни, аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжини тўла таъминлайдиган барқарор электр қувватлари бугунги кунда ҳам, эрта ва индин ҳам бирдай зарур.
ЯНГИ ВА ЯНГИЛАНАЁТГАН ҚУВВАТЛАР
Айрим раҳбарларнинг ишхонасида бўлсангиз, стол устида тахланиб ётгган даста-даста қоғозлар, харитаю схемалар юмушлар кўплигини ва ҳар бир дақиқанинг ғаниматлигини намоён этиб тургандай туюлади. “Иссиқлик электр станциялари” АЖ раиси ўринбосари Файзулла Шоисматовнинг мўъжаз иш кабинетида замонавий телекоммуникация жиҳозларидан бошқа эътиборни тортадиган нарсанинг ўзи йўқ. Боз устига Ф.Шоисматов айни куннинг энг долзарб вазифаси — инвестиция масалалари билан шуғулланади. Бугунги кунда АЖда татбиқ этилаётган йирик лойиҳалар сони бармоқ билан санарли бўлса-да, ҳар бирининг қиймати доллар ҳисобидаги беш–олти, умумийлаштирилганда етти хонали сонларда акс этади.
— 2020 йилда фаолият кўрсатаётганва янги қувватларни энг замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш ҳамда ишга тушириш акциядорлик жамиятимизнинг устувор вазифаси ҳисобланади, — дейди Файзулла Шоисматов.—Татбиқ этилаётган олтита йирик лойиҳага халқаро молиявий институтларнинг умумий қиймати 3 миллиард 232 миллион доллардан ортиқ бўлган маблағлари жалб этилиши кўзда тутилаётган бўлса, уларнинг 145,8 миллион доллари жорий йилда ўзлаштирилади. Мазкур лойиҳалар Президентимизнинг шу йил 9 январь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йиларда инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам ўз ифодасини топган.
Бу лойиҳаларнинг замирига эътибор қаратадиган бўлсак, улар бир-бирининг узвий давоми сифатида намоён бўлади.
2017 йил 4 декабрь санасини соҳа ходимлари яхши эслашади. Президентимиз Тошкент иссиқлик электр станциясига ташрифи чоғида 370 МВтли янги буғ-газ қурилмасининг рамзий старт тугмасини босган эди. Унинг фойдаланишга топширилиши билан қўшимча равишда йилига 2,6 миллиард киловатт соат электр, шунингдек, 110 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилди.
Яна бир муҳим жиҳати, хом ашё тежамкорлиги билан боғлиқ. Замонавий қурилма 1 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарф қиладиган шартли ёқилғининг миқдори 223 г/киловатт соатни ташкил қилса, амалдаги энергия блокларда бу кўрсаткич салкам икки баравар кўп. Бунинг натижасида йилига 350,9 миллион кубометр табиий газ тежалади.
Умумий қиймати 511,86 миллион доллар бўлган ушбу ноёб лойиҳа доирасида 291 миллион долларлик чет эл инвестиция маблағлари ўзлаштирилди.Уни амалга ошириш учун Бельгия, Италия, Россия каби давлатлардан замонавий ускуналар келтирилди ва АҚШнинг “Женерал электрик” компаниясининг буғ-газ турбина ва генераторлари ўрнатилди.
Орадан икки ой ўтиб мамлакатимизга амалий ташриф билан келган компания вице-президенти Роналд Жеймс Поллетт давлатимиз раҳбарининг қабулида бўлган чоғида юқори технологияли дастурларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирар экан, узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлаган эди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда энергетика инфратузилмаси объектларини модернизация қилиш, жумладан, Тахиатош иссиқлик электр станциясида замонавий буғ-газ қурилмаларини қуриш, Тошкент иссиқлик электр станцияси қувватларини кенгайтиришнинг иккинчи босқичини рўёбга чиқаришда бу компания фаол иштирок этмоқда.
Ҳамкорлик масофа танламайди. Навоий иссиқлик электр станциясида техник иқсодий асосига кўра умумий қиймати 1 милиард 331,1 миллион доллар бўлган “Навоий 2” ва “Навоий 3” йирик лойиҳалари доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICА-ДЖАЙКА)нинг983,4 миллион доллар инвестиция маблағлари жалб этилиши бунинг яна бир мисоли. Зеро, ҳудуддаги улкан санот корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолияти, аҳолини янада ишончли электр энергия билан таъминлаш айнан ушбу станцияда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига бевосита боғлиқ.
Маълумки, 2017 йилнинг 28 мартида давлатимиз раҳбари бу ерда ўрнатиладиган икинчи буғ газ қурилмаси пойдеворига таъмал тоши қўйган эди. Орадан икки йил ўтгач эса, унинг иш фаолияти билан яқиндан танишди. Техник иқтисодий асосига кўра, қиймати 547,25 миллион долларга тенг бўлган мазкур лойиҳа “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми ва Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси томонидан ана шундай қисқа фурсатда амалга оширилди.
—Унинг ишга туширилиши натижасида йилига 3 миллиард 454 миллион киловатт-соат электр энергия ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади, — дейди Файзулла Шоисматов. — Ҳисоб-китобларга кўра, 1 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғи сарфи камайиши ҳисобидан йилига ўртача 829 миллион куб метр табиий газ тежалади.
Анъанавий электр станцияларининг фойдали иш коэффицентини ошириш йўлларини излаш — бутун дунё технологлари эътиборида бўлган масала. Буғ-газ қурилмалари ушбу муаммонинг замонавий ечимидир. Иссиқлик электр станцияларининг фойдали иш коэффициенти одатда 40 фоизни ташкил этади. Навоий ИЭСнинг иккинчи буғ-газ қурилмасида бу кўрсаткич 57 фоизга етказилган. Умуман олганда, айни пайтда бу борада тадбиқ этилаётган барча лойиҳаларда ушбу жиҳатга энг устувор талаблардан бири сифатида қаралади.
Мамлакатимизда замонавий буғ-газ қурилмаларининг барпо этилиши ўз навбатида минг нафардан ортиқ юқори малакали мутахассис тайёрлаш заруратини келтириб чиқаради. Шу боис Навоий ИЭС базасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги молиявий кўмагида бундай ходимларни тайёрлайдиган ўқув маркази ташкил этилган. Ҳозиргача бу ерда 300 дан ортиқ мутахассис тайёргарликдан ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг Навоий вилоятига мазкур ташрифи давомида умумий қуввати 1300 МВт (ҳар бири 650 МВт) бўлган учинчи ва тўртинчи буғ-газ қурилмасини қуриш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу лойиҳаларни амалга оширишда тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳам назарда тутилган.
ПАНДЕМИЯ ВА ИНВЕСТИЦИЯВИЙ МАЖБУРИЯТЛАР
Тахиатош иссиқлик электр станцияси мамлакатимизнинг Қорақум ва Қизилқум кенгликлари ястаниб ётган шимоли-ғарбида жойлашган. Унда ҳозирги пайтда кунига 10 миллион кВт электр энергияси ҳосил қилинади. Бу олтмиш йил олдин ишга тушган дастлабки агрегатнинг бир йиллик иш ҳажмига тенг. Асосий манбаи табиий газ бўлган улкан корхонанинг йиллик қуввати 3,5 млрд. кВт/с. бўлиб, Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминлаб келади.
“Яшил” иқтисодиёт доирасида юз бераётган ривожланишнинг янги босқичи стратегик вазифаларни жорий этишда замонавий, самарадор ва тежамкор технологияларни фаол қўллашни кун тартибига қўймоқда. Улкан иншоотни барпо этишда бош пудратчи бўлган Кореянинг “Hunday” консорцуми жаҳоннинг 13 та турдош нуфузли компанияси иштирокида ҳудди шу талаблардан келиб чиққан ҳолда, қурилиш ишларини олиб боряпти. Унинг умумий қиймати оз эмас, кўп эмас 678, 2 миллион доллар туради.
Минтақа иқтисодиётида муҳим ўрин тутган миазкур иншоот технологиясининг ноёб жиҳатлари хусусида гап борганда, станциянинг бош муҳандиси Мухамедали Нуримбетов шундай кўрсаткичларни келтирди.
— Олиб борилаётган ишлар натижасида станция қуввати ортиб, ҳозиргига нисбатан йилига икки баравар кўп, яъни 6 миллиард кВт.с электр энергияси ишлаб чиқаради. Унинг бир кВтни ҳосил қилиш учун айни пайтда 430,3 г/кВт.с. ёқилғи сарфланаётган бўлса, янги қурилмада бу миқдор 266 г/кВт.с. ни ташкил этади ва бу ўз навбатида йилига 483,5 млн. куб.м. “зангори олов”ни тежаш имконини беради. Фойдали иш самарадорлиги ҳозиргига нисбатан қарийб 70 фоизга ортгани ҳолда, ҳавони ифлос қилувчи чиқиндилар йилига 741 тоннага, ис газининг миқдори айни пайтдаги 972 минг тоннадан 216 тоннага камаяди.
Қайд этиш жоизки, бутун дунёни коронавирус пандемияси исканжасига олган, миллионлаб корхоналар инқирозга юз тутган, йўллар ва чегаралар бекилган, умуман олганда ҳеч бир кўзда тутилмаган мураккабликлар рўй бераётганига қарамай, Тахиатош иссиқлик электр станциясидаги инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажариб келдиняпти. Бу Барча янги энергоблоклар ўз муддатида фойдаланишга топширилади.
Худди шундай фикрларни, тежамкорлик ва самарадорликка доир мисолларни “Тўрақўрғон”, “Толлимаржон” ИЭСлари, Фарғона электр иссиқлик марказида олиб борилаётган лойиҳалар ҳақида ҳам келтириш мумкин.
“Сирдарё” ИЭС тизимнинг “отахон”ларидан бири. Бу ерда Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрда имзоланган “Сирдарё иссиқлик электр станциясида энергоблокларни босқичма-босқич модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ, Россиянинг “Силовые машины” ОАЖ компанияси томонидан бешинчи ва олтинчи энергоблокларида модернизация ишлари олиб бориляпти. Лойиҳада кўзда тутилган ишлар бажарилиши натижасида ҳар бирининг қуввати 325 МВт га етказилади, 1 кВт/с учун шартли ёқилғи сарфи 40 граммга камаяди, натижада уч босқичли модернизация ишлари якунида йилига 270 миллион кубометр табиий газ тежашга эришилади.
— 2019 йилда учинчи ва тўртинчи энергоблокларида модернизация ишларини муваффақиятли якунладик, — дейди “Силовые машины” ОАЖнинг генераторларни модернизация қилиш бўйича ишчи гуруҳи раҳбари Алексей Терентьев. — Бунинг натижасида энергоблокларнинг ўрнатилган қуввати 650 МВтга етказилди. Айни пайтда карантин чораларига қатъий амал қилган ҳолда, навбатдаги лойиҳа доирасидаги ишларни режа асосида давом эттиряпмиз. Март ойида бошланган бу ишлар ноябрь ойида тўлиқ якунланади.
2020 йилда электр энергияси истеъмоли ўтган йилга нисбатан ўртача 9 фоизга ошиши ҳисобга олинган ҳолда, инвестиция лойиҳалари уюшқоқлик билан ҳаётга татбиқ этиляпти. Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бу йўналишдаги “йўл харитаси” ижросини сўзсиз таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шу жиҳатдан олганда, пандемия туфайли юзага келган жаҳон иқтисодий инқирози шароитида жорий йилда иссиқлик электр станцияларида 1177 мегаватт қувватларни ишга тушириш ишлари жадал давом этаётгани, тизимда хорижий инвестициялар ҳисобига 3500 мегаватли буғ-газ қурилмалари бўйича режалар шакллантирилгани энергетикамиз ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлаши ҳамда ривожланишига мустаҳкам замин яратаётганлигидан шоҳидлик беради.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
“Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири